Фан-техника | 18:05 / 17.04.2017
116281
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan уч моделдаги автомобилни ишлаб чиқаришни тўхтатди

«GM Uzbekistan» АЖ Tico, Epica ва 2-авлоддаги Nexia автомобиллари ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар туфайли Tico модели ишлаб чиқаришдан 2004 йилда олинганини, Epica ишлаб чиқариш 2012 йилда тўхтатилгани, 2-авлоддаги Nexia эса 2016 йилнинг 1 августидан бошлаб ишлаб чиқарилмаётганини хабар қилди.

"2008 йилда Nexia автомобилининг модернизацияси ўтказилди. Бу истеъмолчилар хоҳиши ва бозор талаблари туфайли амалга ошди. 2-авлоддаги Nexia моделларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш экологик стандартлар ва хавфсизлик тизимлари бўйича янги талабларнинг жорий этилиши билан боғлиқ. Шунинг учун автомобилларнинг эскирган архитектурасига талаб этилаётган хавфсизлик ва экология тизимларини тадбиқ этиш имконсиз бўлгани учун, 2016 йилнинг ўрталарида Nexia'нинг 3-авлоддаги янгиланган ва замонавий моделини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу модель замонавий ва иқтисод қилувчи 1,5 л. двигатель, ABS тизими, хавфсизлик ёстиқчалари, иммобилайзер, курс барқарорлиги тизими, DRL, ISOFIX болалар автоўриндиқларини жойлаштириш имконига эга. Ишлаб чиқарилаётган учинчи авлоддаги Nexia автомобиллари барча экологик талаблар ва хавфсизликнинг юқори технологияли тизимига жавоб беради", - дея аниқлик киритишди компанияда.

Шунингдек, GM Uzbekistan’да таъкидлашларича, модель қаторидаги барча ўзгаришлар, модификациялар, опциялар ҳамда автомобиллар нархи ҳақидаги маълумотни ишлаб чиқарувчи расмий сайт ва Facebook’даги саҳифада тақдим этиб боради.

Мавзуга оид