Жамият | 18:33 / 20.04.2017
14700
5 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қандай натижаларга эришилди?

Бугун, 20 апрель куни пойтахтдаги Миллий матбуот марказида “Олий таълим тизимида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши: эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

"Матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул раҳбар-ходимлари, бошқарма бошлиқлари, олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, иқтидорли талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

2016 йил 15 сентябрдан кучга кирган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” соҳадаги вазифаларни янги босқичга кўтарди.

Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбирининг таъкидлашича, матбуот анжуманида бугунги кунда мамлакатимизда 59 та маҳаллий ва уларнинг ҳудудларда 
11 та филиали, ҳамкорликда ташкил этилган 7 та хорижий олий таълим муассасаси филиали фаолият кўрсатаётгани айтилган. Бакалавриатда 260 мингдан зиёд, магистратурада 10 мингга яқин ортиқ талабалар таҳсил олмоқда ва уларга 22 мингдан зиёд  профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда.

Маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларда муҳим механизмлардан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, “Маънавият куни”, “Ахборот соати”, “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги ва “Ота-оналар куни” ва бошқалар. 

Айни пайтда 2017 йил 10 апрелдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги барча олий таълим муассасаларида Ички ишлар вазирлиги ва Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида “Одам савдоси ҳудуд, чегара танламайдиган мудҳиш жиноятдир” мавзусида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида”ги Ф-4789-сонли фармойиши ижроси юзасидан ҳам тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда.  Жумладан, ҳозирги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ёзувчилар уюшмаси томонидан жорий йил 10 апрелдан бошлаб олий таълим муассасаларида китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Талабаларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини бойитиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Солиқ  билимдонлари”, “Тафаккур синовлари”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Бахтиёрлар диёри” республика кўрик-танловлари, Талабалар театр студиялари фестиваллари ҳамда турли мавзуларда ижодий ишлар танловлари ўтказилмоқда.  Жумладан, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг мамлакат босқичида Самарқанд давлат университети жамоаси фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Айниқса, “Ўзбекистон Республикасида  ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури” бу соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. 

Дунёда ўхшаши бўлмаган уч босқичли ноёб тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт мусобақалари бўлажак етук спортчилар учун ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон Универсиадалари талаба-ёшларимизни Осиё, жаҳон ва халқаро ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиши ва энг қимматли ғалабаларни қўлга киритишларида ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI Ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларида  Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 25 нафар талаба спортчиларимиз иштирок этиб, 13 та медал (3 та олтин, 2 та кумуш ва 8 та бронза)ни қўлга киритишди.  

Ўтган давр мобайнида талабаларнинг 336 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти, 843 нафари  “Беруний”, 1131 нафари “Навоий”, 552 нафари “Улуғбек”, 241 нафари “Ибн Сино”,  38 нафари “Имом ал-Бухорий” номли давлат стипенидиялари совриндорлари бўлишди. 

Мавзуга оид