Жамият | 19:22 / 20.04.2017
14294
3 дақиқада ўқилади

"Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури" ишлаб чиқилди

2017 йил 20 апрель куни Миллий матбуот марказида Олий таълим вазирлиги томонидан “Олий таълим тизимида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши: эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани давомида вазирлик масъул раҳбар-ходимлари ёшлар сиёсати бўйича шу кунга қадар амалга оширилган ишлар бўйича маълумот беришди. Шунингдек Ўзбекистондаги фаол ёшлар, жаҳон саҳнидаги мусобақаларда олий ўринларни эгаллаган талабалар сўзга чиқишди. Фикримча, талабалар ва вазирлик ходимларининг бир доирада ўтириши ҳам 2017 йилнинг давлатимиз томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дея эълон қилиниши самарасидир. Матуот анжумани сўнгида вазирлик ходимлари томонидан  ОАВ вакиллари саволларига жавоб берилди.

Жумладан, "Кун.уз" мухбирининг "Олий таълим муассасаларида Ўзбекистоннинг имиджини кўтариш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда, истиқболдаги режалар қандай?" деган саволига вазирлик вакили қуйидагича жавоб берди:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури” қабул қилинди. Унинг тўртинчи йўналиши ижтимоий соҳага мўлжалланган бўлиб, худди шу йўналишда ёшларга доир сиёсат олиб бориш, таълим соҳасидаги амалга ошириладиган вазифалар белгиланди. 

Шу масала бўйича ҳозирги кунда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган "Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури" ишлаб чиқилди, ҳозирда уни имзолаш жараёни кетмоқда. Бу дастурда мамлакатимизда келгуси беш йилда таълим соҳасида амалга ошириладиган устувор йўналишлар, ўқув жараёни, илмий соҳа ёки ёшларнинг маънавиятини ошириш бўйича амалга ошириладиган вазифалар ўз аксини топди. 

Президентимиз томонидан бугунги кунда берилган топшириққа кўра, ёшлар ўқишдан бўш вақтида бўш қолмаслиги керак. Улар учун комплекс шароит ёки вақтини мазмунли ўтказиш бўйича, хусусан дастурнинг 278-бандида талабалар шаҳарчасида талабаларнинг маданий дам олиш марказини тузиш кўзда тутилган. Миллий университет ҳудудида йил охирига қадар талабаларнинг дам олишига мўлжалланган катта иншоот қурилмоқда. Уни қуриш учун давлат бюджетидан 5 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда мана шу объектни қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу объектда ёшларимизнинг келажакда етук кадрлар бўлиб етишиб чиқиши, ўз устида ишлаши учун қулай шароит яратиб берилади. 

Бундан ташқари, шуни қувонч билан таъкидлаш мумкинки, барча олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари штатлари жорий қилинди. Шунингдек маънавият бўлимида иш олиб борадиган штатлар кенгайтирилди. 

Мавзуга оид