Пластик карточкалар: Ўзбекистонликлар учун яхшиликми ёки бош оғриғи?
Ривожланган давлатларда товар ёки хизматлар учун тўлов қилишда пластик карточкалардан фаол фойдаланилади. Уларни ишлатиш аҳоли учун ҳам, банк учун ҳам, чакана савдо учун ҳам қулай. Ўзбекистонда эса пластик карточканинг машҳур афзалликларига қарамасдан, уни ишлатиш фойдаланувчиларнинг ҳаётини қийинлаштириб юбормоқда. Энг бош муаммо — бир қатор савдо нуқталарида терминалларнинг йўқлиги ва пулларни нақдлаштириш тизими йўлга қўйилмагани.
Нега Ўзбекистонда пластик карталарни жорий қилиш мана шундай «нотипик» натижаларга олиб келди? UZ24 тушунтириш истаб, мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповга мурожаат қилди.
Ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда харидларнинг катта қисми — нақдсиз кўринишда амалга оширилади: буларга банк ўтказмалари, электрон ҳамёнлардан ва пластик картадан тўловлар киради. Масалан, пулларни «электронлаштириш» бўйича жаҳоннинг энг илғор давлатларидан бири бўлмиш Швецияда нақд пул умумий пул массасининг бор-йўғи 2 фоизини ташкил этади, холос.
Пластик карточкалар — пул муомаласини «электронлаштириш»даги бош дастгоҳлардан бири ва инсониятнинг энг буюк ихтироси ҳисобланади.
Нега карточкалар қулай ва фойдали?
Аҳоли учун:
- жорий харид учун кўп миқдорда нақд пул олиб юриш учун ҳожат йўқ;
- товар ва хизматларга Интернет орқали ҳам ҳақ тўласа бўлади.
Чакана савдо учун:
- нақд пулларни уддалаб, сақлаб юришга ҳожат йўқ;
- мижозларнинг харид қобилияти икки баравар ошади — чунки карточкада, одатда, харидор ўзи билан олиб келиши мумкин бўлган нақд пулдан кўра доимо кўпроқ пул бўлади;
- Интернет орқали савдо ҳажми ошади.
Банклар учун:
- банкларнинг депозит базаси кенгаяди, депозитлардаги пулларни фаол операциялар учун ишлатиш мумкин.
Умуман, жамият учун:
- молиявий операциялар янада шаффофлашади, бу эса солиқлардан қочиш, ноқонуний фаолият билан шуғулланиш ҳолатларини камайтиради.
Ўзбекистонда пластик карточкаларни жорий қилиш портлаш эффекти билан тенг бўлди: 2005 йилдан буён карточкалар сони 45,5 марта (!) га ошди, жисмоний шахсларнинг банк карталарида миллий валютада ўтказилган транзакциялари 371 баробар ошган.
Бир қараганда, фақат хурсанд бўлиш керакка ўхшайди. Лекин Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир одам биладики, пластик карталарнинг жорий қилиниши ўзи билан ҳаёт даражасининг яхшиланиши билан бирга, унинг мураккаблашишини ҳам олиб келди.
Нега бундай бўлди?
Аввалига пластик карталар тизими қандай ишлаши лозимлигини тушуниб олишимиз керак. Гап унинг идеал тарзда ишлаши қанақа бўлиши ҳақида ҳам эмас, шунчаки, жаҳоннинг биздан бошқа барча давлатларида қандай ишлаётгани хусусида.
Пластик карточкалар жорий қилинишининг бош принципи — у айтиб ҳам ўтирилмайди, чунки бу ўз ўзидан аниқ бўлган нарса — ихтиёрийликдир. Карточкани ишлатиш ёки ишлатмаслик, бу ишни қанчалик тез-тез амалга оширишни одамлар ўзлари мустақил, ҳеч қандай маъмурий мажбурловларсиз амалга оширишади. Карточка уни ишлатиш қачонки қулай ва фойдали бўлсагина ишлатилади. Гап шундаки, касса ёки банкомат орқали пул нақдлаштирилганида банклар кўпинча комиссион ҳақ ундиради, уларда бу кўрсаткич биздагидек улкан эмас ва кўпинча 1–2 фоиздан ошмайди. Карточка билан ҳисоб-китоб қилганида истеъмолчи ана шу комиссион ҳақни тўламайди. Бундан ташқари, банклар савдо тармоқлари, коммунал хизматлар, авиакомпаниялар ва бошқа сотувчилар билан келишиб, ўз банки пластик картаси билан тўлов қилганларга чегирмалар жорий қилишади.
Нега банклар бундай йўл тутишади?
Бу ерда бошқа принцип — рақобат ишга тушади. Агар молия соҳасида ривожланган рақобат мавжуд бўлса, банклар ўз мижозлари учун курашга киришишади ва уларни жалб қилувчи маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлашга ҳаракат қилишади. Шу сабабли улар истеъмолчилар учун ўз пластик карточкалари жозибадор бўлиши учун барча ишни амалга оширишади.
Ўз-ўзидан кўриниб тургани учун кўпинча тилга олинмайдиган янги бир принцип — нақдсиз кўринишгдаги пулларни нақд кўринишига эркин айлантира олиш, яъни керакли суммани банкомат орқали еча олишдир. Ҳа, бу хизмат учун кичикроқ фоиз тўлашга тўғри келади, лекин сиз истаган вақтингиз ундан фойдаланишингиз мумкинлигини билиб турасиз.
Ниҳоят, пластик картчокалардан фойдаланиш механизмлари жуда оддий ва қулай. Карта ҳисобини жорий банк ҳисобидан осонгина тўлдириб олиш, картадан картага пул кўчириш, интернет орқали нарса харид қилиш мумкин.
Унда нега бу принциплар бизда ишламайди?
1. Карточкалар ихтиёрий-мажбурий асосда жорий этилади ва уларга ойлик маош ва бошқа даромадлар ҳам худди шундай, мажбурий тарзда ўтказилади.
2. Банклар бири-бири билан мижозлар борасида асло рақобат қилмайди, шу сабабли уларнинг маҳсулотларида кишилар эътиборини жалб қилиш даражаси ўта паст, жумладан, пластик карточкаларида ҳам;
3. Банкоматлар орқали нақд пул ечиб олиш ҳамон орзулигича қолмоқда. Гарчи ҳукумат бот-бот билан бу соҳада ўнгланиш содир бўлишини ваъда қилаётган бўлса-да, лекин...
Нега бундай бўлди?
Ҳали инфратузилма (терминаллар, банкоматлар) тўлиқ тайёр бўлмасдан, ҳамма ёққа пластик карточкаларни жорий қилиш нега зарур бўлди? Нега картадаги пулни нақдлаштириш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин эмас?
Аввал бошдан ҳукумат томонидан пластик карточкаларга ҳаёт даражасини енгиллаштириш дастгоҳи эмас, аввало, бошқа муаммоларни ҳал қилиш воситаси сифатида қаралган.
Қанақа муаммоларни?
- Хуфёна иқтисодиёт ва солиқларни тўламасликка қарши курашиш;
- Валюта қора бозорига қарши, тўғрироғи, ушбу бозорда айирбошлаш курсининг ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига қарши курашиш.
Мантиқ эса қуйидагича эди. Хуфёна иқтисодиётда одамлар тушунарли сабабларга кўра фақат нақд пуллар билан ишлашни афзал кўришади. Ўз-ўзидан, нақд пул айланмасини чеклаб, ҳукумат хуфёначиларни молиявий ресурслардан маҳрум қилишади. Бундан кишилар ва умуман иқтисодиёт (пул муомаласи — бозор иқстисодиётининг «қон айланиш тизими» ҳисобланади, унга бу тарзда маъмурий аралашувни қон томирларнинг беркилиб қолганига менгзаш мумкин) катта зарар кўраётгани негадир ҳеч кимни ташвишлантирмаган. Асосийси — қисқа муддатли натижага эришиш, кейин эса нима бўлишини Худо билади.
Бу ҳолатда хуфёна иқтисодиётнинг катта миқёси ва валюта қора бозорининг мавжудлиги — самарасиз иқтисодий сиёсатнинг тўғридан-тўғри оқибатидир. Юқори солиқ юкламаси, бизнес юритиш учун тўсиқлар, нарх-наво, фоиз ставкалари ва айирбошлаш курсининг маъмурий тартибга солиниши — хуфёна бозор ва схемаларнинг пайдо бўлиши учун асосий сабаблардир. Бироқ бизда сабабларни йўқ қилиш учун, оқибатларга қарши курашишга киришиб кетишди, боз устига, бизнинг ҳисобимизга.
Буни қандай қилиб ечиш мумкин?
Агар биз ўзимизда нормал (айнан оддий, нормал, меъёрдаги дейилмоқда, аллақандай идеал эмас) тўлов тизимини яратишни истасак, қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
1. Нақд пул айланмаси олдидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш керак, оддий омонатчилар, тадбиркорларга банкдаги ўз ҳисоб рақамлари ва карточкаларидан нақд пулни эркин ечиб олишга рухсат бериш керак;
2. Банк соҳасида рақобатни кучайтириш керак;
3. Пластик карточкаларни беихтиёрий, мажбуран жорий этиш тўлиқ тақиқланиши лозим.
Ўз навбатида, хуфёна иқтисодиётга қарши бошқача усуллар билан курашиш керак: солиқларни камайтириб, солиқ маъмурчилигини соддалаштириб, бизнес юритиш олдидаги тўсиқларни бартараф этиб, валюта бозорини эркинлаштириб.
Мавзуга оид
19:10 / 15.07.2024
Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида муомалага қўшимча 4,1 трлн сўм нақд пуллар чиқарилган
17:09 / 22.02.2024
Банкоматлардан пул ечишдаги комиссия миқдори 1 фоиздан 1,5 фоизга ошгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
12:22 / 20.02.2024
Айрим турдаги хизматлар ва товарлар учун тўловларни нақд пулда амалга оширишни тақиқлаш режалаштирилмоқда
17:56 / 20.12.2023