Спорт | 00:21 / 11.04.2017
5245
2 дақиқада ўқилади

«Локомотив» бош мураббийи: «ОЧЛ учрашуви қанчалик муҳим эканини яхши тушуниб турибмиз»

Осиё Чемпионлар Лигаси «А» гуруҳи 4-туридан ўрин олган «Локомотив» – «Истиқлол» (Теҳрон) учрашуви олдидан «темирйўлчилар» устози Андрей Микляев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Эртанги ўйин қанчалик муҳим эканини яхши тушуниб турибмиз. Гуруҳдан чиқиш учун эртага фақатгина ғалаба қозониш керак. Буни мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам билади. Беллашув биз учун омадли кечишига умид қиламиз. Сафарда «Истиқлол»га мағлуб бўлдик, аммо айта оламанки, бу жамоани мағлубиятга учратиш мумкин.

Футболда омад ҳам керак бўлади. «Шўртан» билан ўйинни оладиган бўлсак, ўша куни омад биздан юз ўгирганди. Умуман олганда, ҳимоя чизиғидан шикоятим йўқ, чунки кўп гол ўтказмаяпмиз. Баъзида тажрибалар қилиб, футболчиларни алмаштириб турамиз. Масалан, қайсидир ўйинда Бобур Йўлдошев майдонга тушса, баъзида Муҳаммад Коне ўйнайди.

Афсуски, бўлажак ўйин олдидан йўқотишлар бор. Шуҳрат Муҳаммадиев жароҳатидан фориғ бўлишга улгурмади. Шунингдек, Самалат Қутибоевда ҳам жароҳат бор.Муҳаммадиев ва Қутибоев эртага майдонга тушмайди. Шунингдек, Темур Кападзеда енгил жароҳат бор. Унинг эртанги ўйинда майдонга тушиши бугун маълум бўлади», – деди Андрей Микляев.

Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» – «Истиқлол» учрашуви эртага, 11 апрель куни «Локомотив» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув соат 16:00 да старт олиши режалаштирилган.

Мавзуга оид