Гўдак пок ва беғубор бўлиб туғилади. Оиладаги муҳит, ота-она бераётган тарбия, қолаверса, маҳалла-кўй ва бошқалар таъсирида унинг теварак-атрофга, жамиятга бўлган муносабати, дунёқараши шаклланади. Бола ўзини ўраб турган ана шу таъсирлар натижасида яхши ёки ёмон сифатларни ўзлаштиради. Эндигина ўн етти ёшни қаршилаётган Дилрабонинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаётида ҳам шундай бўлди. Тарбиясида йўл қўйилган хатолик сабаб характеридаги ёмон сифатлар, иллатлар ўз кучини кўрсатди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳали оқни қорадан ажратишни билмаган, ҳаётда яхши-ёмоннинг фарқига бормайдиган бу қиз ана шу ёшида қўлини қонга белади. Арзимаган пулни, деб бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Айни ўйнаб-куладиган, навқирон ёшлик даврини панжара ортида ўтказишга маҳкум этилди.

Марди бобо ёши саксонга бориб қолган, ногирон қария. Анча йиллар аввал кампири вафот этгач, ўғли Муродни ёнида олиб қолди. Қизи Нафисани тарбиялаб, вояга етказиш учун бошқа бировнинг қўлига бериб юборди. Мурод вояга етди, аммо ақли заифроқ бўлгани учун, оила қуролмади. Нафиса эса улғайиб, оилали, икки ўғил, икки қизли бўлди. Дилрабо ана шу Нафисанинг иккинчи қизи. Фарзандларининг тақдири учун елиб-югурган Нафиса турли жойларда ишлади. Охир-оқибат уйи ёнидан кичик дўконча очиб, савдо қила бошлади.

Дилрабо кичик фарзанд бўлгани боис, бироз эркароқ, айтганини қилдирадиган бўлиб ўсди. Бешинчи синфдаёқ мактабга бормай қўйди. Онасига “Мактабда ўқимайман, сизга ёрдамчи бўламан”, деганида она эътироз билдирмади. Қизининг савдодан топаётган бир-икки сўм пули кўзига чўғдай кўринди.

Гоҳида Нафиса қизи Дилрабони ёнига олиб отаси ва укасини кўргани уларникига борар, уй юмушларига қарашиб, ёрдам бериб келарди.

Кунларнинг бирида иккаласи Марди бобонинг уйига боришди. Уйни йиғиштириб бўлишгач, Нафиса: “Ота, нафақангизни олгандим, сандиққа солиб қўйяпман”, деб пулни сандиққа солди. Буни Дилрабо кузатиб турарди.

-  Бобо, пулингиз кўп экан-ку, эллик минг сўм беринг, - деди у онаси ташқарига чиққанидан фойдаланиб.

-  Майли, бераман, - деди бобо. – Фақат якшанба куни келиб, овқат пишириб берасан.

Дилрабо “хўп” деб қўйди. Аммо “Бобом роса хасис-да! Ҳозир берса, пули камайиб қолармиди”, деб кўнглидан ўтказиб қўйди.

Орадан бир неча кун ўтди.

-  Қизим, мана буни ол, - деди Нафиса унга пул узатаркан. – Бозорга бориб, керакли нарсаларни олиб кел.