Жамият | 20:58 / 08.03.2017
17697
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда муз остига тушиб кетган бола 3 кундан бери қидирилмоқда

Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Семей шаҳрида 3 кундан бери муз остига тушиб кетган 10 ёшли бола қидирилмоқда, деб маълум қилди nur.kz.

Фожиа Семипалатинск ирмоғида 5 март куни юз берган. Икки бола муз устида ўйнаётганда, бир бола ўйинга берилиб кетиб, юпқа муз қатламини босиб олган. Муз ёрилиб, бола сувга тушиб кетган. Иккинчи бола эса катталарни ёрдамга чақиришга югуриб кетган. Бироқ катталар етиб келгунча бола чўкиб кетган. 

Таъкидланишича, ирмоқнинг оқим тезлиги сониясига 2 метрдан кўпроқни ташкил қиладиган баъзи жойларида ғаввосларнинг сувга тушишининг имкони йўқ. Шу сабабли мутахассислар сув ости видеокамерасидан фойдаланишмоқда. Бу камеранинг минимал кўриш радиуси 3 метрни ташкил қилади. 

Оқим мавжуд бўлмаган жойларда ғаввослар сувга шўнғиб, ҳудудни текширишмоқда. Айни вақтда қутқарувчилар оқим бўйича 2 километр пастга кетишган. Вазият бола қишки кийимда бўлгани билан мураккаблашган, чунки кучли оқим вақтида бола номаълум масофага олиб кетилган бўлиши мумкин.

Болани қидириш операциясига 8 мутахассис жалб қилинган. Уларга яна 9 нафар кўнгилли ёрдам кўрсатмоқда. Қутқарувчилар кўнгиллиларнинг хавфсизлигидан ҳам хавотирдалар ва уларга хавфсизлик қоидаларига амал қилишни тавсия қилишмоқда. 

Мавзуга оид