Давлат раҳбари Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ерни, ерости бойликларини асраб қолишга ҳамда муҳофаза қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Қонунга асосан Жиноят кодекси 196-1 ҳамда 196-2-моддалар билан тўлдирилди.
196-1-модда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олишни назарда тутади. Унга кўра, фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш, бундан ерости сувлари ва дарёлар ўзанларида жойлашган фойдали қазилмалар мустасно, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
196-2-моддада эса фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Унга кўра, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз казиб олиш, бундан ерости сувлари ва дарёлар ўзанларида жойлашган фойдали қазилмалар мустасно, БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар ўша ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
















