Чорак финал учун жанг. Ҳақиқий интрига сақланиб қолган учрашув ҳақида
Tribuna.Uz 1/8 финал доирасидаги жавоб учрашувлари анонсини тақдим этишда давом этади. Навбат ҳозирча ҳеч нарса аниқ бўлмай турган қарама-қаршиликка.
БОРУССИЯ Д – БЕНФИКА (9 мартга ўтар кечаси, 00:45, Матч! Футбол 1)
«Боруссия» ва «Бенфика» ўртасидаги учрашув бошида кўп эътибор талаб қилмаётганди. «ПСЖ» ва «Барселона» учрашувида кўп масалага ойдинлик киритилгач, бу учрашувга бўлган қизиқиш ортди. Ҳозирча чорак финал учун ҳақиқий кураш айнан шу учрашувда бўлиб ўтиши кутилмоқда. «Бенфика» ўтган йили ҳам ўз уйида гол ўтказмагани эвазига чорак финал йўлланмасини қўлга киритганди. Бу сафар ҳам португалияликлар жамоасида кичик бўлсада, шу устунлик сақланиб қолмоқда.
Ўйиндан олдин
Боруссия Дортмунд
«Боруссия» «Бенфика»га қарши дастлабки учрашувдан кейин анча ўзгарди. Бу айниқса жамоанинг натижалари ва киритаётган голларида кўзга ташланмоқда. Германия чемпионатининг 2 турида жамоа «Вольфсбург», «Фрайбург» дарвозасига голларни ёғдирган бўлса, бир неча кун олдин бўлиб ўтган «Байер»га қарши учрашувда Тухель шогирдлари олтита гол киритишга муваффақ бўлди.
Бенфика
«Бенфика» ҳам яхши спорт формасига кириб олган. «Боруссия» устидан қозонилган ғалабадан кейин жамоа Португалия чемпионати ва кубок учрашувларида фақатгина ғалаба қозонди. Чемпионатда жамоа «Брага», «Шавиш» ва «Фейренсе»дан устун келган бўлса, кубок учрашувида жамоа «Эшторил»ни таслим этди. Февралдан бошлаб «Бенфика» етти учрашувда кетма-кет ғалаба қозонди ва фақат икки учрашувда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.
Йўқотишлар
Дортмундликлар жамоаси таркибида Марко Ройс ва Марио Гётценинг майдонга туша олмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Шунингдек, Ларс Бендер ҳам учрашувни ўтказиб юборади. Рафаэль Геррейронинг кичик жароҳати ўйинга тушишини сўроқ остида қолдирган бўлишига қарамай, УЕФА расмий сайти уни асосий таркибда тушишига ишонмоқда.
Меҳмонлар таркибида эса Фейса ва Филипе Аугусто жароҳат олган ва бу учрашувда «Бенфика»га ёрдам бера олишмайди. Асосий таркибда Самарис майдонга тушиши кутилмоқда.
Тахминий таркиблар:
Боруссия Д: 38. Бюрки, 5. Бартра, 25. Папастатопулос, 26. Пишчек, 29. Шмельцер, 33. Вайгль, 37. Дурм, 13. Геррейро, 7. Дембеле, 21. Шюррле, 17. Обамеянг.
Бенфика: 1. Эдерсон Мораеш, 4. Луизао, 14. Линделёф, 34. Альмейда, 19. Элизеу, 7. Самарис, 21. Пицци, 18. Сальвио, 17. Живкович, 11. Митрўғлу, 10. Жонас.
Ўйиндан олдинги фикрлар
Томас Тухель («Боруссия» бош мураббийи)
«Агар мен «Челси», «Ювентус» ёки «Атлетико» мураббийи бўлганимда бошқачароқ гапирган бўлардим. Аммо эртага лиқ тўла стадион бизни қўллаб-қувватлаб турганда биз фақат ва фақат ҳужум қиламиз. Биз биринчи ўйинда гол киритишимиз шарт эди. Энди бу ишни уйда амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ўзимизни кейинги босқичга чиқиш учун тайёр ҳис қилмоқдамиз. Бунинг вақти келди. Жамоада ғалаба руҳи юқори. Футболчилар жуда кўп голлар киритишга қодир эканини яхши билишади».
Руи Витория («Бенфика» бош мураббийи)
«Ҳозир жамоамиз бир-бирини олдингига нисбатан яхшироқ тушуниб ўйнамоқда. Бу ўйин тактикасига ҳам таъсир ўтказмоқда ва шунинг учун ҳам биринчи учрашувда керакли ғалабани қўлга киритдик. Аммо биринчи учрашувда янада яхшироқ тўп суришимиз мумкин эди. «Боруссия» – оддий рақиб эмас. Бизда жуда кўп вазиятлар яратиб фойдалана олмаган учрашувларимиз ҳам бўлган. Бунақаси бўлиб туради. Ютишни ҳар доим истайсан, лекин ҳаммаси айтганингдек бўлиб чиқмайди. Олдимизда ҳимояда амалга оширишимиз керак бўлган жуда муҳим вазифалар турибди. Буни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Бу ерда атмосфера жуда ажойиб. Нимаси биландир бизнинг стадионга ўхшаб кетади. Бу эса биз учун ёқимли».
Мавзуга оид
19:55 / 07.06.2023
«Боруссия» Жуд Беллингем «Реал»га трансфер қилинганини эълон қилди
13:00 / 20.04.2023
«Сити»га ҳатто «Бавария» рақобат қилолмаяпти. Пеп энди ЕЧЛни оладими?
14:49 / 12.04.2023
«Интер» деярли яримфиналда. Мариунинг хатоси қимматга тушди
12:40 / 12.04.2023