Афғонистон пойтахти Кобулнинг дипломатлар мавзесида содир этилган теракт 90га яқин кишининг умрига зомин бўлиб, сўнгги йиллардаги энг қонли қўпорувчиликлардан бирига айланди. У, айтиш мумкинки, АҚШ ва унинг иттифоқчилари саъй-ҳаракатларига қарамай, Афғонистондаги вазият тобора издан чиқиб кетаётганини кўрсатмоқда. Американинг етакчи ОАВ ва экспертлари шундай фикрни илгари суришмоқда, деб ёзади ТАСС агентлиги. 

The New York Times нашрига кўра, "Кобулнинг бу каби ҳужумлар қаршисидаги заифлиги шундан далолат берадики, мамлакатдаги барқарорлаштириш жараёни мураккабликларга дуч келмоқда". Бу ҳолат Афғонистонда АҚШ иштирокидаги ҳарбий можаро 15 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган, республикага тақдим этилаётган хорижий ёрдам ҳажми бир неча миллиардлаб долларни ташкил этаётган бўлса ҳам кузатилмоқда. 

Кобул назоратни йўқотмоқда

Нашрнинг уқдиришича, "Афғонистондаги хавфсизлик бўйича вазият 2014 йилдан бери ёмонлашиб келади". АҚШ ҳукуматининг Афғонистонни қайта тиклаш масалалари бўйича бош инспектори Жон Сопконинг фикрича, республика ҳукумати 2015 йил ноябрида мамлакат ҳудудининг 72 фоизини назорат қилган бўлса, 2016 йил ноябрига келиб, бу рақам 57 фоизгача қисқарди.

CNN телеканалининг қайд этишича, сўнгги олти ой мобайнида "Толибон" ҳаракати ўз позицияларини мустаҳкамлаб олди, хусусан, Афғонистон шимолидаги Қундуз ва жанубидаги Ғилмон вилоятларида таъсири кенгайди. Республика шарқида жойлашган Нангарҳар вилоятида ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари пайдо бўлди. 

Кобулдаги қўпорувчилик учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди, бироқ кейинчалик Афғонистон Миллий хавфсизлик директорати бу портлаш Покистон идоралараро разведкаси ёрдамида "Ҳаққоний тармоғи" томонидан амалга оширилганини билдирди. 

Associated Press агентлиги баҳоларига кўра, Афғонистон пойтахтидаги портлаш республика ҳукуматининг заифлигини кўрсатди, бу эса, катта эҳтимол билан мамлакатдаги зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш жараёнини қийинлаштиради. Бу борада расмий ҳукумат ва "Толибон" ҳаракати ўртасида музокараларни бошлаш учун бир неча уринишлар муваффақиятсизликка учради. Сўнгги вақтларда, AP агентлигининг ёзишича, толиблар янги музокаралар имкониятини кескин рад этиб келди. 

Толиблар – асосий таҳдид бўлиб қолмоқда

CNN телеканали маълум қилишича, Афғонистонда "Толибон" ҳаракатининг 35 минг атрофида жангариси ҳаракатланади. ИШИДнинг республикадаги шўъбасида атиги бир неча юз киши бор. Бироқ, уларни қўллаб-қувватлаётганлар сезиларли даражада бўлиши мумкин. "Толиблар Афғон ҳукумати учун энг жиддий таҳдид ҳисобланади, чунки улар кўпсонли, яхши ташкил этилган, мамлакатда кенг алоқалар ва таъсирга эга. Шу билан бирга, мустаҳкам сиёсий тузилмани барпо қила олган", - дейди CNN. Телеканалга кўра, ИШИД Афғонистоннинг айрим туманларида ўз таъсирини кенгайтириш учун "Толибон" ҳаракатига қарши кураш олиб бормоқда, ҳаракат, ўз навбатида, республикада "гуруҳнинг мустаҳкамланиб олишига қаршилик кўрсатишга уринмоқда".