Дунёда шундай инсонлар борки, яратганнинг унга тортиқ этган насибасига шукр қилиб, ҳалол меҳнати эвазига атрофидагиларнинг иззат ҳурматига сазовор бўлиб яшамоқликни афзал деб биладилар ва ўзларининг эзгу амаллари билан ҳавас қилса арзигулик ном, обрў қозонадилар. Бундай инсонларни парвардигор ҳам қўллайди. 

Лекин орамизда шундайлар ҳам борки, улар «енгилнинг устидан оғирнинг остидан» юриб, бировнинг пешона тери эвазига орттирган мол-мулкига кўз олайтириб, осонгина бойлик орттириш илинжида жирканч ишларга қўл уришдан, қабиҳ жиноятлар содир этишдан ҳам тап тортмайдилар. 

Ботир ака ўғиллари Шуҳрат ва Шерзод Ортиқовларга (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзининг ота касби бўлган дурадгорликни ўргатиш илинжида ҳарчанд куйинмасин, нокас ўғиллар унга сира ҳам қулоқ солмасдан, отанинг топганига баковул бўлиб қолишдан нари ўтмадилар. Уста дурадгор Ботир ака шу ҳунари кетидан икки ўғлини ҳам вояга етказиб, уйлантиришга улгурган эди. Ҳар бири оила боши бўлган ўғиллар рўзғор тебратиш, оила боқиш, орзу ҳавас қилиш ўрнига гўё меҳнат қилишга арзигулик тайинли ишнинг ўзи йўқлигини баҳона қилиб юравердилар. Шўрлик ота эса, ўғиллари эртага ўз рўзғорини қай йўл билан тебратишини, текинтомоқлар филни йиқитгудек кучга кирибдилар ҳамки бирор-бир юмушни бажара олмасликларини ўйлайвериб касалманд бўлиб қолди.  

Бу орада бир ҳовлида сиғмаган келинлар ҳам бир-бирлари билан кунора жанжаллашар, бунинг оқибатида ака-укалар хотинлари ҳимоясида бир-бирларини янчиб ташлашга тайёр душманларга айланиб қолишди. Ўртада шўрлик Ботир ака аёли Хосият хола билан бу муаммоларнинг охирини ўйлайвериб буткул адойи тамом бўлдилар.  

Шу зайлда ўтиб бораётган кунларнинг бирида Ботир акани йўқлаб келган жияни Комилжон меҳмондорчиликка келади. Комилжон узоқ йиллардан бери Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ўзининг меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, ҳаттоки, бегона юртда ҳам ўзининг меҳнати, уддабуронлиги билан  айрим маҳаллий руслардан ўзиб кетган эди. Лекин, 40 ёшга бориб қолган бу йигит ҳали уйланишни ўзига ихтиёр этмаган. У ерда ўзининг бизнеси, қўша-қўша савдо мажмуаларининг эгаси саналган Комилжоннинг файз-барака, меҳр-оқибат йўқолиб бораётган ушбу хонадонга ташриф буюриши Ботир ака хонадонидаги муҳитни тубдан ўзгартирди. 

-  Россияда катта бизнес бошлаганман, йўқ демасангиз жиянларим Шуҳрат билан Шерзодни ўзим билан бирга олиб кетсам, сабаби, у ерда менга ёрдам берадиган, менга қарашадиган ўзимнинг жигарларим бўлса дегандим.

Комилжоннинг бу таклифига Ботир ака оиладаги ҳолат ва муҳитни эътиборга олиб, ҳеч иккиланмасдан розилик берди. Бекорчи ўғилларнинг эса, тайинли иш топилганидан, бошларига бахт қуши қўнганлигидан оғзи қулоғида эди.