Жамият | 14:47 / 13.05.2017
16413
4 дақиқада ўқилади

Мия саратонини даволовчи вирус хавфсизлик синовидан муваффақиятли ўтди

Фото: Fotolia

Америкалик биологлар бош миядаги саратони ўсмаларини йўқ қилиш учун ҳерпес вирусидан фойдаланиш борасидаги клиник синовларни муваффақиятли якунлашди: тажрибаларнинг кўрсатишича, бундай даволаш усули инсон учун мутлақо хавфсиз, дейилади Clinical Cancer Research журналида нашр этилган илмий мақолада.

«Биз синовдан ўтказган HSV1716 вируси, ўз тузилиши билан тери саратонини даволашда фойдаланиш учун аллақачон маъқулланган T-Vec вирус препаратига жуда ўхшаш. Онколитик вируслар улкан даволаш салоҳиятига эга, бир вақтнинг ўзида фақат ўсма ҳужайраларига ҳужум уюштиришга мўлжаллангани учун минимал заҳарловчи самарага эга бўлишади», — дейди Коламбусдаги Оҳайо университети олими Тимоти Крайп.

Сўнгги йилларда молекуляр биологлар ва тиббиётчилар саратон, аллергия, диабет ва бошқа даволаб бўлмас касалликларга қарши курашишда иммунотерапиядан алоҳида умид қилишмоқда. Бу усул моҳиятан жуда жўн — олимлар турли аксилтана, тирик микроблар ва бошқа бир қатор ғайриоддий «хўрак»лар воситасида инсон иммунитетини саратон ҳужайраларига қарши «қайрашмоқда».

Саратонга қарши курашнинг истиқболли усулларидан бири — саратон ҳужайралари ичига кириб, иммун тизимининг диққатини жалб қилиб, уларни заифлаштирувчи ёки йўқ қилувчи махсус гени модификацияланган вируслардан фойдаланиш ҳисобланади. Бу вирусларнинг бир қатор ноёб устунликлари бор — уларни операция қилиб бўлмайдиган ўсмаларга киритиш мумкин ҳамда улар соғлом ҳужайраларга тегмайди, чунки соғлом ҳужайралар ичида бўлина олишмайди.

Крейпнинг айтишича, T-Vec’нинг яратилиши ва унинг дастлабки синовлари кўрсатмоқдаки, баъзи бир ҳолатларда бу вируслар соғлом нейронлар ичида яшириниб, чарчоқ, шамоллаш ва бошқа салбий ҳолатлар ҳосил қилиши мумкин. Буларнинг барчаси вирусотерапияни олиб ташлаб бўлмайдиган ўсмалар — глиома ва бош миядаги пайдо бўлган бошқа хатарли шишларни даволаш имкониятини шубҳа остига келтириб қўйди.

Бу муаммони ҳал қилиш учун олимлар AmGen корпорцияси (T-Vec’ни ишлаб чиққан) билан ҳамкорликда ҳерпес вирусининг янги турини яратишди, унинг ДНКсидан нафақат соғлом ҳужайралар ичида кўпайиш имконини берувчи генлар ҳамда иммун тизими учун вируснинг «кўринувчанлиги»  олиб ташланди, балки нейронлар ичида унинг яшовчанлигини таъминловчи учаткалар ҳам йўқотилди. 

HSV1716 деб ном олган ушбу вирусни Крейп жамоаси сўнгги босқичдаги бош мия, суяк тўқимаси, мушаклар ва буйрак саратони билан оғриб турган тўққиз нафар кўнгилли — 8 ёшдан 30 ёшгача бўлган уч бола ва олти йигитда синаб кўришган.

Тажрибанинг кўрсатишича, вирус саратон ҳужайраларига муваффақиятли кира олган ва тўққиз ҳолатнинг олтитасида ўсмадан ташқарида кўпайиш билан боғлиқ сурункали инфекциялар ва бошқа салбий оқибатлар келтириб чиқармаган.

Олимларнинг қайд этишларича, бирор бир ҳолатда ўсмаларнинг ўсгани қайд этилмаган, мижозлардан бирида эса саратон ҳужайраларининг оммавий қирилишини келтириб чиқарган, бу ҳолат биологларни HSV1716 билан тажрибаларни клиник шароитларда давом эттиришга ундаган.

Ҳозирча вирус ўсмаларни йўқ қилишга қодир ёки қодир эмаслигини тўла аниқ эмас, чунки тажрибалар жуда қисқа вақт ўтказилган ва бир неча ҳафтадан сўнг кимёвий терапия қайта ўтказилиши учун тўхтатилган. Нима бўлганда ҳам, Крейп ва унинг ҳамкасблари ҳерпес вирусининг ушбу версияси ўз олдига қўйилган вазифани T-Vec’дан ёмон бажармайди, боз устига, бош мия ва бошқа асаб тўқималари учун янада хавфсиз, деб ҳисоблашмоқда.

Мавзуга оид