Бугунги кунда илмий ва оммабоп адабиётлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида экотуризмнинг ўрни ва аҳамиятини очиб беришга қаратилган кўплаб қарашлар олға сурилмоқда. Шу ўринда, “Ўзбекистон Республикасида экотуризмни ривожлантиришнинг аҳамияти нималардан иборат?” деган савол туғилади. Бунинг бир неча асослари бор: 

Биринчидан, халқаро мақомдаги ташкилот ва муассасаларнинг маълумотига кўра, кўпгина туризм турлари йилига ўртача 5 фоизга ортиб бораётган бўлса, экотуризм йилига ўртача 20-30 фоизга кўпайиб бормоқда. Кўпгина мутахассис ва тадқиқотчиларнинг илмий тажриба ва хулосалари шуни кўрсатмоқдаки, экотуризм туризмнинг янги ва ёш йўналиши бўлишига қарамасдан, оммалашуви бошқа туристик йўналишларга нисбатан 2-3 баробар жадал кечмоқда;

Иккинчидан, Ўзбекистонда туризмнинг тарихий туризм, диний туризм, маданий туризм каби турлари бўйича муайян ютуқ ва тажрибалар базаси шаклланди;

Учинчидан, айни пайтда Ўзбекистонда 800га яқин туризм фаолиятини кўрсатувчи туроператорлик фирмалари, 600га яқин меҳмонхоналар, 30дан ортиқ муҳофазага олинган ҳудуд (қўриқхона, миллий боғ, нодир табиат ёдгорликлари ва ҳ.к.)лар, 60 та ўрмон хўжаликлари, фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда 400 дан ортиқ табиатнинг ноёб ёдгорликлари мавжуд.

Экотуризмни ривожлантиришдан кўзланган мақсад қуйидагилардан иборат: 

  • жаҳон туристик хизмат бозорида Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳияти, табиий потенциали ва ресурсларини намойиш қилиш; 
  • ҳудудларнинг, айниқса табиатнинг, геотизимларнинг экотуристик ресурслари ва имкониятларинидан янада самарали фойдаланишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб боришни рағбатлантириш;
  • туризмни ривожлантиришда экотуризмнинг аҳамияти ва улушини ошириш; 
  • Ўзбекистонда жорий этилган туристик фаолиятда экотуристик хизматлар сифатини тубдан такомиллаштириш ва экотуристик хизматлар ҳажмини жадал ошириш; 
  • истиқболда экотуризмни ривожлантиришга қаратилган илмий, инновацион ва методик ишланмаларни яратиш; 

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ижобий қиёфасини шакллантиришда экотуризм ролини ошириш ва ҳ.к.

Ўзбекистон экотуристик ресурс ва имкониятларга жуда бой. Туроператорлик фирмалари томонидан “Тошкент-Чорвоқ-Тошкент”, “Тошкент-Билдирсой-Чимён-Тошкент”, “Тошкент-Зомин-Тошкент”, “Тошкент-Айдаркўл-Тошкент” каби маршрутларда ўтказилган экотурлар, чўл ҳудудлардаги туядаги сайр, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё туристларининг катта эътибор ва эътирофларига сазовор бўлмоқда.