Жамият | 11:09 / 07.06.2024
3888
3 дақиқада ўқилади

Китоб ўқиб берилган боланинг ақлий ривожланиши китоб ўқилмайдиган оиладагига солиштирганда 2 баравар юқори бўлади - тадқиқот

Ўзбекистонда уйида камида битта адабиёт бўлган болалар улуши 73,6 фоизни, уйида 10 дан ортиқ китоб бор бўлган болалар улуши 13,9 фоизни ташкил этади. Бироқ болаларнинг 26,4 фоизининг уйида улар учун мўлжалланган китоблар йўқ.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда хонадонларда болалар учун мўлжалланган китобларнинг мавжудлиги уларнинг саводхонлик-ҳисоблаш кўникмасига қандай таъсир қилишини ўрганди.

Тадқиқот 3-5 ёш оралиғидаги фарзандлари бор оилаларда болалар адабиётининг мавжудлиги ва саводхонлик-ҳисоблаш қобилиятининг ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни ўрганишга бағишланган. Боғлиқликни текшириш китоблар сонидан ташқари бир қанча омилларга асосланган. Хусусан: оила аъзоларининг болага китоб ўқиб бериши, онанинг таълим даражаси ва оиланинг молиявий ҳолати.

Тадқиқот доирасида 3-5 ёш оралиғидаги болаларга қуйидаги 3 та савол берилган:

- алифбодан камида бешта ҳарфни таниши;

- бирдан бешгача рақамларни билиши;

- ўз исмини ёза олиши.

Ва аниқ бўлдики, Ўзбекистондаги оилаларда болалар учун мўлжалланган китоблар сонининг 1 бирликка ошиши улардаги саводхонлик-ҳисоблаш кўникмасининг нормал ривожланганлик даражасида бўлиш эҳтимолини тахминан 12,39 фоизга оширади.

Оиласида кимдир китоб ўқиб берган болаларнинг меъёрдаги ақлий ривожланиш даражаси китоб ўқилмаган оиладаги боланикига нисбатан салкам 2 баравар юқори бўлади.

Ҳар йили дунёда 249 миллион нафарга яқин бола муайян ресурслар етарли бўлмагани оқибатида ривожланишдан орқада қолмоқда. Когнитив ва ижтимоий-эмоционал қобилиятни ривожлантириш мақсадида ёшларга йўналтирилган инвестициялар келажакдаги иқтисодий самарадорликнинг пойдеворини яратади. Бола 3-5 ёш оралиғида бўлган пайтда унинг миясида нейронлар шаклланади. Шу боис давлат ижтимоий дастурларида айнан мазкур ёшдаги болаларга алоҳида эътибор қаратиш долзарб аҳамият касб этади.

Уйда болалар учун мўлжалланган адабиётларнинг мавжудлиги тарбиячи ва болаларнинг ўзаро муносабатларини ривожлантиради ҳамда болаларнинг умумий ривожланишига ижобий таъсир қилади”, дейилади тадқиқотда.

Таҳлилга кўра, Ўзбекистонда уйида камида битта адабиёт бўлган болалар улуши 73,6 фоизни, уйида 10 дан ортиқ китоб бор бўлган болалар улуши 13,9 фоизни ташкил этади. Бироқ болаларнинг 26,4 фоизининг уйида улар учун мўлжалланган китоблар йўқ.

Тадқиқот муаллифлари тавсиясига кўра, болалар саводхонлигида уйда китоб ўқиш муҳимлиги инобатга олинган ҳолда она ва бола саломатлиги дастурларига ўқишни тарғиб қилишни қўшиш, ота-оналарга болаларни эрта ёшдан ўқита бошлашнинг муҳимлиги ҳақида маълумот бериш лозим. 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид