Ўзбекистон | 19:16 / 10.05.2017
7767
2 дақиқада ўқилади

БМТ олий комиссари: «Ўзбекистоннинг илиқ ва дўстона муносабатини кўриб шу ерда қолгим келяпти»

Фото: Кун.uz

10 май куни «Тараққиёт стратегияси» марказида «Инсон ҳуқуқлари ва ўзаро ҳамкорлик» мавзусидаги Ўзбекистон Фуқаролик форуми бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн раҳбарлигидаги делегациянинг расмий ташрифи доирасида ташкил этилди. 

Мазкур форумда 50 га яқин нодавлат нотижорат ташкилот ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қатнашди. Улар БМТнинг олий комиссарига ўз савол ва таклифлари билан тўғридан-тўғри мурожаат этишди. 

«Биз бу ерга ҳукумат томонидан режалаштирилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга келдик. Албатта, бу ислоҳотлар узоқ муддатли бўлиб, маълум бир вақтни талаб қилади. Энг асосийси, мамлакатда ушбу ўзгаришлар жараёнининг бошланганлигидир. Биз мазкур ислоҳотлар доирасида Ўзбекистоннинг ҳамкори сифатида ҳаракат қилишни истаймиз. Ахир фақат бирлашибгина биз барча муаммоларни биргаликда ҳал этишимиз мумкин», - деди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари.

Шунингдек, тадбирда Зайд Раад Ал-Ҳусайн мазкур ташриф биринчиси бўлиб қолмаслиги, келгусида мамлакатда яна кўплаб учрашувлар ташкил этилишини маълум қилди. 

«Балки Ўзбекистонга қайтиб келишимга ҳожат ҳам қолмас. Сабаби, сизлар шундай дўстона ва илиқ кутиб олдингизки, балки бу ердан кетишим керак эмасдир?! Меҳмондўстлик учун ташаккур», - дея қўшимча қилди Зайд Раад Ал-Ҳусайн.

Мавзуга оид