Ўзбекистон | 15:25 / 12.05.2017
13613
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон делегацияси Фарғонага ташриф буюрди

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрига Қирғизистон Республикаси Баткен вилоятининг Қадамжой тумани ва Қизил-қия шаҳри фаоллари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегация аъзолари ташриф буюрди. Меҳмонларни Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов, Фарғона шаҳар ҳокими Шавкат Эркабоевлар кутиб олди.

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида бўлиб ўтган мулоқотлар чинакам дўстлик шодиёнасига айланди. Бу ерда Фарғона шаҳри ҳамда шаҳар ва туманлардаги 170 га яқин корхона, кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.

“Фарғонаазот”, “Кварц” акциядорлик жамиятлари, “Сайқал”, “Фар антиквор инвест”, “Аброр” каби хусусий корхоналар томонидан халқаро талаблар асосидаги сифатли маҳсулотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Шу ернинг ўзида савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қирғизистонлик тадбиркорлар шу куни Ўзбекистондаги 15 га яқин корхона ва ташкилот билан шартнома имзолашди.

Шундан сўнг делегация Фарғона шаҳри марказидаги минг ўринли Ислом Каримов номидаги театр ва Санъат саройида бўлди. Сарой атрофидаги 40 гектар майдонга 10 минг тўп манзарали дарахт экилиб, сўлим хиёбон барпо этилганлиги, мусиқали фавворалар иқлим мўътадиллигини таъминлаётганлиги, кенг ва ёруғ санъат кошонасининг эшик ва устунлари миллий услубда безатилганлиги ҳамда саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилганлигига гувоҳ бўлдилар. 

Делегация аъзолари ташриф давомида янги бунёд этилган Сув спорти мажмуасини ҳам бориб кўришди. Сув ҳавзаси, машғулот ва тренажёр залларига эга мазкур мажмуада болалар сузиш, синхрон сузиш, сув полоси каби спорт турлари билан шуғулланмоқдалар.

Янгидан бунёд этилган 20 минг ўринли стадион ўзининг ноёб меъморий-муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. «Истиқлол» стадиони халқаро талабларга тўла жавоб беради. Тўртта ёритиш минораси худди шаҳарнинг тўрт томонидан мухлисларни бу ерга чорлаётгандай таассурот уйғотади. Замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилгани унинг тунда ҳам худди кундузгидек чароғон бўлишини таъминлайди. Қардош меҳмонлар мазкур сатадионда ҳам бўлиб, бунёдкорлик ишлари, стадион имкониятлари билан танишдилар.

Айтиш жоизки, марғилонлик мутахассислар бир йилда 3 марта пилладан ҳосил олиш ишларини йўлга қўйганлар. Бу ҳам кўплаб хорижлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш натижасида вужудга келди. Меҳмонлар шаҳардаги “Ёдгорлик” хусусий корхонасида ҳам бўлиб, бу ерда пилладан ипак олиниши жараёни  ва унинг имкониятларига гувоҳ бўлдилар.

Бугунги кунда марғилонлик абрбандчилари томонидан қадимий 17-18-асрга тегишли бўлган адрас нусхаларини қайта тиклаш йўлга қўйилди. Меҳмонлар абрбандчилар ҳамда адрас тўқилиш жараёнлари билан ҳам танишиб янги нусхадаги адрасларни кўзда кечирдилар.

Аҳрор Зиё, Фарғона

Мавзуга оид