Самарқандда жаҳоннинг энг етакчи нейрожарроҳлари тўпланишди
5–7 май кунлари Самарқандда Бутунжаҳон нейрожарроҳлар жамияти федерациясининг ўқув курслари ташкил этилди. Турли давлатдан келган кўзга кўринган мутахассислар уч кун мобайнида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан маҳорат дарслари ўтказишди, уларни замонавий даволаш усуллари билан таништиришди.
Бутунжаҳон нейрожарроҳлар жамияти федерациясининг курслари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика нейрожарроҳлик илмий маркази томонидан ташкил этилди. Курсларни ўтказиш учун Россия, Хитой, Япония, Франция, Италия, Қозоғистон ва Қирғизистондан вакиллар таклиф этилди.
Ялпи мажлисда Самарқанд вилоят ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев, олий ва ўрта таълим вазири Рустам Қосимов, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, шунингдек, Бутунжаҳон нейрожарроҳлар жамияти федерациясининг ўқитиш ва таълим қўмитаси раҳбари, профессор Кончезно Ди Рокко, Осиё нейрожарроҳлар конгресси президенти профессор Йоко Като, Россиянинг Н.Бурденко номидаги нейрожарроҳлик илмий тадқиқот институти директори Александр Потапов, Республика нейрожарроҳлик илмий маркази директори Ғайрат Қориев чиқиш қилишди.
Профессор Ғ.Қориев президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашуви мобайнида махсус тиббий ёрдамни аҳолига кўрсатиш, энг илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муайян вазифаларни белгилаб берганини қайд этиб ўтди. Ўқув курслари ҳам ушбу вазифаларни бажариш доирасида ташкиллаштирилган.
Ғ.Қориевнинг сўзларига кўра, нейрожарроҳлик ёрдами республикамизда икки йўналишда кўрсатилмоқда: тезкор нейрожарроҳлик ва режали нейрожарроҳлик. Айни пайтда соҳанинг 270 мутахассисларидан 11 нафари фан доктори, 36 нафари эса фан номзоди ҳисобланишади. Нейрожарроҳлик хизматини ривожлантириш концепциясига кўра нейрожарроҳлик илмий маркази махсус илмий-амалий нейрожарроҳлик марказига айлантирилади. Унинг филиаллари Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ташкил этилади ва босқичма-босқич замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Шунингдек, етакчи хорижий клиникаларда мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилади.
Фақат сўнгги ойлар ичида ўзбекистонлик тўрт нафар ёш нейрожарроҳлар Японияда қайта тайёргарликдан ўтишган. Улардан бири — тошкентлик Шерзод Муҳаммадиев кунчиқар юртда уч ойлик таълим курсларини ўтаганини айтиб ўтди: «Мендан ташқари, самарқандлик, бухоролик ва наманганлик ҳамкасбларим ҳам малака оширишди. Биз тажрибали мутахассислар қўл остида юқори технологиялик ускуналарда ишлаш услубларини ўзлаштирдик. Яқинда ўзимизга ҳам турли хилдаги замонавий тиббий техникалар келтирилади. Биз уларни ишлатишга тайёр бўлишимиз керак».
Таълим курслари бошланишидан бир кун аввал москвалик профессор Геннадий Чимутин Самарқанд медицина институти клиникасида мураккаб операцияларни бошидан ўтказган 12 нафар беморни кўздан кечирган. У бош миядаги ўсимтани олиб ташлаш юзасидан операция ўтказган, бу эса ёш врачлар учун ўзига хос мастер-класс вазифасини ўтаган.
Nuz.uz мухбири миллий соғлиқни сақлаш тизимида муҳим ўрин тутадиган бу тадбирда қатнашиб, машҳур нейрожарроҳларни суҳбатга тортди, улар медицина соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва келгусидаги режалари билан ўртоқлашишди.
Бир вақтнинг ўзида Осиё нейрожарроҳлари конгресси президенти ва Япониянинг Фужита университети нейрожарроҳлик маркази раҳбари ҳисобланмиш профессор Йоко Като шундай деди: «Ўзбекистон ва Япония нейрожарроҳлари ўзаро муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Мутахассисларингиз Япониянинг энг яхши клиникаларида таълим олишмоқда. Мақсадимиз — икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириб, кадрларни режали алмашишни йўлга қўйиш. Самарқандда мен инсульт ва қон-томир нейрожарроҳлиги мавзусида чиқиш қиламан. Алоҳида фахр билан қайд этишим жоизки, биз бу ерда нейрожарроҳлик соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақидаги меморандумни имзолаймиз».
Рим-католик университети медицина маркази профессори Жан Перро Танбурини: «Қайд этишим керакки, Ўзбекистонда нейрожарроҳлик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар мақтовга сазовор. Бу таълим курсларида иштирок этиб, мамлакатингиз ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдим, янги дўстлар орттирдим. Самарқанд ва Рим жаҳон тамаддунининг икки маркази ҳисобланади. Сизларда қадимдан математика, физика, астрономия каби аниқ фанлар равнақ топган».
Академик Александр Потапов: «Нейрожарроҳликни ривожлантириш учун тиббиёт ходимининг улкан тажрибаси юқори технологияли ускуналар билан муштарак бўлмоғи керак, шунингдек катта маблағ керак. Мен мамлакатингизда медицинанинг бу соҳасига алоҳида эътибор билан ёндашилаётганининг гувоҳи бўлдим. Самарқандлик врачлар ўтказаётган операцияни кузата туриб, улар чуқур билим ва етарли тажрибага эга эканликларига амин бўлдим. Агар улар замонавий тиббий ускуналардан фодаланишни бошлашса, уларнинг иш самарадорлиги бир неча карра юқори бўлади».
Бутунжаҳон нейрожарроҳлар жамияти федерациясининг ўқув курслари доирасида Ўзбекистон ва Россия (Н.Бурденко номидаги нейрожарроҳлик ИТИ) ва Япония (Фужита университети нейрожарроҳлик маркази» ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024