Ўзбекистон | 18:31 / 23.09.2024
4201
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарёда 10 та гидропост ташкил қилади

Уларда замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган.

Фото: economist.kg

Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан учрашди. Томонлар икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги хабар берди.

Вазирлар ўлчаш станцияларини автоматлаштириш ва Сирдарёдаги сув ҳисобини рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Қозоғистон ва Ўзбекистон 10 та пункт (гидропост) бўйича келишиб олди, уларда замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган. Нуржон Нуржигитов мазкур лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан халқаро молия ташкилотлари ва компаниялари билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Норин-Сирдарё каскади сув омборларининг келаси йилги суғоришдан олдинги мавсуми учун ишлаш режимларини ҳам муҳокама қилди.

Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишида сув омборларини ишга тушириш бўйича прогноз жадвали тузилади ва сув таъминоти ҳажмлари тасдиқланади.

Бундан ташқари, томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Минтақавий стратегияни ишлаб чиқишни муҳокама қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид