Бўлғуси онанинг юраги остида митти юракча уриб туради. У "Мен шу ердаман, тез орада келаман, она" дея белги бериб туради. Гўдак дунёга келиш ва қуёш тафтига қўл чўзиш учун ўз соатини кутади. Уни кутишади. Уни севишади. Юрак уради - дук-дук-дук...

Бироқ ҳар доим ҳам биз ўйлагандек бўлавермайди. Баъзан бу жараёнда бузилиш қайд этилиб, митти мўъжизанинг дунё юзини кўришига таҳдид пайдо бўлади. Доим эмас, албатта, лекин шундай ҳолатлар учрайди. Баъзан болакайлар дунёга келишади, бироқ кейин ота-оналар уларнинг ҳар бир юрак зарби учун қайғуришади. Шунда оиладаги чорасизлик муҳити ўрнини ёрдам ва мўъжизага бўлган умид эгаллайди.

Гап нима ҳақида бораётганини англагандирсиз - туғма юрак пороги. Бундай боланинг туғилганидан то сўнгги кунигача ота-онаси ва шифокорлар қаттиқ назорат қилишади. Бироқ, афсуски, операция қилдиришга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Баъзан юрак тизимида узилиш кузатилиб, боладан бир умрга ажралиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

"Қандай қилиб? Ўзбекистонда болаларни даволаш бепул-ку, ахир", дейишингиз мумкин. Ҳа, республикадаги болалар тиббиёти бепул. Шифокорлар ҳам болажонларга ёрдамга шай. Аммо операцияга эҳтиёжи бўлган барча болаларга ҳам оксигенераторлар етмайди, уларсиз эса очиқ юракда операция ўтказиш имкони йўқ. Юрак пороги қайд этилган болаларда жарроҳлик амалиётини деформация юзага келмасиданоқ, имкон қадар тезроқ ўтказиш керак бўлади. Шунда бола тезроқ қайта тикланади ва юрак фаолияти нормаллашади - шифокорлар шундай фикрда.

15 нафар болакайнинг омади келди. "Сочная долина" савдо маркаси вакиллари "Ҳаётни биргаликда қутқарамиз!" акцияси доирасида туғилиши биланоқ қўрқинчли ташхис қўйилган бу болаларни операция қилдириш имконини топишди. Бу уларнинг ҳар бири, эртанги кунга ишонч билан қарай олмайдиган ота-оналар учун мўъжиза эди. Уларга нажот қўли чўзилди. Қандай қилиб дейсизми? Шунчаки 2015 йилнинг ноябрь ойи давомида "Сочная долина" шарбатлари сотувидан тушган пул воситаларининг бир қисми Тошкент тиббиёт педиатрия институти хайрия ҳисобига ўтказилди. Акция якунида ушбу марказ шифокорлари, кардиожарроҳлари болаларга ёрдам беришга киришишди. Йиғилган пулларга 15 та махсус аппарат - оксигенераторлар қўлга киритилди ва 2016 йилнинг январь-февраль ойларида ниҳоят, операциялар ўтказилди.

Бугун, бир йил вақт ўтгач, юрак соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказилган болаларнинг барчаси ўзини яхши ҳис қилмоқда. Умид қиламизки, мазкур акция давом этади, чунки Ўзбекистонда бировнинг дардига шерик бўлувчи кишилар талайгина. Айниқса, сершовқин парклар, мактаб парталари ва қувноқ дўстлар давраси ўрнига фақат шифохоналару оқ халатли шифокорлар қуршовидан иборат бўлган болалар ҳақида гап кетганда. Оналар фарзандлари ва уларнинг дардманд юраклари тўғрисида гапирганларида кўз ёшларини тия олишмайди. Ҳали 1 ёшга ҳам тўлмай, юрак хуружини бошидан ўтказган болани кўрганда ким ҳам кўз ёшларини тутиб тура оларди?! Бу "мотор" қарияларда ишдан чиққанида - яқинлари асабийлашишади. Болаларда кузатилганда эса - ота-она азобланади, зеро болалардаги юрак касаллиги табиий ҳисобланмайди. У ҳали шаклланиб улгурмаган психика ва тақдирни "синдиради".