Жамият | 08:18 / 18.03.2017
17315
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда балиқ овлаган браконьерлар 42 млн сўмлик зарар етказишда айбланмоқда

10 март кунидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги балиқчилик қоидаларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси буйруғи асосида Амударё ва Сирдарё дарёларида балиқларни тутишга вақтинчалик тақиқлов кучга кирди. Бу тақиқлов 1 июнгача давом этади. 

Бироқ афсус билан қайд этиш жоизки, тақиқловга қарамасдан баъзи фуқаролар онгли равишда қоидабузарликка бориб, балиқ овлашни давом эттириб, шу билан балиқнинг барқарор кўпайишига катта зарар етказмоқдалар.

Киритилган тақиқлов биринчи навбатда балиқ кўпайишга тайёрланаётган увулдириқ сочиш даврида балиқларни асрашга қаратилган.

14 март куни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат биологик назорати инспекцияси ва "Балиқчи" АЖ хавфсизлик хизмати ходимларининг биргаликдаги рейди давомида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ҳудудида Сирдарёда балиқ овланиши ҳолати аниқланди.

Браконьерлар балиқ овлашнинг энг зарарли ва хавфли усулларидан бири бўлган электр қармоқ усулидан фойдаланишган, уни қўллаш Ўзбекистоннинг табиатни асраш қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган.   

Браконьерлар шу қонунбузарликлари билан давлатга 42 млн сўмлик зарар етказишган. Улардан оқ амур, зоғорабалиқ (сазан), товонбалиқ (карась), дўнгпешана (толстолобик)  каби балиқ турларидан иборат 90 кг балиқ мусодара қилинган.

Бу кимсаларни жавобгарликка тортиш ва улар томондан етказилган зарарни ундириш бўйича уларга нисбатан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томондан прокуратурага топшириш учун материаллар тайёрланмоқда. 

Мутасадди идоралар қарорига кўра, барча мусодара қилинган балиқ маҳсулоти 15 март куни Тошкентдаги Хлебушкина номидаги 22-сонли болалар уйига топширилган.

Мавзуга оид