Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида қандай ўзгаришлар юз бермоқда?
“Олмалиқ КМК” АЖ Саноат темир йўл транспорти бошқармасининг “Темирйўлчилар” маданият марказида ўтказилган семинар “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова ўз маърузасида меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишида Республика, тармоқ ва ҳудуд даражасидаги давлат органларининг вазифалари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришга иш берувчи билан бирга ходимнинг ҳам масъулияти оширилиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини олдини олиш ҳамда камайтирилиши ташкилотнинг иқтисодий ҳолатини ўсишига сабаб бўлиши, иш берувчиларнинг меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш мақсадида ташкилотлар томонидан ихтиёрий равишда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини аудит қилиш механизми жорий этилиши масалаларига тўхталди.
Қонунда жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омили, иш ўрни, ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касаллиги, меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнатда майиб бўлиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, хавфли ишлаб чиқариш омили, шахсий ҳимоя воситалари каби тушунчаларга атрофлича таъриф берилди.
Меҳнат муҳофазасига доир янги бош ҳужжатда меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, меҳнат шароитлари давлат экспертизаси талаблари ҳам киритилган бўлиб, бу меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациясини ўтказиш орқали ходимларга зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун кафолатлар ҳамда компенсациялар берилишининг тўғрилигини, ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш мақсадида амалга оширилиши белгиланиб қўйилган.
Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, унинг субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. 2016 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг маъқуллангани муҳим аҳамиятга эгадир.
Қонунга ўзгартишлар киритилиши касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ҳимоя функцияларини ҳам кучайтирди. Хусусан, меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган ва самарали воситаси сифатида судга даъво аризасидан ташқари суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилди.
Иш берувчилар томонидан касаба уюшмаларининг меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида киритган тақдимномасини кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди. Шу билан биргаликда касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳимоя функциялари ҳам кучайтирилиб, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган механизмлар мустаҳкамланди. Таъкидлаш зарурки, Қонунга киритилган ўзгартишлар ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлайди. Фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида семинар қатнашчилари томонидан берилган бир қатор саволларга мутахассислар ўз жавобларини беришди.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024