Фан-техника | 19:19 / 09.05.2017
11889
3 дақиқада ўқилади

Ҳажми 1 битлик биринчи «кимёвий хотира» яратилди

Фото: hi-news

Ахборотни сақлашнинг янги усулларини ахтариш олимларни оддий нарсаларнинг шу пайтгача номаълум бўлган хоссаларини ихтиро қилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, ахборот сақлашнинг «классик» бирлиги бит эканлиги ҳаммага маълум. Квант тизимларда — квант бит (кубит) ишлатилади. Бироқ Польша фанлар академиясининг физика-кимё институти олимлари янги ахборот бирлигини ихтиро қилишди: кимёвий реагентларнинг учта бирлашган томчисидан иборат кимёвий битда томчилар шундай жойлашганки, уларнинг ичида рўй бераётган реакциялар маълумот ташувчи бўлиб хизмат қилади

Ихтиро учун доктор Конрад Гизински ва профессор Иржи Горецкининг гуруҳи масъул. Ахборотнинг янги бирлигини «chit» деб аташди — инглизча «chemical» ва «bit» сўзларининг қисқартмасидан. Биз учун анъанавий бўлмиш физик хотирада битлар 1 ёки 0 қийматга эга бўлиши мумкин. Улар электр токи, магнит майдони, лазер таъсири ва бошқа воситалар ёрдамида ёзилади, сақланади ва ўқилади, буларнинг барисини «физик таъсир» деган умумий тушунча остига бирлаштириш мумкин. Квант компьютерларида маълумотлар билан операциялар квант суперпозицияси ва квант чалкашлиги ҳодисаларидан фойдаланилади.

Кимёвий хотирада маълумот узатиш ва қайта ишлаш учун Белоусов-Жаботинский уиклли реакциялари мобайнида юз берадиган кимёвий жараёнлардан фойдаланилади. Бу реакцияларнинг хусусияти шундаки, биринчи цикл тугагач, дарҳол иккинчиси бошланади. Бу ҳолда, кейинги босқич учун зарур хом ашё олдинги реакция мобайнида тўлиқ шаклланиб бўлади. Албатта, бундай реакциялар вақт ўтиши билан сўниб боради, лекин уларнинг тўлиқ тўхташи учун юзлаб чикллар керак бўлади.

Польшалик тадқиқотчилар ўзларининг ишлари учун Белоусов-Жаботинский реакция вариантидан фойдаланишган, унда ҳар бир реакциядан циклнинг боришини яхшироқ кузатиш учун сўнг эритманинг ранги ўзгариб боради. Бундан ташқари, эритмаган рутений асосидаги ингибитор ҳам қўшилган. Кўк рангдаги ёруғлик билан ўритилганда рутений шарофати билан реакция тўлиқ тўхтаган. Ўз тажрибаларида олимлар уларнинг миқдорини ўзгартириб, эритма томчилари ўзаро жойлашувининг жуда кўп вариантини тадқиқ этишган. Натижада турли ўлчамлардаги уч томчидан иборат тизим энг яхши натижаларни кўрсатган. 

Ҳозирча маълумотни сақлаш давомийлиги 18,7 дан 19,5 сониягача давом этмоқда, бироқ тадқиқотлар давом эттирилганда бу вақт янада оширилиши мумкин. Бундан ташқари, кимёвий бит фақат 0 ва 1 қийматда эмас, учинчисида ҳам бўлиши мумкин, келажакда бундан технологияни янада такомиллаштириш учун фойдаланиш мумкин.