Ўзбекистонда яхлит инфратузилмани шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар савдо-сотиқ алоқаларини фаоллаштирмоқда
Ҳар бир мамлакат тараққиётида унинг географик жойлашуви муҳим ўрин тутади. Бу, айниқса, чет давлатлар билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш, логистикани ривожлантиришда кўзга яққол ташланади. Бироқ бугунги кунда дунёнинг 44 мамлакати тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас. Бундай шароитда уларнинг ўзаро савдо алоқалари ривожланиши кўп жиҳатдан транзит салоҳияти, очиқ ва яхши қўшничилик муносабатининг йўлга қўйилгани, шунингдек, сиёсий хоҳишига боғлиқдир. Бу масалага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳудудларни ўзаро боғлайдиган минтақавий инфратузилманинг йўқлиги, хусусан, юкларни чегарада расмийлаштириш ва ўтказишда вақтнинг йўқотилиши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири саналади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, денгиз бўйида жойлашган мамлакатларда бундай вақт ўртача икки баробар камдир. Бундан ташқари, юк ташувчилар у ёки бу чегарани кесиб ўтаётганда, қўшимча маъмурий тўловларни тўлашга ҳам мажбур бўлаётгани сир эмас.
Жаҳон банки мутахассисларининг қайд этишича, денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакатдан импорт қилинаётган юкларни етказиб бериш харажати уммонларга тўғридан-тўғри чиқа оладиган давлатларга нисбатан икки баробар кўпдир. Албатта, бу харажатлар охир-оқибат истеъмолчи елкасига тушади.
Ҳаво орқали юк ташиш эса қиммат ва у денгиз орқали юк ташишнинг ўрнини боса олмайди. Бундан ташқари, авиаташувчилар томонидан юк ташиш қоида ва тартиб-таомиллари ҳар хиллиги, соҳага йўналтирилаётган трансчегаравий инвестиция ҳажми камлиги, хусусий секторнинг бу борада иштироки чеклангани унинг ривожига тўсқинлик қилаяпти.
Бундай ноқулайликлар оқибатида мамлакатларнинг экспорти, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ресурслардан иборат бўлиб қолмоқда. Иқтисодий комплекс индекси (ECI) кўрсаткичлари ҳам буни тасдиқлайди. Унга кўра, ҳозирги кунда бундай товарларнинг экспорт таркибидаги улуши 33 фоиздан 95,6 фоизгача етади.
Ўзбекистон денгизга чиқиш учун икки мамлакат чегарасини кесиб ўтиши керак. Боз устига, 1991 йилга қадар юртимиз Жанубий, Fарбий ва Шарқий халқаро транспорт йўлакларига на автомобиль, на темир йўл, на ҳаво транспорти билан чиқиш имкониятига эга эди. Фақатгина шимолий йўлакдан фойдаланардик.
Мустақиллик йилларида замонавий йўл-транспорт инфратузилмасини шакллантириш, дунё бозорларига янги йўлларни очиш, чет мамлакатлар билан боғлайдиган илғор транспорт-коммуникация тармоқларини яратиш бўйича улкан ишлар қилинди. Айниқса, иқтисодиётнинг асосий қон томири ҳисобланган ягона темир йўл тармоғини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Узунлиги 700 километр бўлган ҳамда Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий — Учқудуқ — Султон Увайстоғ — Нукус темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди. Кейинроқ “Аср мўъжизаси” дея ном олган ноёб иншоот — Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Узунлиги 223 километр бўлган мазкур қурилма юк ва йўловчи ташиш масофасини 170 километр қисқартирди. Энг муҳими, юртимиз транзит тўловларисиз ўзининг бу борадаги имкониятларини янада кенгайтирди.
Темирйўлчиларимизнинг куч-ғайрати билан кейинги йилларда 1 200 километрдан зиёд янги “пўлат из”лар ётқизилди, 3 800 километрлик йўл модернизация қилиниб, қайтадан фойдаланишга топширилди, қарийб 1 100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 500 километрга етди ва улар мамлакатимизнинг барча ҳудудини тўлиқ қамраб олиш имконини берди.
Таъкидлаш керакки, халқаро транспорт-коммуникация тизимида автотранспорт магистралларининг ҳам ўрни беқиёс. Биргина 2016 йилда соҳа корхоналари томонидан қарийб 256 километрлик автомобиль йўллари реконструкция қилинди, 94,4 километрлик халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўл капитал таъмирланди. Ҳозирги кунда юртимиз автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 183 минг километрни ташкил қилади. Улардан 42,6 минг километри халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллардир.
Жорий йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ўзининг 25 йиллигини нишонлади. Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида мазкур тармоқни тараққий топтириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Аэропортлар инфратузилмаси тубдан модернизация қилинди, авиапарк тўлиқ янгиланди, замонавий самолётлар ўзлаштирилди.
Бугун республикамиздаги барча аэропортлар халқаро аэропорт мақомига эга. Ўзбекистон ҳаво кемалари дунёнинг 50 дан ортиқ шаҳарларига авиақатновни амалга оширмоқда, Аляскадан тортиб, Янги Зеландиягача чартер рейсларини бажармоқда.
Сўнгги пайтларда минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги сиёсат юритилаётгани юртимиз учун транзит соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, минтақа доирасида савдо алоқаларини кучайтириш, ягона қоидаларни жорий қилиш, чегара органлари ҳамкорлигини кенгайтириш, божхона тартиб-таомилини оптималлаштиришга замин яратмоқда.
Минтақада яхлит инфратузилмани шакллантириш йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар савдо-сотиқ алоқалари фаоллашувида кучли рағбат бўлаяпти. Мисол учун, бугун Ўзбекистон ташқи савдода ресурсларга қарамликни камайтирган ҳолда, чуқур қайта ишлаб чиқаришни ривожлантиришга устувор эътибор қаратмоқда. Пахта хом ашёсининг ўрнига калава ип ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган. Юртимиз ресурсларидан оқилона фойдаланиш эса хом ашёдан кўра кўпроқ фойда келтириши ҳеч кимга сир эмас.
Ташқи савдодаги мавжуд тўсиқларга қарамасдан, республикамиз иқтисодиётида барқарор ривожланиш суръатлари таъминланмоқда. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаяпти. Экспорт ҳажмини ошириш учун барча имконият ишга солинмоқда. Бунда минтақавий ҳамкорликка, ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга катта урғу берилаяпти.
Республикамиз ҳудудларида эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил қилиниши самарали инфратузилмани шакллантириш йўлидаги амалий қадам бўлди десак, айни ҳақиқат. Жумладан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “Навоий” аэропорти негизида халқаро интермодаль логистика маркази самарали фаолият юритмоқда. Бугунги кунда ушбу марказ Ўзбекистонни Евроосиёнинг асосий логистика марказлари — Франкфурт, Милан, Брюссель, Вена, Осло, Базель, Сарагоса, Дубай, Деҳли, Теҳрон, Инчеон, Тянь Цзинь, Ханой, Шанхай билан боғлаган.
Ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ҳамда истиқболли лойиҳаси — Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннели фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида қайд этилганидек, бу иншоот “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” лойиҳасининг қурилиши соҳасида Хитой — Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан ютуғи бўлди. Шу билан бирга, лойиҳа халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу темир йўл тармоғининг қурилиши орқали мустақил Ўзбекистонда ягона ва яхлит темир йўл тизими шаклланиши амалда ниҳоясига етказилди. Ангрен — Поп темир йўлининг ишга туширилиши биз учун йилига 10 миллион тоннадан ортиқ юкни манзилга етказишда ҳам вақтни, ҳам маблағни бир неча баробар тежаш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор суръатлар билан ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини тубдан оширади ва у келажакда халқаро транспорт коммуникациясининг энг муҳим таркибий қисмига, “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” лойиҳаларидан бирининг узвий бўлагига айланиши мумкин.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўшанда “Йўл-транспорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” лойиҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу икки томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор асосидир. Биз Ўзбекистонга минтақавий транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳал қилувчи бўғин сифатида муҳим аҳамият қаратамиз ва бу борада ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорликни оширишдан, икки мамлакатни ривожлантириш йўлида қулай шароит яратиш учун ушбу ҳудудда инфратузилмалар бўйича ўзаро алоқаларни мунтазам ривожлантириб боришдан манфаатдормиз”, деган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлди ва икки мамлакат раҳбарлари қўшма баёнот имзоладилар. Унда давлат раҳбарлари транзит соҳасида салоҳиятни юксалтиришга имкон берадиган ҳамда Туркманистон орқали Транскавказ транспорт йўлаги билан Жанубий ва Марказий Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига транзит юк ташиш ҳажмларини бир неча маротаба кўпайтиришга қулай шарт-шароитлар яратадиган “Туркманобод — Фароб” автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилишини юқори баҳолашди. Барча иштирокчи давлатларнинг иқтисодий манфаатларига бир хилда мос келувчи “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Уммон” халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича келишувларни амалда татбиқ қилиш муҳимлиги алоҳида эътироф этилди.
Яратилган қулай шарт-шароитлар ва икки давлат ҳудудида ташқи савдо юкларини транзит ташишга 2017 йилда ўзаро преференцияларнинг тақдим этилиши транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаларини самарали иш юкламаси билан таъминлаш, қолаверса, ташишларни янада ошириб бориш ва қўшимча юк ҳажмларини жалб этишда ташкилотлар учун аниқ ва равшан истиқболларни белгилашга имкон бериши қайд этилди. Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларининг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини юксалтириш мақсадида, Томонлар ташқи савдо юкларини транзит ташиш тарифларини янада мақбуллаштириш ва преференциал шарт-шароитлар тақдим қилишга йўналтирилган тизимли ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-23 март кунлари Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Унда Президентлар икки давлатнинг улкан транзит-транспорт салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар. Бу борада томонлар ўз ҳудудларидан ташқи савдо юкларини транзит ташишда икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари томонидан ўзаро преференциялар ва қўшимча чегирмаларнинг тақдим этилиши бу соҳадаги ҳамкорликни тубдан кенгайтиришга ҳамда транзит юкларнинг салмоқли ҳажмларини жалб қилишга имкон беришини таъкидлашди. Томонлар “Бейнеу — Акжигит — Ўзбекистон чегараси” автомобиль йўли лойиҳаси, шунингдек, минтақа мамлакатларининг халқаро денгиз коммуникациялари ва салоҳиятли бозорларга муқобил чиқишини таъминлайдиган бошқа қўшма лойиҳаларнинг тез орада амалга ошишидан ўзаро манфаатдор эканликларини билдиришди.
Давлат раҳбарларининг учрашувида қайд этилганидек, транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент — Олмаота тезюрар поезди ҳамда икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилгани транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий тараққиёт йўлида давлат ва минтақавий платформаларни ҳаётга жадал татбиқ этишдан манфаатдорлигини яна бир карра тасдиқлайди. Шуниси аниқки, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган шароитда интеграциянинг муқобил йўлларини ўзлаштириш ўзининг долзарб аҳамиятини йўқотмайди.
Иқтисодий тадқиқотлар маркази
материаллари асосида
Қобил ХИДИРОВ тайёрлади.
Мавзуга оид
16:49 / 30.04.2024
Ўзбекистондаги мактабларнинг 87 фоизида канализация йўқ — Delivery Unit
10:35 / 25.04.2024
Bloomberg: Швеция муҳим инфратузилмасини мустаҳкамлашни бошлади
09:10 / 01.04.2024
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон қишлоқларини комплекс ривожлантириш учун маблағ ажратади
13:31 / 13.03.2024