Жамият | 10:01 / 11.05.2017
12916
6 дақиқада ўқилади

Бухорода кекса аёлга 20 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказган аёл қўлга олинди

Фото: Fotolia

Аҳли дониш айтганидек, «Дунё шайтоннинг дўконидир. Ундан бирор нарсани ўғирламоқни орзу қилганлар доғда қолади. Азалдан маънан заиф кимсалар қалбига ўрнашиб олган лаин ғалаба қилмасдан қўймас. Аммо, ақли қусурдан ҳоли, тафаккури тиниқ киши раҳмонга шерик, у атрофдагиларни сийлаш, раҳм қилишдан таскин топади. Бироқ ожизу нотавон бўлсада, баъзан шайтоннинг қўли устун бўлиб қоларкан»...

74 ёшни қарши олган Назокат ая бомдод намозини ўқиб туриб, тиловат чоғида элга омонлик, юртга тинчлик, оиласига хотиржамлик тиларкан, «ёмонларга, инсоф бер», дея дуо қилди. Бугун унинг туғилган куни. Якка-ю ёлғиз фарзанди Акромжон ва унинг оиласи Россия Федерациясидан туриб телефон орқали онаизорини ушбу кун билан табриклаб туриб, барча қариндошларини йиғиб улар билан туғилган кунни нишонлашни, бир икки қариндошига унинг ўрнини билдирмай онасининг кўнглини кўтариб бу муборак кунда унинг ёнида бўлишларини бот-бот тайинлар экан, айни кунда кўнгли ўксик онасининг ёнида туриб, унинг дуосини олишга, фарзандлик бурчини адо этиш бахтидан мосуво эканлигидан кўзлари намланди...

Кечга яқин Назокат аянинг хонадонига бирин кетин кўплаб қариндошлари турли совға-саломлар билан ташриф буюриб, бир зумда хонадонда хурсандчилик, ўйин-кулги ҳукмрон бўлди. Меҳмонлар ҳайҳотдек уйда яратилган шароитларни, хоналардаги қимматбаҳо буюмлар-у, жавонларда дид билан терилган кумуш ва чинни идишларни, йўлакларни безатиб турган қандиллар-у, тўшалган гиламларни томоша қилиб хуш кайфият билан туғилган кун соҳибасига эзгу ниятларни, тилакларни тилаш билан овора бўлишиб, қарангки, тун алламаҳал бўлиб қолганлигини ҳам сезмабдилар. Назокат ая эса бундай эътибор ва эҳтиромдан мамнун, юзида қувонч, кўзларида хотиржамлик ёшлари. Одам оласи ичида бўлади, деганларидек кимдир уйдаги буюмлар ва дастурхондаги ноз-неъматлардан Назокат аяга ҳавас қилиб, музейга айланган уйни яхши ниятда томоша қилиш билан банд бўлса, уларнинг орасида юрагида ҳасад куртаклари уйғонган Гулчеҳра барча қатори ўзини гўё сипо, ақлли ва тарбияли қилиб кўрсатиб, Назокат аянинг меҳрини қозонди-ю, «бир оёғи ерда, бири эса гўрда бўлган бу кампир бунча мол-дунёни нима қиларкин» дея кўнглида қора ниятларини ими-жимида амалга оширишни ўзича режалаштирди.

Дастурхон атрофида йиғилганлар Назокат аянинг ҳақига дуолар ва ниятлар билдириб, тура бошлаганларида Назокат ая уларнинг бемаҳалда кетмасликларини, уйида қолиб ётишлари учун шароит борлигини бот-бот таъкидлар экан, бу таклиф Гулчеҳрага мойдек ёқиб тушди.

-  Холажон, ҳечам хафа бўлманг, булар кетаверсин, мен ўзим бу кеча ёнизда қоламан, - дея Назокат аяни пинжига кирди. 

Ҳамма уй-уйига тарқалганида Назокат ая ва унинг «меҳрибон» жияни алламаҳалгача суҳбатлашиб, тонгга яқин уйқуга кирдилар. Гулчеҳра эса болаларини йўқотган мушукдек режаларини амалга ошириш учун пайт пойлаб тўлғониб чиқарди. Ва ниҳоят кун давомида ташвиш ва меҳмондорчиликдан ҳолдан тойган Назокат ая ёш гўдаклардек ухлаб қолганида Гулчеҳра секингина ўрнидан туриб, уйдан ўзига керакли бўлган нарсаларни қидира бошлайди. Назокат ая ухлаб ётган хонадан ташқари ҳамма уйларни бирма-бир кўздан кечиргач, навбат ётоқхонага келди. Ётоқхонадаги жавонда турган «сирли сандиқча» «чапдаст»нинг эътиборини қозонмай қўймади. Унинг ичида баҳоси 18.100.000 сўмлик турли хилдаги тилла тақинчоқлар, 1.000 АҚШ доллари, баҳоси 100.000 сўм бўлган фотоаппарат ҳамда Назокат аянинг фуқаролик паспорти ва уй ҳужжатлари сақланар эди. Сандиқчадаги бу бойликлардан ўзини йўқотиб қўйган Гулчеҳра уларни қўлга киритгач «қуённинг расмини чизиш»ни ҳам дарров эплади...

Назокат ая эрталаб уйғонса, унга меҳр кўрсатган, мушукдек беозор жияни ётоғини йиғиштирмай қочиб қолган. Шунга ҳам Назокат ая, «Жияним шунақанги фаросатлики, мени уйғониб қолмасин, ухлаб ором олишимни кўзлаб менга билдирмасдан кетиб қолибди», деб хаёлидан ўтказди-ю, аммо, «меҳрибон» жияни унга 20.345.270 сўмлик моддий зарар етказиб, воқеа жойидан яширинганлигидан бехабар эди.

Орадан бир кун ўтиб вилоят ички ишлар идоралари ходимлари кенг қамровли «Тозалаш» тадбири давомида Назокат ая яшаётган хонадонга келиб, суҳбат ўтказадилар. Фуқаролик паспортини кўрсатмоқчи бўлган онахон ётоқхонадаги сандиқчани узоқ излайди ва топа олмагач, унинг гумдон бўлганлигини пайқаб ариза орқали Бухоро шаҳар ИИБги мурожаат қилади.

Ўтказилган тезкор-суриштирув тадбирлари давомида Назокат аянинг «тузини еб тузлиғига тупурган» жияни Гулчеҳра қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. 

Бахтиёр Раҳматов, капитан                
Бухоро вилояти ИИБ

Мавзуга оид