Жаҳон | 16:01 / 28.10.2024
4404
6 дақиқада ўқилади

Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда

Давлат томонидан қопланадиган йиллик мажбурий “медосмотр”га педагоглар ўз ҳисобидан 140 минг сўм атрофида тўлов қиляпти. Поликлиника ва СЭСдагилар эса тиббий кўрик учун бюджетдан пул ўтказилмаганини айтмоқда. Мактаб, Соғлиқни сақлаш ҳамда Молия вазирликларидан бошқармаларга юборилган хатга кўра, жорий йил кўрик харажатлари учун 71,4 млрд сўм ажратилгани қайд этилган.

Қачонгача ҳаққимизни олишади?”

Тошкент вилояти Қибрай тумани 9-мактабда ишловчи бир гуруҳ ўқитувчилар мажбурий тиббий кўрик учун пул олинаётганидан норози бўлиб Kun.uzʼга мурожаат қилди. Педагогларга кўра, улар ҳар йили шу муаммо билан юзлашади, аммо ҳолат ўзгармайди.

Ўтган йили ҳам мажбурий тиббий кўрикдан ўтганмиз, лекин ўшанда ҳам пул тўлаганмиз. Бу йил ҳам поликлиникага бордик, ходимлари қўпол оҳангда карточкани тўлдириб, пул тўлашимизни айтишди. Индамай тўлдириб, анализга борсак, “пул тўламасанг, қонингдан анализ олмайман”, деди. Жаҳлимиз чиқиб, бош шифокорига кирдик, ўқитувчилар учун бепул қилинганини айтдик.

Шифокор бундан хабари борлигини, лекин поликлиникага пул ўтказилмаганини айтди. “РАЙОНО”дан ҳал қилинглар, деди. У ердагилар ҳам ҳал қиляпмиз, ўтказамиз дейишди, шу деганига ҳа, 2 ой бўлиб қолди, ҳали масала ҳал бўлмади. Бу ердан эса СЭС ходимлари “медосмотр”дан ўтишга мажбурлаб, мактабимизга қанчадир жарима ёзиб кетяпти”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган ўқитувчи.

Бу йил кўрикни бошлаган кунимизнинг эртасигаёқ бутун республика бўйича педагог ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтиши ва бунинг учун давлат томонидан пул ўтказилгани бўйича буйруқ [ҳам] чиқарилди. Биз шу ҳужжатнинг ижросини кутдик, ўқитувчилар бепул кўрикдан ўтиш учун 1 ой юрдик. Лекин СЭС ҳам, Қибрай тумани кўп тармоқли поликлиникаси ҳам биздан пул сўрашяпти, пул бермасак анализ олмаслигини, хулоса ёзмаслигини айтяпти. Ўқитувчилар учун кўрик бепуллигини айтсак, “бизгача пул етиб келмаган, бориб юқори ташкилотларга мурожаат қилинглар” дейишяпти.

Кейин 15 нафар ўқитувчи бирлашиб Қибрай тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига бориб учрашдик, “мактаб бизга рўйхат қилиб берса, пулни ўтказамиз”, дейишди. Бизнинг мактаб рўйхат қилиб берди, лекин мана, 2 ойки натижа йўқ. Банкка борсак, “сизларга пул ўтказилган, сизлар индамасдан пул тўлаганинглар учун “тепадаги”лар билганини қиляпти”, дейди. Биз тушунмаяпмиз, бу ерда молия бўлими пулни еганми ёки "РАЙОНО"?” – дейди яна бир педагог.

Қайд этилишича, ўқитувчилар ҳар йили кўрик учун поликлиника ва СЭСга алоҳида тўлов қилади, жами сумма 140 минг сўм атрофида бўлади.

Поликлиникага тўлов, адашмасам, 89 минг сўм, СЭСники эса 48 минг сўм эди. Бир нарса-да, ҳеч бир ўқитувчи бу пулни беришдан бош тортаётгани йўқ, шунча ўтказилган суммани кимдир мазза қилиб олиб кетади-да, бу ерда ўқитувчилар хор бўлиб қолаверади. Ҳозир мактабимиздаги педагогларнинг деярли 70 фоизи СЭСнинг жарима ёзишидан қўрқиб, ўзининг ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтиб бўлган.

Чарчадик шу муаммодан, ўша 89 минг сўмни тўлашдан қочмаймиз, лекин қачонгача? Қибрай туманидаги ҳамма ўқитувчиларни ҳисобласангиз, қанча сумма бўлиб кетяпти? Қачонгача индамай бизни ҳаққимизни олишади?” – дейди мактаб ходими Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Молия бўлими изоҳи

Таҳририят нима сабаб бундай вазият юзага келаётганини аниқлаштириш учун Қибрай тумани иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Отабек Эрбаччаев билан боғланди. У ўқитувчилар бу тўловдан озод эканини, тиббиёт бирлашмаси ҳамда СЭС орқали тиббий кўрикдан ўтишда муаммо юзага келмаслиги кераклигини таъкидлади.

Ҳозир ҳайрон қоляпман-да, [ўқитувчиларнинг] тиббий кўриги бўйича масаламиз йўқ эди ёки кимдир тамагирлик қиляптими, нимадир қилаётган бўлиши мумкин-да”, – деди у.

Эрбаччаев вазиятга ойдинлик киритиб, қўшимча маълумот беришини маълум қилди. Аммо кейинги қўнғироқларга жавоб бермади. Ҳозирча кўрикка тўлов қилиб қўйган ўқитувчиларнинг пули қайтарилиши ёки қайтарилмаслиги номаълум.

Тиббий кўрик учун бюджетдан 71,4 млрд сўм ажратилган

2024 йил 26 августда Иқтисодиёт ва молия, Соғлиқни сақлаш ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирларининг ўринбосарлари имзолаган хатига кўра, мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатлари учун жорий йилда давлат бюджетидан 71,4 млрд сўм ажратилган.

Барча қуйи бўғин раҳбарларига мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш чоғида педагоглардан ҳақ олмасликни қатъий таъминлаш топшириғи берилган.

Қолаверса, ҳужжатда “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ давлат таълим муассасаларида ишлаётган ўқитувчилар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилади.

Шунингдек, ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатлар компенсация қилиниши иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилиши Меҳнат кодексининг 292-моддаси билан ҳам мустаҳкамланган. 

Мавзуга оид