Фан-техника | 12:55 / 15.03.2017
39921
5 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги трамвайлар: жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарган лойиҳа

Самарқанд шаҳрида кейинги ҳафтада трамвай ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳа муаллифлари ва ташаббускорлари ғоясига кўра, бу шаҳарга қўшимча сайёҳлар оқимини жалб этиш, экологик ҳолатни электрдан фойдаланиш ҳисобига яхшилаш, шаҳар бўйлаб ҳаракатланишни қулайроқ қилади, деб хабар бермоқда Sputnik.

Бироқ буларнинг бари ҳозирча сўзлар, аслида эса шаҳар навбатдаги ўта мураккаб лойиҳага дуч келди. Sputnik мухбирлари самарқандликларнинг бу ўзгаришлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Бугун Самарқанднинг кўплаб фуқаролари юзида бироз тушунмовчиликка дуч келиш мумкин – нима учун уларга бу трамвайлар керак? Бу ерда яққол фойдалар у қадар кўп эмас. Биринчидан, трамвайлар шаҳар бўйлаб ҳаракатланувчи Isuzu кичик автобусларидан фарқли равишда ўз йўналишида чекланган, шунингдек тезликни ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз – у автобус транспортидан бир неча маротаба камроқ.

Яна бир бош оғриғи – трамвайлар билан бирга пайдо бўлган тирбандликлар. Рўдакий кўчаси трамвай ишга туширилишидан аввал ҳам йўл трафикидан жабр кўрган, энди эса унинг катта қисми трамвайлар учун берилди ҳамда автолар сони жуда кўпайиб кетгани янада яққол кўринди. Шу билан бирга, Самарқанд йўлларидаги машиналар сони ҳар йили ортиб бормоқда. Бир неча йилдан сўнг нима бўлади? Афтидан, шаҳар маъмуриятига бу масала унчалик қизиқ эмас. Вазият Эски шаҳар, Сиёб бозори ёнида янада мураккаблашади. Бу ердаги тор кўчалар жадал ҳаракатга мослашмаган, трамвай пайдо бўлганидан сўнг эса автотранспорт учун атиги бир неча полоса қолади, холос. Шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, маъмурият йўлни бир неча жойда кенгайтириш учун уй-жойлар бузилиши ҳақида огоҳлантира бошлаган, бироқ бу вазиятни қанчалик ўзгартириши мумкинлиги номаълум.

Такси ҳайдовчиларидан бири бу вазият юзасидан ўз фикрларини билдирди. 

«Тошкентда трамвайлар юрди, кейин керак бўлмай қолди. Уларни арзон нархда сотишни исташмади ҳамда Самарқандга юборишди. Қизиқ, пойтахтда тирбандликлар туфайли уларни олиб ташлашди, Самарқандда эса бу муаммо янада мураккаблаштирилди. 5-10 йилдан кейин трамвайларни Бухоро, Хивага бериб юборамиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Баъзи бир кишиларнинг ҳазил қилишича, электр таъминотидаги доимий узилишлар туфайли трамвай кунига 4 соат юради.

«Яширишни нима кераги бор, шаҳарда аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш бўйича муаммо бор. Трамвайлар йўлга қўйилганидан сўнг нима бўлади – тушунарсиз. Ёки қурувчилар инфратузилмани модернизация қилишади ҳамда барча уйларда “ёруғ” бўлади, аммо бу ишониш қийин бўлган нарса. Афтидан, аҳолига бу ҳаракат туфайли электр узатиш ҳажми янада камаяди», - дейди Фарида исмли аёл.

«Бу трамвайни қуришга нима учун катта пулларни сарфлаш керак? Кўпроқ автобуслар харид қилиш керак – ҳам арзон, ҳам самарали. Йўлларни бузиш, трамвай линияларини қуриш керак бўлмасди. Бу хўжаликка хизмат кўрсатиш учун қанча пуллар керак бўлади? Бу транспорт ўзини-ўзи қоплай олмаслиги аниқ-ку», - дея таъкидлайди Сарвар исмли фуқаролардан бири. 

Ҳозир шаҳарда иш қизғин. Қурувчилар қурилишни Наврўз байрамига қадар битириш ҳаракатида, миш-мишларга кўра, шаҳарга кўплаб олий даражали меҳмонлар келиши мумкин. Қурилиш атрофидаги йўллар эса бузилган, машиналар чуқурлар ўртасида ҳаракатланмоқда, ҳамма ерда чанг ва лой. Албатта, байрамга қадар бу ер тозаланади, бироқ “ғубор” қолади – нима учун яна бир бора эски хатоларни такрорлаб, ғалати лойиҳаларга пул сарфлаш керак.

Маъмуриятнинг режасида – умумий узунлиги 34,8 километр бўлган тўртта трамвай тармоғини қуриш бор. Бироқ режалаштирилган тўртта тармоқдан биринчиси ишга туширилганидан сўнг ва у тахминан ярим йил ишлатилганидан сўнг режалар ўзгариши мумкин. Сабаби охир-оқибат реал вазият ҳаммасини кўрсатиб беради. 

Мавзуга оид