Спорт | 21:40 / 14.04.2017
7314
2 дақиқада ўқилади

NBA ўйинчиси ярим миллион учун кетма-кет 4 ўйинда саватга уч очколик ташлашни амалга оширмаган

Йўқ, у ўзига қарши букмекерлик идорасида пул тикмаган. Асло.

«Портленд Трейл Блейзерс» форварди Мо Ҳарклесс Миллий баскетбол ассоциацияси (NBA) мавсуми якунлари бўйича уч очколик уринишларни 35 фоиздан зиёд самарали амалга оширгани учун клубидан 500 минг АҚШ долларини бонус сифатида қўлга киритди. Кейинчалик маълум бўлишича, у шу пулларни қўлга киритиш учун бир неча ўйинда кетма-кет уч очколик чизиқдан туриб тўпни саватга ташламаган.

Ҳарклесснинг баскетбол клуби билан шартномасида чемпионатдаги 82 та ўйинда узоқдан ташланган тўпларнинг ижобий фоизи учун махсус бонус назарда тутилган. Бироқ, у 77-ўйинда уч очколик тўпни саватга ташлай олмаган ва натижада унинг фоизи критик 35,1 фоизга тушиб қолган. Оқибатда, баскетболчи қолган тўрт ўйинда таваккал қилишни бас қилган ва уч очколик тўпларни саватга умуман ирғитмаган (Ўйинлардан бирини "дам олиш" важи билан ўтказиб юборган).

Харклесснинг ESPN сайтида эълон қилинган статистикаси

SB Nation нашрининг ҳисоблаб чиқишича, ҳар қандай тасодифий хато NBA ўйинчисини ярим миллион доллардан мосуво қилиши қилиши мумкин бўлган. Бу ҳолатда Ҳарклесс ўйиннинг натижаси шунга боғлиқ бўлиб турган тақдирда ҳам уч очколик чизиқдан туриб саватни ё аниқ нишонга олиши ёки умуман тўпни саватга ташламаслиги керак бўлган.

Ўйиндан аввал Ҳарклессдан уч очколик тўп ташлашга уриниб кўриш-кўрмаслиги ҳақида сўрашганда у кулганча: «Менинг ўрнимда сиз нима қилган бўлар эдингиз?» деб жавоб берган.

Алал-оқибатда чемпионатнинг сўнгги ўйинини «Портленд» уч очколик фарқ билан ютқазган, Ҳарклесснинг уч очколик тўплари фоизи 35,1 даражасида қолган. Ўйиндан сўнг баскетболчи Инстаграмда ўз фотосини эълон қилиб, «Афтидан, бугун кечки овқат пулини мен тўлайман», деб изоҳ ёзиб қўйган.

Мавзуга оид