Путин ва Меркель: Сочидаги учрашувда нималар ҳақида сўз борди?
Россия президенти Владимир Путин ва ГФР федерал канцлери Ангела Меркель биргаликдаги матбуот анжуманида Сочида ўтказилган музокаралар давомида тилга олинган асосий мавзулар ҳақида сўзлаб беришди.
Булар — иккитомонлама муносабатлар, терроризмга қарши курашиш, Яқин Шарқдаги вазият ва Минск келишувининг амалга оширилиши каби масалалардир.
Икки томонлама муносабатлар
Путин «маълум сиёсий қийинчиликлар ва глобал иқтисодий конъюнктуранинг табранишига қарамасдан» Германия ҳамон Россиянинг етакчи иқтисодий ҳамкорлигича қолаётганини таъкидлади.
«Россия Германия Федератив Республикаси билан ҳамкорликни ўзаро фойдали, ҳурмат, тенглик принципига асосланиб, ҳар икки томоннинг манфаатларини ҳисобга олган тартибга солишга ҳаракат қилмоқда», — деган Россия давлат раҳбари.
У мамлакатлар маҳсулот айланмаси ҳажми ошганига эътибор қаратган.
«Иккитомонлама савдо борасидаги ишлар ҳақида гапирилса, биз маҳсулот айланмаси ошганини чуқур қониқиш билан қайд этмоқдамиз: жорий йилнинг январь–февраль ойларида унинг ҳажми 43 фоизга ўсган. Қайд этишим керакки, ГФР Россия табиий газининг энг йирик харидори ҳисобланади, Россиядан узатилаётган газ немис бозорининг 35 фоизини эгаллаган», — деган Россия президенти.
Россия ва Германия ҳамкорлиги истиқболларига тўхталар экан, Путин «ҳамкорлик — оддий ҳавойи сўзлар эмас, унинг ортида бутун бир корхоналар ва юз минглаб инсонлар тақдири ётади, — деган. — Албатта, бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз жаҳон иқтисодиёти барқарорлашувига катта ҳисса қўшади».
Меркель ўз навбатида, Путин билан музокаралар «интенсив» руҳда ўтаётганини таъкидлаб, Россияни «конструктив ҳамкор», деб атаган.
Унинг сўзларига кўра, Москва ва Берлин мавжуд муаммоларга қарамасдан, ҳар доим мулоқотда бўлиб туриши керак.
«Биз бир-биримиз билан гаплашамиз, барибир бир-биримизни яхши тушунамиз, агар кўп йиллик тарихга назар ташланса, барибир доимо мулоқотда бўлиб туришимиз зарур эканлигини англаймиз, чунки ҳар бир сўзлашув, ҳар бир суҳбат нимагадир ўргатиши мумкин», — деган Меркель.
Украина инқирози
«Ҳозиргина тор таркибда ўтган учрашувда Украинадаги жиддий ташвиш келтириб чиқараётган вазиятни ҳам муҳокама қилдик. Биз Меркель хоним билан «норманд формати»нинг бошқа аъзолари билан доимий алоқадамиз», — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Украинада норманд формати бўйича иш давом эттирилади. Бу ҳолатда Москва ва Берлин Минск келишувларининг оғишмай бажарилиши тарафдори.
«Тан олиш керак, бош вазифа сифатида ўт очишни тугашига сабаб бўлувчи, можаро томонларининг кучлари ва воситаларини ажратиш, Киев ва тан олинмаган республикалар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ҳудудларнинг алоҳида статусини қонуний йўл билан белгилаб қўйиш ва шу асосда у жойларда сайлов ўтказиш белгиланган эди», — деди Россия етакчиси.
Путин норманд формати иш бераётганига ишончи комил эканини таъкидлаб, «Киевдаги ҳокимият ва тан олинмаган бу республикалар вакиллари бир музокара столи атрофида йиғилиши керак»лигини айтиб ўтган.
«Можарони зиддиятлашаётган тарафларнинг тўғридан-тўғри мулоқотисиз ҳал қилиш мумкин эмас», — деган Путин.
Меркелнинг қайд этишича, Украинадаги сулҳ мамлакатдаги можарони тартибга солиш учун муҳим аҳамият касб этади. У шунингдек, Донбассда ЕХҲТ патрули аъзосининг ўлдирилишига ҳам шарҳ бериб ўтди.
«ЕХҲТнинг иши катта аҳамиятга эга ва албатта, можарони бартараф этиш учун жон куйдираётган инсонлар шу можаронинг қурбони бўлиши жуда қайғули. Биз бу муаммони ҳал этиш учун барча ишни амалга оширишимиз керак. Таассуфки, катта силжиш йўқ... бизга сулҳ кераклиги, шундан сўнг сиёсий қадамлар босилиши ҳақида яна ва яна такрорлашдан бўшамаяпмиз… Сулҳ, албатта, катта аҳамиятга эга», — деди канцлер.
Меркель Россиядан санкциялар олиб ташланишидан умидвор эканини билдирди, бунинг учун Украина бўйича Минск келишувлари амалга ошиши шарт. Канцлернинг сўзларига кўра, бу вазиятда Украиндаги вазиятни тартибга солиш учун янги келишув имзолаш мақсадга мувофиқ эмас.
«Албатта, буларнинг барчаси (инқирозни тартибга солиш) келажакдаги тартибга солишга йўналтирилган Минск сиёсий жараёни билан боғлиқ... Биз, албатта, Украина ўз давлат чегарасига тўлиқ эгалик қилишига эришилишини истаймиз», — дея қўшимча қилган Меркель.
Суриядаги вазият
Давлат раҳбарлари Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама қилишди.
Путиннинг қайд этишича, Россия Хон-Шайхундаги воқеалар тўлиқ суриштирилиши тарафдори.
«Биз ҳар қандай кимёвий қуролнинг ишлатилишини қаттиқ қоралаймиз, тинч сурияликларнинг ўлимига сабабчи бўлганлар албатта топилиши ва жазоланиши керак. Бироқ бу фақат астойдил ва холис ўтказилган суриштирувлардан сўнг амалга оширилиши лозим», — деган у.
Путин шунингдек, Сурия инқирозини тартибга солишда Россия ва бошқа мамлакатларнинг ролини изоҳлаган. Президентнинг сўзларига кўра, фақат Сурия халқи президент Башар Асадга энг катта таъсир ўтказиши мумкин.
«Бизнинг вазифамиз бирлаштириш, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, томонларнинг бир-бирини қиришига чек қўйиш, барча можаролашаётган томонларнинг сиёсий ҳамжиҳатликка эришиши учун шароит яратиб беришдан иборат», — деган Путин.
Унинг сўзларига кўра, бу йўлдаги илк қадам — ўт очишни тўхтатиш ва Россия ўзининг турк ва эронлик ҳамкорлари билан Остонада ўňган жараён давомида бунга эришган.
Меркель ўз навбатида, Сурияда сулҳ ўрнатилишини ёқлади ва терроризмга қарши курашда Россия билан жипс ҳамкорлик қилиш учун тайёрлигини билдирган.
«Биз Суриядаги вазият ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Мен федерал канцлер сифатида сулҳга эришиш, инсонларга ёрдам бериш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга солишни исташимизни таъкидладим. Бу, менимча, биз эргашишимиз мумкин бўлган ёндашув», — деган канцлер.
Митинглар ва АҚШдаги сайловлар
Путин шунингдек, митингларда Россия тартибни сақлаш органларининг хатти-ҳаракатлари Ғарб томонидан танқидга учрашанини ҳам изоҳлаб ўтган.
Давлат раҳбари органлар қонун доирасида ҳаракат қилишгани ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлади.
«Мен канцлернинг эътиборини митингларда намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина таёқлар ишлатиладиган баъзи бир Европа давлатларидаги ҳамкасбларига нисбатан Россия тартибни сақлаш органлари ўзларини анча босиқ ва эркин тутишига қаратдим. Бизда ҳанузгача бундай чораларга қўл урилмаган», — деган Путин.
Бундан ташқари, презиент Россиянинг АҚШдаги сайловларга таъсир ўтказгани ҳеч нарса билан исботланмаган, Америкадаги ички сиёсий курашларда ишлатиладиган миш-миш эканинини яна бир карра такрорлаган.
«Дарҳол очиқ жойда бундай миш-мишлардан Европа давлатларига, хусусан, биз билан дўстона муносабатда бўлган Германиядек давлатга таъсир ўтказишимиз мумкинлиги ҳақида тахмин илгари сураяпсиз», — деган Путин Россиянинг хорижий давлатлардаги сайлов жараёнларига таъсир ўтказишда айбланиши ҳақидаги саволга жавобан.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия бошқа давлатларнинг ички сиёсий ишларига аралашмайди, бироқ бундай уринишларга ўзида доим дуч келади.
«Таассуфки биз мутлақо қарама-қарши вазиятни кузатишга мажбурмиз: узоқ йиллар давомида Россиянинг ички сиёсий жараёнларига таъсир ўтказишга уриниб келишмоқда. Бу нодавлат ташкилотлар деб аталувчи ташкилотлар орқали ҳам, тўғридан-тўғри ҳам амалга оширилмоқда», — деган Россия президенти.
Мавзуга оид
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
12:21 / 23.11.2024
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
23:44 / 22.11.2024