Ўзбекистон | 22:35 / 10.05.2017
9606
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарини қабул қилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайнни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва БМТ, ушбу нуфузли универсал халқаро ташкилот институтлари, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани қайд этилди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими яратилган. Ўзбекистон Конституцияси билан бир қаторда 16 кодекс ва 400 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинган. Парламент Омбудсмани ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ фаолият кўрсатмоқда, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм – Бизнес-Омбудсман ташкил этилди.

Яқинда тасдиқланган ва моҳиятига кўра БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг «йўл харитаси»га айланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришни такомиллаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар дастури белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг ўнта шартномасига қўшилган. Бугунги кунда ушбу ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Фото: ЎзА

Зайд Раад ал-Ҳусайн Шавкат Мирзиёевга самимий қабул, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мавзуга оид