Фазлиддин Ғоибназаров расман профессионал боксга ўтди
Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги фаолиятини бошлайди. «Оламспорт» маълумотига кўра, у афсонавий промоутер Боб Арумга тегишли машҳур Top Rank промоутерлик компанияси билан расман шартнома имзолаган.
Боб Арум кўплаб жаҳон чемпионлари қаторида филиппинлик машҳур Мэнни Пакьяога ҳам ҳомийлик қилган промоутер ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, Оскар Де Ла Хойя ҳам Фазлиддин Ғоибназаровга ҳамкорликда ишлаш таклифини берганди.
Ғоибназаров шу кунларда мураббийи Аброр Турсунпўлатов билан бирга АҚШда бўлиб турибди ва машғулотлар ўтказмоқда.
Рио—2016 Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси учун тўртинчи олтин медални тақдим этган Фазлиддин Ғоибназаров мамлакат бокс термасини олимпия ўйинлари якунига кўра умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлишини таъминлаганди. Бу эса боксчининг «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланишига сабаб бўлганди.