22 март куни Лондон марказида, Вестминстер туманида содир этилган ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 40 киши жароҳатланди, террорчининг ўзи йўқ қилинди.

Шу билан бирга мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг маълум қилишича, мамлакатда террорчилик таҳдиди юқори эмас.

22 март кунги воқеалар Буюк Британияда 2005 йилнинг 7 июлидаги воқеалардан бери энг қонлиси бўлди.

Воқеалар хронологияси

Маҳаллий вақт билан соат 14:40да (Тошкент вақти билан соат 19:40) сайёҳлар гавжум ҳудудда Вестминстер кўпригида ҳаракатланаётган машина одамлар устига юра бошлади, у бир қанча кишини босиб ўтиб, тротуар четидаги тўсиққа урилди. Машина ҳаракатланишда давом этиб, парламент биноси олдида тўхтади ва ундан чиққан террорчи полицияга иккита пичоқ билан қуролланган ҳолда ҳужум қилди. Полициячи олинган жароҳатлардан кейинчалик вафот этган, бошқа бир полициячи террорчини отиб ташлаган.

Тереза Мэйнинг сўзларига кўра, теракт учун жой тасодифан танланмаган. "Террорчилар ҳужум нуқтасини тасодифан танлашмайди, айнан шу ерда, пойтахтимиз марказида, парламент биноси атрофида турли маданиятлар вакиллари тўпланишади, бу биздаги демократия ифодаси ҳисобланади", деган бош вазир миллатга мурожаатида.

Терактдан кейин полиция парламент биносини ҳамда бош вазир қароргоҳини ўраб олди, "Вестминстер" метро бекати ва атрофдаги кўчалар ёпилди, "Лондон кўзи" мажмуаси фаолияти тўхтатилди.

Лондонда теракт. Ҳужум тафсилотлари (онлайн)

Аввалига ОАВда пайдо бўлган хабарлар бир-бирини инкор қиларди. Дастлаб кўприкда отишма рўй бергани ҳақида ёзилди, кейинроқ пичоқ билан қуролланган шахс одамларга ҳужум қилгани айтилди. Бу хабарлар натижасида бир неча нуқтада бир неча террорчи ҳаракатланаётгани ҳақида тасаввурлар пайдо бўлди.

Бу саволларга соат 18:00да аниқлик киритилди. Лондон полицияси бошлиғи ўринбосари Марк Роули брифингда баёнот берди. "Биз бундай ҳодиса ҳеч қачон рўй бермаслигига умид қилгандик, аммо афсуски, бу рўй берди", деди у матбуотга мурожаатида.

"Жароҳатланганлар сони 40 нафар, улар орасида оғир жароҳатланганлар бор. 5 киши ҳалок бўлди, улардан бири парламент биносида қўриқчилик қилган полициячи Кит Палмер эди", деган у кейинги баёнотида.