00:27 / 29.05.2017
4503

"СКА-Хабаровск" Россия премьер-лигасига йўл олди, "Арсенал" эса унда ўрнини сақлаб қолди

"СКА-Хабаровск" клуби 2016/17 йиллардаги мавсум натижаларига кўра Россиянинг 2-рақамли футбол дивизиони – Миллий футбол лигасида 4-ўринни эгаллаб, Россиянинг олий дивизионида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун "Оренбург" клуби (Россия чемпионатида 13-ўрин) билан беллашди.   

Хабаровскда 25 майда ўтган 1-учрашув 0:0 ҳисобида якунланганди. Оренбургда ўтган учрашувнинг асосий ва қўшимча вақтида ҳам 0:0 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса "СКА" футболчиларига омад кулиб боқди: улар 5:3 ҳисобида ғолиб бўлиб, премьер-лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Шу тариқа, "СКА-Хабаровск" кейинги мавсумда Россия премьер-лигасида, "Оренбург" эса бир поғона қуйи дивизион – Миллий футбол лигасида иштирок этадиган бўлди. 

Премьер-лигада 14-ўринни эгаллаган Туланинг "Арсенал" клуби эса Миллий футбол лигасида 3-ўринни эгаллаган "Енисей" устидан жавоб учрашувида 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, премьер-лигадаги ўрнини сақлаб қолди.

Учрашувдаги ягона тўпни 29-дақиқада Игорь Шевченко киритди. 

Эслатиб ўтамиз, 1-учрашув "Енисей"нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Бироқ "Арсенал" меҳмонда урилган тўп қоидасига кўра, кейинги мавсумда ҳам олий дивизионда иштирок этадиган бўлди. 

Top