19:03 / 06.05.2017
5785

ЮНИСЕФ эксперти: Ихтисослаштирилган муассасалар ошкораликни таъминлаши зарур

Фото: kun.uz

ЮНИСЕФнинг Тошкендаги бош идорасида БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси аъзоси Ренате Винтер иштирокида махсус интервью ташкил этилди. Суҳбат чоғида, халқаро эксперт Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда зарур бўлган жиҳатларни алоҳида санаб ўтди. 
 
“Ўзбекистонда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Омбудсманнинг пайдо бўлиши БМТнинг мамлакатга берган тавсиялари орасида муҳим ўрин тутади. Агарда болалар Омбудсмани “Болалар ҳуқуқи тўғрисида”ги конвенсия ижроси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳисоботи тақдим этилгунга қадар яратилмаса, биз яна қайтадан ушбу тавсияни берамиз. Умид қиламизки, Ўзбекистонда тез орада ушбу масала ҳал этилади”.

Ренате Винтер болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар катта масъулият ва юқори малакага эга бўлиши лозимлигини алоҳида қайд этди. 

“Болалар билан ишлашда энг профессионал ходимларни жалб этиш лозим. Болалар психологияси билан ишлай оладиган махсус прокурор, махсус инспектор, махсус адвокатлар бўлиши лозим. Мамлакат келажаги бўлган болалар учун оддий эмас, энг қиммат тиббий ёрдам воситаларидан фойдаланиш зарур”, - дея қайд этди Винтер. 

Фото: kun.uz

Интервью чоғида Ренате Винтер Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича Конвенцияси ва унинг қўшимча протоколлари қоидаларини амалга ошириш соҳасидаги чуқур ўйланган самарали сиёсатини юқори баҳолаб, мамлакатда ташкил қилинган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш модели, бола ҳуқуқлари барча жабҳаларини, шу жумладан, мулкий ва турар-жой соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган масалаларни босқичма-босқич хал этишга имкон беришини таъкидлади.

Халқаро эксперт 2017-2021 йилларда бешта устувор йўналиш бўйича амалга ошириладиган Ўзбекистон Республикасининг ҳаракатлар стратегияси дастури учун болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўз тавсияларини ҳам бериб ўтди: 

“Хорижий мамлакатларда болаларга бошланғич синфданоқ ҳуқуқ бўйича кичик фанлар ўргатилади. Масалан, улар дастлабки дарсларда болалар ҳуқуқи фанидан тўғри овқатланиш ҳақида тушунчага эга бўлишади. Айнан шу каби дарсликлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилишини тавсия қилган бўлар эдик. 

Бундан ташқари, мамлакатдаги Ихтисослаштирилган муассасалар ошкораликни таъминлаши зарур. Болаларнинг шарт-шароити, муаммолари тўғрисида очиқ маълумотлар бериши, вақти келганда керакли идора вакилларини болалар билан суҳбатга чақириши лозим. Бу айнан ота-она қарамоғида бўлмаган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, интернат ўқувчилари ҳаётига таалуқлидир. Умид қиламизки, янги стратегиялар дастурида ушбу масала ҳам атрофлича кўриб чиқилади”.

Top