23:33 / 25.05.2017
18155

Машмашалар гирдобидаги на озод ва на маҳбус Жулиан Ассанж

Tjournal жиноий иш иштирокчисига айланган ва Россия билан хуфиёна алоқаларда гумон қилинаётган Wikileaks асосчиси ва эркин ахборот яловбардорининг таржимаи ҳоли борасидаги мақола эълон қилди.

Жулиан Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонаси биносини балконида, 2016 йил. Фото Sputnik

Жорий йилнинг 19 май куни Швеция ҳукумати 45 ёшли Жулиан Ассанжга нисбатан эълон қилинган ва унга 5 йил давомида таҳдид солиб келган номусга тажовуз борасидаги айбловни бекор қилди. Wikileaks сайти асосчисининг исми 2010 йилда Америка ҳукумати томонидан фош қилингач, машҳур бўлиб кетган эди, ўшандан бери унинг исми тиллардан тушмай келаётир.

Махфий ахборотларни жамоатчилик билан бўлишишни истаган Ассанж Ироқдаги ҳарбий жиноятлар ҳақида ҳикоя қилган ва турли давлатларнинг махфий сиёсий манфаатларини ёритиб келган. Бу ишлар билан параллел равишда Ассанж Россияга бўлган муносабатини кескин ўзгартирган, Америка махсус хизматини ўзига нисбатан қайраб, турли можароларга аралашиб қолган ва алал-оқибатда, Эквадорнинг Британиядаги элчихонасида биқиниб ўтиришга мажбур бўлиб турибди.

Биринчи катта фош этиш

2006 йилда австралиялик ҳакер Wikileaks сайтига асос солади, ресурсни ривожлантиришда дастурчининг дўстлари, шунингдек, аноним манбалар иштирок этади. Дастлабки чиқишлар Сомали шайхининг давлат арбобларини ўлдириш режалари, Кения ва террорчилик ҳамда ҳарбий жиноятларда гумонланадиганлар ушлаб турилувчи Американинг Гуантанамо қамоқхонасида илдиз отган коррупция ҳақида ҳикоя қилган эди.

Халқаро нашрлар, жумладан, The Guardian ва The New York Times Wikileaks маълумотларини ёрита боради, бунинг оқибатида 2009 йилда АҚШ армияси аскари Брэдли Мэннинг Ассанж билан алоқага чиқади. У Америка ҳарбийларининг Ироқдаги жиноятлари ҳақида ҳикоя қилиб беришни ич-ичидан истаб юрган эди ва тез орада Ассанжга минглаб махфий ҳужжатларни бера бошлайди. Уларнинг ичида энг асосий топилма АҚШ армияси вертолёти бортидан туриб бегуноҳ инсонларнинг ўққа тутилиши видеоёзувидир.

2007 йилнинг 12 июлида пиёда қўшинларга ёрдам бериш учун жанговар ҳаракатлар зонасига чақирилган Америка вертолёти 20 га яқин қуролсиз кишини ўққа тутади, бу ҳолатда гўёки вертолёт учувчиси уларнинг қўлида қуролга ўхшаш нарса кўриб қолган бўлади. Шундан сўнг вертолёт воқеа жойига етиб келган машинага қарата ўт очади ва тўрт кишини ўлдиради ва икки болакайни яралайди. Ҳужум суратга туширилган ёзув 17 дақиқа давом этади.

Видеоёзувнинг иккинчи, 39 дақиқалик кўриниши ҳам бор, унда вертолёт ярадорлар бекиниб турган жой биносига қарата бир неча ракета зарбаси беради. Авиазарба натижасида Reuters агентлигининг бир неча журналисти, жами 19 киши ўлдирилади.

2007 йилда Пентагон ҳужум натижасида бор-йўғи 9 нафар жангари ўлдирилганини, улар дастлаб вертолётга қарата ўт очишганини таъкидлаб ўтади. Ўлдирилган журналистларни Америка ҳукумати «тасодифий қурбонлар», деб атайди ва ўт очилиши ёзувини ошкор этишдан бош тортишади.

Wikileaks’нинг мақсадлари: «Коррупция даражасини пасайтириш, ҳукумат ишини яхшилаш ва ахборот тарқатиш йўли билан демократик қадриятларни мустаҳкамлаш».

2010 йилнинг декабрида, видеоёзув Интернетда тарқалгач, АҚШда катта можаро келиб чиқади. Ироқ уруши мавзуси шундай ҳам телеэкранлардан тушмай келаётган эди, бу ролик эса мубоҳасани янги сифат даражасига чиқаради.

Ўша йилнинг октябрида Ассанж Ироқ уруши ҳақида Wikileaks’да 400 мингга яқин ҳужжатни эълон қилади. Ҳисоботларнинг катта қисми 2004 йилдан 2009 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Ўша пайтдаги АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти сайт эгаларини махфий ҳужжатларни ошкор этишгани учун танқид остига олади. Одамларга қарата ўқ узган вертолёт экипажидан ҳеч ким жазога тортилмайди.

Шов-шувли маълумотлар ошкор этилгач, Wikileaks жамоасига Ассанж билан у ёки бу даражада ҳамкорлик қилган ўнлаб одамлар қўшилиб, минглаб фаоллар хайрихоҳлик қила бошлайди. Тўрт йил ичида унинг эркин ахборотга асосланган лойиҳаси Кения шайхлари режасини ошкор этган сайтдан Американинг Афғонистон ва Ироқдаги операциялари ҳақида кенг миқёсдаги «сиздирилган» ахборотлар эълон қилинадиган майдонга айланади.

Челси Мэннинг билан алоқа

АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий операциялар борасидаги махфий маълумотларни ошкор этилиши фақат Ассанжнинг хизмати эмасди. Ахборотнинг бош манбаси Брэдли Мэннинг эди.

Информатор Ироқдаги разведка маълумотлари таҳлилчиси бўлиб ишлар ва Пентагоннинг махфий ахборотларини эркин қўлга киритишга рухсати бор эди. У АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий жиноятлари ҳақида билиб қолгач, ОАВга мурожаат қилади, бироқ унга ҳеч ким ишонмайди ва маълумотлар чоп этилмайди. Шунда Мэннинг Wikileaks билан алоқага чиқади ва 2010 йил январига келиб Ассанжга Пентагоннинг 500 мингга яқин ҳужжатини етказиб беради.

Брэдли Мэннинг АҚШ махсус хизмати томонидан ушланганидан сўнг.
Фото: Reuters

Май ойининг охирида Мэннингни машҳур хакер Адриан Ламо (Adrian Lamo) фош этади. Аскарни ҳибсга олишади ва айблов эълон қилмасдан икки ой ҳарбий базада ушлаб туришади. Шундан сўнг фаолни АҚШга келтиришади ва унга ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган айбловлар эълон қилишади. Судланувчининг сўзларига кўра, қамоқхонада уни жуда оғир шароитларда сақлашади: у кун бўйи бир кишилик камерада ўтиради, тунда ва тонгги кўрик чоғида унга кийим кийишга рухсат беришмайди.

Мэннинг билан боғлиқ воқеа Америка жамиятида катта резонанс келтириб чиқаради ва ОАВ уни озод этилишини талаб қилиб чиқа бошлайди. Wikileaks информатори сақланаётган қамоқхона яқинидаги кўчаларда бир неча минг одам тўпланади, «Брэдли Мэннингни қўллаб-қувватлаш фонди»га эса 2012 йилнинг августига келиб 650 минг доллар хайрия маблағлари келиб тушади, унинг 15 минг доллари Wikileaks ҳисобига ўтказиб берилади.

Ҳукумат жамоатчилик талабларини инкор этади. 2013 йилнинг августида АҚШ ҳарбий трибунали Мэннингни махфий маълумотларни ошкор этганлиги учун 35 йил қамоқ жазосига ҳукм этади — бу АҚШда шу модда бўйича назарда тутилган энг қатъий жазо.

Бир йил ўтиб Канзас штати суди Мэннингга исмини Челси деб, аёллар исмига ўзгартиришга рухсат беради, 2015 йилнинг мартида эса Вашингтондаги ҳарбий суд Мэннингни аёл деб тан олади. Бу ёшлигидан ўзини қиз бола деб ҳисоблаб юрган аскарнинг азалий орзуси эди, армияга ёзилишидан сабаб — ўзидаги бу ҳисни батамом ўлдириш бўлган экан.

Челси Мэннинг қамоқхонадан чиққач.
Шахсий Instagram саҳифасидаги фотосурат

Ассанж ҳам ўз информаторини озод этишларини талаб қилиб, бир неча бор чиқиш қилади, 2017 йилнинг 13 январида агар Челси Мэннинг озодликка чиқса — у ўзини АҚШ ҳукуматига топширишини ҳам таъкидлаб ўтган эди. Тасодифми ёки йўқ, бу баёнотдан 5 кун ўтиб АҚШ президенти Барак Обама Мэннингга нисбатан ҳукмни юмшатади — уни 2017 йилнинг майида озодликка чиқаришга қарор қилишади, гарчи бошланғич ҳукмга кўра аёл 2045 йилгача қамоқхонада ўтириши лозим бўлса-да.

Обаманинг қароридан эртасигаёқ Ассанж АҚШга бориш борасидаги сўзларини қайтиб олади. Мэннингнинг шунчаки муддати озайтирилганида эмас, у зудлик билан озод қилинган тақдирда ваъдасини бажарган бўлишини таъкидлайди. 2017 йилнинг 17 майида Wikileaks’нинг собиқ информатори озодликка чиқади. Аёлнинг кейинги режалари қандай, у Ассанж билан гаплашганми-йўқми, ҳозирча номаълум.

Янги сиздирмалар

2010 йилнинг кузига келиб, Мэннинг ўйиндан чиққач, Ассанжнинг қўлида фаол томонидан узатилишга улгуриб қолинган катта ахборот бўлаклари бор эди. Ноябрда Wikileaks асосчиси АҚШ Давлат департаментига тегишли 251 мингта ҳужжатни ошкор этади. Улардан 100 мингга яқини «мутлақо махфий» муҳрига эга эди.

Дипломатик маълумотларда асосан америкаликларнинг Яқин Шарқдаги ядро дастури ривожланаётганидан ташвишга тушаётгани, шунингдек, Россия ҳукуматини танқид остига олингани акс эттирилганди. Маълумотларга кўра, америкалик дипломатлар Россияни «мафиоз давлат», дея ҳисоблашлари ойдинлашади.

Америкалик дипломатларнинг ҳужжатларига кўра, Россияда ҳокимият бошида порахўрлар, олигархлар ва уюшган жиноий гуруҳ аъзолари туришади. Ушбу тузилманинг етакчиси эса, албатта, Владимир Путин.

Буюк Британия ҳукумати оммавий ахборот воситаларидан Wikileaks’дан миллий хавфсизликка дахл этувчи янги маълумот олиб чоп этишдан аввал уларни огоҳлантиришни сўраган. Ассанж эса, ўз навбатида, Буюк Британия ҳукуматига мурожаат қилиб, дипломатик телеграммалар чоп этилишидан ҳаётига таҳдид пайдо бўладиган амалдорларнинг исм-фамилиясини санаб ўтишни илтимос қилган. У алоҳида бир инсонларнинг яшашига таҳдид қиладиган маълумотларни ўчириб ташлашига ваъда берган. Ҳукумат уни Пентагоннинг махфий ҳужжатларини ноқонуний қўлга киритишда айблаб, хакер билан ҳамкорлик  қилишдан бош тортган.

2010 йилнинг 1 декабрида Ассанж уни номусга тажовуз қилишда айблаётган Швеция ҳукуматининг илтимосига кўра, Лондон полициясига таслим бўлади. Шундай қилиб, Wikileaks асосчиси унинг дунё бўйлаб эркин ҳаракатланишига монелик қилувчи жиноий иш иштирокчисига айланиб қолади.

Номусга тажовуз ҳақидаги иш ва элчихонада беркиниш

2010 йилнинг 20 августида Швеция шаҳвоний ҳаракатлар ва номусга тажовуз қилишда айблаб, Ассанжни ҳибсга олиш ҳақида ордер беради. Полиция маълумотларига кўра, Wikileaks асосчиси икки ёш аёл билан мажбурий жинсий алоқага киришган.

Декабрь ойида Лондон полициясига ўз ихтиёри билан таслим бўлгач, Ассанж шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат ёзиб беради. Британия ҳукумати судда хакерни расман экстрадиция қилиш устида иш бошлаган бир пайтда, Wikileaks асосчиси янгидан-янги аппеляциялар беравериб, ишни кетга суради.

2012 йилнинг июнида Британия Олий суди Ассанж адвокатларининг уни Швецияга топшириш ишини қайта кўриб чиқиш масаласини рад этади. Бир неча кун ўтиб, Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасига ноқонуний беркиниб олади ва ушбу мамлакатдан сиёсий бошпана сўрайди. Августда у сиёсий бошпанани қўлга киритади ва шундан буён элчихона ҳудудида умргузаронлик қилиб келмоқда.

Жулиан Ассанж Эквадор элчихонаси деразасидан қарамоқда.
Фото: AP

Швеция полицияси Ассанжни фақатгина номусга тажовуз қилиш билан боғлиқ иш юзасидан тергов қилишни истагани, ундан қочиш керак эмаслигини таъкидлайди. Эквадор ҳукумати эса хакерни элчихона ичида тергов қилишни таклиф этишади, бироқ терговчилар сабабини тушунтирмасдан буни рад этишади.

Ассанж элчихона ичидаги душхона, матрас, китоб жавони, югуриш йўлаги, кундузги ёруғлик лампаси ва компьютерга эга кичикроқ хонада истиқомат қилмоқда. Daily Mail’га берган интервьюсида у кунига 17 соат ишлашини, сунъий йўлакда бир неча километр чопишини, бокс ва гимнастика билан шуғулланишини, бўш вақтларида фильмлар кўришини айтиб ўтган. Қуёш нури ўрнини босувчи витаминлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини унга дўстлари ва элчихона ходимлари етказиб туришибди.

Ассанжнинг Россия билан муносабатлари

Wikileaks 2006 йилда ишга туширилгач, унинг мақсади фақат Ғарб давлатларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига эмас, шунингдек, «Хитой, Россия ва Марказий Евроосиёдаги репрессив режимлар»га ҳам қарши курашиш эканлигини эълон қилинган эди. 2010 йилда хакер Грузия билан уруш чоғида Жанубий Осетияга Россия томонидан қурол-яроғ етказиб берилганлиги ҳақида ва Владимир Путиннинг хориждаги махфий активлари ҳақида маълумот эълон қилади. Wikileaks раҳбари рус олигархларига қарши компроматлар эълон қилишни ҳам ваъда қилади.

Жулиан Ассанж RT телеканалида эксперт сифатида.
Телеканал кўрсатувидан кадр

Бироқ ҳаммаси тезда ўзгаради. 2010 йилнинг 9 декабрида Кремлдаги аноним манба “жамоатчилик ташкилотлари Ассанжга Нобель мукофоти тақдим этилиши ҳақида ўйлашса яхши бўлар эди”, дейди. Эртаси куни Путин шахсан ўзи Wikileaks асосчисини номусга тажовуз иши бўйича айбловларда ҳимоя қилиб чиқади. Президентнинг фикрича, жиноий иш тўқиб чиқарилган ва сиёсий характерга эга.

2012 йилда Wikileaks асосчиси Россиянинг Russia Today телеканали дастурларида экспертлардан бири сифатида қатнаша бошлайди. Гарчи хакер бунинг учун пул олмаганини айтиб ўтган бўлса-да, Times маълумотларига кўра, Кремль Ассанжга эфирда қатнашиши учун яхшигина пул тўлаб турган.

Ўшандан бери Wikileaks’да Россия ҳақида шов-шувли нарсалар чиқмай қўйди, Ассанжнинг сиёсий масалалардаги позицияси эса Россияники билан умумлаша бошлади. 2015 йилда у Америка ҳукумати азалдан ўз ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш учун Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларни бузишга ҳаракат қилиб келаётганини таъкидлайди.

Ассанж, шунингдек, «Панама архиви» маълумотларини ҳам шубҳа остига олди. У ерда Владимир Путиннинг дўстларига тегишли офшорлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор этилган эди. Wikileaks асосчисининг фикрича, халқаро суриштирувчи-журналистлар консорциумининг ишига Америка ҳукумати хуфиёна раҳбарлик қилган бўлиши мумкин.

Wikileaks’нинг собиқ фаоли ва қатнашувчиси Даниэль Домшайт-Берг (Daniel Domscheit-Berg) ҳам Ассанжнинг Кремль тарафдори эканлиги ҳақида гапириб ўтган. Унинг таъкидлашича, 2007 йилда ташкилот асосчисининг «дунёни яхшилаш ва жамоатчилик диққатига сазовор жиноятлар ҳақида гапириб бериш»дан иборат «олий ахлоқий мақсадлари» бор эди.

Бергнинг сўзларига кўра, 2010 йилдан сўнг Ассанж «АҚШ билан бир томонлама адоват»га ўтиб олган.

2016 йилнинг мартидан бошлаб Wikileaks АҚШ президенти лавозимига номзод Ҳиллари Клинтоннинг обрўсига дахл қилувчи маълумотлар чоп эта бошлади. Маълумки, Кремль унинг президент бўлишига рўйхушлик бермаётган эди. 2016 йилнинг июлида номаълум шахслар АҚШ Демократик партияси Миллий қўмитасининг почта серверларини бузиб киришади. Натижада, Wikileaks кенг жамоатчилик учун мўлжалланмаган 20 мингдан ортиқ ёзишмани ошкор этади.

Америка махсус хизматлари почта қутиларини бузган инсонлар кимлигини аниқлай олишмади, бироқ Клинтон хоним штаби бунда Россия раҳбарияти, жумладан, Владимир Путинни айблади. Кремль бу айбловларни рад этди, Ассанж эса унинг ташкилоти Россия ҳукумати билан алоқа қилмаётганини таъкидлаб ўтди.

Энди Ассанжга нима бўлади?

2017 йилнинг 19 майида Швеция прокуратураси Wikileaks асосчисига қарши очилган номусга тажовуз қилиш жиноий иши бўйича суриштирув ишларини тўхтатди. Хакер тарафдорларининг фикрича, бу қарор БМТ ишчи гуруҳининг қарори билан боғлиқ. 2016 йилда ишчи гуруҳ Буюк Британия ва Швейция Ассанжни эркин ҳаракатланишдан маҳрум қилиб, унинг саломатлигини хавф остига қўйган. Бундан ташқари, 14 май куни Эквадор ҳукумати Швецияни терговни чўзиб юборганликда айблади.

Нима бўлганда ҳам, хакер Эквадор элчихонасини тарк этгудек бўлса Британия полицияси томонидан қўлга олиниши мумкин. Уларда бу учун иккита важ бор: Ассанж элчихонада ноқонуний беркиниб, ҳукумат қарорига риоя қилмаган ва АҚШнинг махфий ҳужжатларини ошкор қилган. Ҳар икки иш Wikileaks асосчисига қамоқ жазоси қўлланилишига олиб келиши мумкин.

Жулиан Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси балконидан туриб,
журналистлар билан суҳбатлашмоқда, 2017 йил 19 май.
Фото: Энди Рейна, EPA

Ҳукумат қандай чора кўриши ҳозирча номаълум. 2012 йилнинг ёзида Британия полицияси Ассанжни ҳибсга олиш учун Эквадор элчихонасига ҳужум уюштирмоқчи бўлган. Шунингдек, мамлакат раҳбарияти «Дипломатик хоналар ҳақида»ги қонунга асосланиб, ваколатхонадан дипломатик статусни олиб қўйиши ҳам мумкин. АҚШнинг бош прокурори Жефф Сешионс (Jeff Sessions) Ассанжнинг ҳибсга олиниб, экстрадиция қилинишига эришишини айтиб ўтган.

2016 йилнинг октябрида Эквадор элчихонаси Ассанжнинг фаолияти «АҚШдаги президентлик сайловларига тўғридан-тўғри таъсир қилиши» туфайли Wikileaks асосчисининг интернетини ўчириб қўйган. Ваколатхонадагиларнинг айтишича, бу чора Wikileaks’нинг ишига таъсир ўтказмайди, шунчаки, Эквадор элчихонасини Ассанжга боғлиқ ишлардан айиради. Сўнгроқ хакер яна интернетга эга бўлди, бироқ ҳукумат яна асос пайдо бўлса, бу жараённи яна қайтариши мумкин.

Бироқ интернетнинг ўчирилиши Wikileaks ишига жиддий таъсир қилмаслиги мумкин. 2016 йилнинг октябрида, Ассанж алоқани вақтинчалик йўқотганида, бу ҳол АҚШ демократик партиясининг иши ҳақидаги минглаб ҳужжатларнинг эълон қилинишига тўсқинлик қилмаган. Америка махсус хизмати вакилларининг фикрича, айнан ана шу ахборотлар президентлик сайловларига ўз таъсирини ўтказган ва Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келишига сабаб бўлган.

Top