Жамият | 19:57 / 23.03.2017
75247
17 дақиқада ўқилади

Блогерлар овози. Югурдакка айланган ўқитувчи

Кейинги кунларда интернетнинг ўзбек контентида ўқитувчилар билан боғлиқ ҳолатлар кенг муҳокама қилинди. Ўзбек блогерлари шу мавзуда блогпостлар ёзишди. Хусусан, Санжар Саид ўқитувчиларни ўз ҳолига қўйишга чақирди, Алп Арслон тахаллусли блогер ўқитувчилар миллатга энг керакли одамлар эканини эслатди, Диёр Имомўжаев эса ҳамширалар ва ўқитувчилар бугунги кунда қандай даражага туширилганини баён этди.

Санжар Саид. Ўқитувчини ўз ҳолига қўямизми?!

Дарвоза тақиллаб қолди. Чиқсам икки киши велосипедини деворга суяб, чиқишимни кутаётган экан. Бири мактаб директори, иккинчиси ўқитувчи. Президент виртуал қабулхонасига мурожаатим бўйича келишибди. Туман марказидан марказий шифохонага бориш йўлида оқова сув чиқиб кетиши учун чуқур қилиб қазилган ариқ бўйича шикоят ёзгандим. Амал-тақал қилиб қувур кўмиб тўғирлашган бўлиб, орқасидан шикоятим бўйича эътироз йўқми, бўлса ариза, бўлмаса далолатнома ёзиб келинглар, деб ўқитувчиларни жўнатишибди.

“Эрталаб виртуал қабулхонага шикоят тушган, тез етиб келинг, дейишса боргунча бўларим бўлди, — дейди директор. – Шаҳардаги ҳамма мактабни директорини чақиртиришибди, туман бўйича шикоятларни ўрганиш учун бўлиб беришди, ҳалиям бизга учтаси тушди, машинаси борларга 18талаб шикоят ажратилди…”

Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Бечора ўқитувчиларни овора қилганимдан виждоним қийналаяпти. Бошқа шикоят ёзмайман, деб қатъий онт ичдиму аммо педагоглар ҳолидан ачиниш ҳиссидан халос бўлолмаяпман.

Қизиқ, улар болаларга дарс ўтишга ҳам вақт ажрата олаяптими? Ўқувчиларнинг ўзлаштириши нима учун тушиб кетган, деб савол бериб, педагоглар номига ҳар турли маломатларни айтаётганимизда уларнинг ваколатига кирмайдиган ишларга ўралашиб қолганини ҳисобга олаяпмизми? Менимча йўқ! Фақат айблаяпмиз, ҳақорат қилишгача бораяпмиз. Шу ишимиз инсофданми?! Қаёққа қараб кетаяпмиз?! Ўзбекистонда ўқитувчи қилмаган иш, бош суқмаган соҳа қолдимикан? Текин мардикор, мўмин-қобил ўқитувчини эшак қилиб миниб, ишга бориб-келиш қолди шекилли!

 

Алп Арслон. Ўқитувчилар, миллатга энг керакли одамлар

Мен ақлимни таниганимдан кейин озгина бўлса-да Собиқ Иттифоқ даврини ҳам кўриб қолган инсонлардан бириман. Ким ўша даврни мақтаса мақтайверсин, аммо мен учун ўша тузум ҳам, ўша давлат ҳам манфур бир тузум, манфур бир давлат бўлиб қолаверади. Худо тақдир қилса ўша тузумнинг, ўша давлатнинг жирканч сиёсатини ҳали набираларимга эртакдай қилиб ҳикоя қилиб беришим бор.

Эсимда, энди мустақил бўлганимизда катта минбарларда давлатимиз раҳбарлари хам, ОАВ ҳам тинмай ўша манфур тузумни ёмонладилар. Қўшилиб мен ҳам ёмонладим. Ўшанда биз ҳақ эдик. Тузум анчайин жирканч бўлган. 

Айниқса бизга миллий озчилик миллатларини ўзини, ўзлигини англашларига қаттиқ қаршилик кўрсатган. Ва шу йўлда маориф соҳасини доим ўлда-жўлда ушлаган. Яъни, режа бўйича аҳолини саводхонлиги 100 фоизга етказилган, аммо майда миллатларнинг илм билан қаттиқроқ шуғулланишлари учун шароит яратиб берилмаган. 

Ҳозир бу гапларимни ўқиб қайсидир бир «ақлли»нинг калласига «ўшанда бизда илм учун ҳамма шароитлар бўлган» деган фикр ҳам келаётгандир. Тўғри, балки шундай бўлгандир, аммо мен бу ерда асосан мактаб таълимини, мактаблардаги шароитларни назарда тутиб ёзаяпман. 

Энди аниқроқ гапларга ўтсам. СССР ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб то тарқалиб йўқлик қаърига йўқ бўлиб кетгунча «АҚШни қувиб ўтамиз» деган ахмоқона шиорни дастак қилиб ушлаб олиб, шу йўлда космосни ўзлаштириш баҳонасида ҳисобсиз маблағни беҳудага сарфлаб юбораверган. Аммо, бошқа миллий республикаларни билмадим-у бизнинг Ўзбекистонимизда айнан мактаб таълимини ривожлантириш, мактабдаги шароитларни яхшилаш учун ҳеч иш қилмаган. 

Энди, ҳозирги кунда битта ракетани учириш учун миллиард доллар атрофидаги маблағ сарфланаётганини очиқ ёзишаяпти. Баъзилар мақтаётган ўша манфур тузум эса бир йил 365 кун бўлса ҳар йили 365та ракетани турли мақсадлар учун коинотга учираверган. Аммо ёш авлод учун, болалар учун замонавий мактабларни қуриб бермаган. 

Исботи - туманимиздаги мен билган ва кўрган мактабларимнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-80 йилларида ҳашар йўли билан пахсадан тикланган мактаблар эди. Туманимизда икки қаватли қилиб, замонавий лойиҳа асосида қурилган мактаблар ҳам бор эди. Аммо улар бармоқ билан санарли эди. Нафақат туманимизда, балки бутун республикамиздаги аксарият мактаблар шу йўл билан тикланган эди. Ҳа, кунора миллардлаб рублни сарфлаб «Америкадан ўтамиз» деб космосга ракета учира оладиган давлат болаларга замонавий мактабларни қуриб беришда негадир «маблағ топа олмас» эди. 

Ана ўша пахсадан ҳашар йўли билан тикланган мактаблар мустақиллигимиздан кейин 2005-2009 йилларда батамом бузиб ташланиб замонавий қилиб пишиқ ғиштдан тикланди. 

Хўш, Совет Иттифоқи деб номланган ва баъзилар ҳанузгача «зўр даврлар эди» деб оғзидан бол томиб мақтайдиган давлатда замонавий қилиб мактаб қуриш учун пул йўқ эдими ёки пишиқ ғишт топилмас эдими? Ҳаммаси бор эди. Шунчаки Кремлда ўтирган жаноблар ўзбекнинг ёки тожикнинг ёки қирғизнинг боласига ундай замонавий мактабларни раво кўришмасди холос. 

Ёки яна бир долзарб масала бу ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб ана шу «Улуғ давлат»да «пахта кампанияси»га зўр берилиб ўқитувчи ва ўқувчиларни ўқиш бошланган сентябрь ойидан қарийб янги йилгача пахта далаларига ҳайдаб қўйиш эди. 

Бунда ҳам мақсад бизга ўхшаган миллатларнинг саводи чиқсин, аммо ҳаминқадар бўлиб юраверсин ниятида эди. Яъни саводхонлик 100 фоиз борми, бор. Болалар мактабга чиқаяптими, чиқаяпти. Бўлди, шунинг ўзи етарли. Саводхонлик ундан оширилса бу миллатлар ўзини танийди, ўзлигини танийди. Ундан кейин эса мустақиллик хоҳлаб қолиши мумкин. Шу учун ҳам бу миллатлар саводини уч баҳога яраша чиқарсин-у дехқоннинг боласи далага чиқсин, чўпоннинг боласи эса сурувга. Ҳа шўроларнинг сиёсати шу эди. 

Юқорида ҳам айтдим мустақилликнинг илк йилларида мана шу юқорида мен ёзган ҳолат роса кўп танқид қилинди, аммо…

Аммо ўқитувчига, ўқувчига муносабат ўзгармади. 

Тўғри, замонавий мактаблар қурилди. Аммо минг афсуслар бўлсинки ҳанузгача ўқитувчиларга ўзига боғлиқ бўлмаган кўплаб юмушлар буюрилаяпти. 

Ҳали металлом режасини топширишади, ҳали макалатура йиғиш дегандай. Кузда эса навбати билан пахтага бориш керак. Эсимда 3-4 йил олдин ўқитувчилар ҳатто намунали уй-жой қурилишига ҳашарга ҳам бордилар. 

Умуман олганда биз ўша Совет Иттифоқи деб аталмиш тузумнинг ҳамма нарсасидан воз кечдик. Фақатгина мана шу оғриқли муаммо бўлмиш ўқитувчиларга муносабатдан бошқа. 

Ҳамон шўрлик ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган хизматларда юришибди. 

2016 йилнинг сентябрь ойидан вақтинчалик Президент лавозимига тайинланганларидан бошлаб, кейинчалик халқ томонидан Президент этиб сайланганларидан кейин Президентимиз Шавкат Миромонович  Мирзиёев ҳамма соҳаларда катта-катта ислоҳотларни бошлаб юбордилар. Энди ана шу ислоҳотларнинг бир шамоли Халқ Таълими Вазирлиги ва унинг вилоят, туман бўлимларига ҳам етиб келиши керак ва ўқитувчилар ўзларига тегишли бўлмаган турли «хизматлар»дан батамом озод қилинишлари керак. Бунда албатта маҳаллий ҳокимликларнинг роли ҳам бор. Чунки айрим хизматлар ўқитувчилар гарданига улар томонидан ҳам юкланмоқда. 

Бундан буёғига ўқитувчи ўз вазифасини бажариши лозим. 

Умид қиламиз, яқин вақтларда ҳукуматимиз ва Президентимиз бу оғриқли муаммога ҳам эътибор қаратадилар ва ўқитувчиларнинг гарданига илинаётган турли «хизматлар» уларнинг гарданидан олиб ташланади. 

Зеро бу миллатга ўқитувчилар ҳаммадан кўра кўпроқ керакдирлар. 


Диёр Имомхўжаев. SOS

Онам ҳамшира бўлиб ишлайди. Шифохонасида ҳурмат қилишади. Қўли енгил бўлгани учун унинг ишга қайтишини кутиб таътил вақти ўтишини кутадиган беморлари борлигини биламан.

Мени катта қилган раҳматли бувим эса ўқитувчи эди. Бошланғич синфларга дарс берган, менга алифбони ўргатган аёл. Кейинроқ унга умуман алоқаси йўқ бошқа мактабда ўқий бошлаганимда бувим ҳақида фақат яхши гаплар эшитганман.

Улар топадиган пул ўзидан ортмайди. 600-700 минг ойлик йўлкираси, тушлиги ва бошқа харажатлари учун кетиб қолади. Ишлашидан мақсади тирикчилик эмас, шунчаки бўш ўтиргиси келмайди. Одамларга нафи тегишини, замондан ортда қолиб кетмасликни истаб, ишига ошиқади. Биз шунисига шукр қиламиз. Иши билан овуниб юрса, яхши иш билан машғул бўлса, энг муҳими саломат юрса шунинг ўзи бахт.

Бугун улар кабиларга осон эмас. Масалан онам соат 7да уйдан чиқиб кетиши керак. Қиш кунлари бу вақтда қуёшдан асар ҳам бўлмайди. Беморларига бир қараса, қараганлиги тўғрисида икки бет нарса ёзади, қайд этиб бориши керак ҳаммасини. Палаталари учун ажратадиган вақтидан журнал тўлдириш учун кетадиган вақти уч марта кўпроқ бўлса ажабланмайман. Негадир ривожланган мамлакатларда ундай эмас. Беморнинг шахсий варақасини компьютерга киргазиб борадиган бутунлай бошқа штат бўлиши керак, адашмасам.

Онам уйга келганидан кейин президент китобларини, шунга ўхшаш бошқа қўлланмаларни ўқиб чиқиши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги категория учун имтиҳон олиб туради. Булардан ташқари турли касалликлар ва шунга ўхшаш масалаларни соат 11-12гача варақлаб чиқади. Ваҳоланки тонгги соат 7да уйдан чиқиб кетиши керак.

Битта саволига кўзим тушиб қолганди, чақалоқни неча градусли сувда чўмилтириш керак. Вариантлар 33, 34, 35, 32. Тахминан шунақа эди. Онам уч ўғилни касал қилмай, соғлом қилиб катта қилган. Совуқ ёки иссиқ сувда чўмилтириш мумкин эмаслигини яхши билади, лекин бир-бирига жуда яқин градусларда масалан адашиб кетиши мумкин-да. Бу-ку майли, ўзини соҳаси дейлик (аслида у туғруқхонада ишламайди ва ёш болаларга қарамайди). Шошилинч вақтда, беморнинг аҳволи оғирлашиб қолганида президент асарларида ёзилган мавзу ёрдам бермайди, менимча. Университетда ўқиш давомида ўша китобларни мутолаа қилганмиз кўпчилигимиз, иложини топса ҳамма ўқиши керак бўлган китоб деб биламан. Бироқ ҳамма нарсани мураккаблаштиришдан нима наф, тушунмайман. Унинг ўрнига докторлар учун асқатадиган амалий дарслар, назарий билимларни эгаллаш имконияти берилса, онг керагидан кўп информацияни қабул қилавермаса ҳаёт нисбатан осонроқмикин, деб ўйлайман. Ўша беқиёс китоблар бошқа соҳа вакиллари учун жуда асқатади, тавсия қиламан. Бироқ унинг ёзилиши шундайки, қайсидир соҳа вакиллари мажбурий ўқишдан мазмунига етиб бора олмаслиги мумкин.

Балки қайсидир ҳамширани имтиҳондан йиқитиш ҳам керакдир. Ҳар йили минглаб кадрлар коллеж ва лицейлардан етишиб чиқади, уларни иш билан таъминлаш лозим. Бизда улар учун янги иш ўринлари яратиб, қайдлар учун алоҳида штат очиб, ҳамширанинг эътиборини эса кўпроқ беморга қаратиш эриш туюлар балки. Шу ҳамшира шошилмасдан, кекса одамларга илиқ муносабатда бўлса, ҳолидан кўпроқ хабар олса бу беморга ҳам ижобий таъсир қилади деган фикрим бор, яна ҳам уларнинг ўзлари билгувчи.

Ҳафтада олти кун ишлайди ҳамшира ҳам, ўқитувчи ҳам. Баъзида якшанба куни шанбалик учун чақириб туришади. Олти кун ишлагани етмаганидек, еттинчи кун кўча-кўйни тозалайди. Бу яхши иш, хайрли иш. Айнан шунинг учун ажратилган штатлар улгурмаса керак. Ёки тозалик учун алоҳида маблағ ажратиш қийиндир. Пахта мавсумида келганида ҳамшира ҳам, ўқитувчи ҳам унга жалб қилинади. Буни уларнинг ҳаммаси билади.

Ўқитувчида ёзув-чизув янада кўпроқ. Ҳар бир бола учун жавоб бериши керак. Уйда 2 болани эплаш қийин, у эса ҳар соатида 40 болани ушлаб ўтириши керак. Орасидан қайси биридир ўзлаштира олмаса, ўқитувчи айбдор бўлади. Ривожланган мамлакатлар синфхоналарини тан оламан, кинолардаги картиналар орқали биламан. Кўпи билан 20 ўқувчи ўтиради синфхонада, ундан кўп эмас.

Ойим ёзилган ишларни уйига олиб келиб текширарди биз овқатланиб ўтирганимизда. Ишида улгуролмай қолганлари бўлган албатта. Унда ҳам шанбалик, якшанбалик деган нарсалар бор. Етмаганига ҳар бир боласининг ортидан уйига бориб келади. Неча кундадир бир мактабни қўриқлайди (бир тўда безорилар келиб қолса как раз иш беради-да). Хуллас, мен билмаган яна қанча томони бор.

Биз эса ўқитувчиларни, шифокорларни кетиб қолган жойидан ортга қайтармоқчимиз. Билмадим бу қанчалик амалга ошади, чунки улар сўнгги чора сифатида четдан иш топган. Ҳаммаси валютада ойлик олади, пахта термайди, шанбалик қилмайди, тонналаб нарса ёзмайди. Иши ўзига ёқади, қулайлик бор, буйруқвозликдан йироқда.

Масалан улар нега кетиб қолганди деган саволни беришимиз мумкинми? Ойлиги каммиди? Банкдан-ку валюта ололмайди, кўча курсига чаққанида ойлиги қанчани ташкил қилмоқда, бориб келиши, еб-ечишига етмоқдами деб савол бериб кўрсак бўлармикин? Мен бир нарсага ишонаман, Ўзбекистонда одам очидан ўлмайди. Худонинг назари тушган, тўкин-сочинлик бор жойдамиз, шукр. Ҳеч бўлмаганда қўшни 1 коса овқат чиқариши мумкин. Юқорида ҳам айтдим, онам ҳам, бувим бойиб кетиш учун ишламайди деб. Уларнинг жуда кўплаб ҳамкасбларида ҳам балки шундайдир. Топаётган пули кунига яраб турибди, шукр. Бунга майли эътироз йўқ. Ортиқча нарсаларчи? Нега уларнинг юмушини енгиллаштириш ҳақида ўйлаб кўрмаймиз?

Мен имтиҳонларга қарши эмасман. Бироқ унда савия ва мантиқ бўлиши керак деб ҳисоблайман. Дунёнинг жамики муаммосини ҳамширанинг миясига суқиб киргазиш мен учун тушунарсиз идеология. Террорчилар, тинчлик, сиёсий вазият, истиқлол ва шулар қаторидаги масалаларни одамларимиз ТВ ёки матбуот орқали ҳам билиб бормоқда. Улар ҳам яхшини ёмондан ажрата олади. Мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари ўрганиши, тушуниши керак бўлган нарсалар, демоқчиман-да. Жуда бўлмаганда ойда бир яхши роликлар, презентациялар билан шу ҳамшираларни бохабар қилиш, уларнинг билимини ошириш мумкин, қўлига бир том китоб бериб, 1 ойдан кейин имтиҳон демасдан.

Онам ўша имтиҳондан ўтиб олди, хаёлингиз бошқа жойга кетмасин. Лекин қийналиб кетди, чидаб, ишлаб юрибди. Буни ўзим кўриб турибман. Ўқитувчилар эса болаларнинг бутини йиртиб ташлайдиган ҳолатга келишни бошлади, кўряпсиз. Бу аслида огоҳлантирувчи қўнғироқ. Ҳамма нарсани биргина буйруқ билан ҳал қилиш қийин. Четга чиқиб кетган ўша ақлли инсонларнинг катта қисми мана шундай ҳолатдан азият чекканди. Тушунтирмоқчи, асослаб бермоқчи бўлган. Бироқ буйруқни сўзсиз бажаришга ўрганган ва камида ўша олимдаги билимга эга бўлмаган кишилар бунга йўл бермаган. Ватанни ташлаб кетиш эса сўнгги чора, бу уларга ҳам осон эмасди.

Ўзгаришларга ошиқаётганимиздан хурсандман. Буларнинг бари ҳаётимиз яхшиланиши учун эканига ишонаман. Шу ишга бел боғлаган одамлардан оддий меҳнаткашлар аҳволини тушунишни илтимос қиламан. ДАН ходими тўхтатиб берадиган гул, шифохона ёки мактабга келадиган совғалардан кўра кўпроқ, шу ишчиларнинг ишини енгиллаштириш шод қилса керак уларни. Эътибор беринг, одамлар топаётган пулидан эмас, иш тизимидан, механизмидан нолишни бошлади. Битта одам бирдагина 4-5га бўлина олмайди. Иши сифатли бўлиши учун у ўз соҳаси ва муаммолари ҳақида изланиши керак кўпроқ, ортиқчаси ортиқча, фикримча.

Мавзуга оид