Ўзбекистон | 15:03 / 05.06.2017
12687
15 дақиқада ўқилади

Бизни бирлаштирган ришталар ёки Хитой билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида

Минг эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал, деган ҳикмат қанчалик ҳақиқатлигини Хитойда бўлган кунларимиз қайта-қайта англадик. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан белгиланган ранг-баранг дастур асосида ўтган бир ҳафталик саёҳатимиз давомида кўп бор ҳайратга тушдик. Кўрганларимиздан қай бири ҳақида ёзишни узоқ ўйлаб қолганимизни ҳам яширмаймиз.

Хитойнинг минг асрлик тарихи, катта ҳудуди, аҳолисининг сони, Хитой императорининг ўн бешинчи аср­да барпо этилган саройи ҳар куни сайёҳларни ҳайратга солади. Ўркач-ўркач бўлиб, борган сари булутларга яқинлашаётган тоғ тизмалари устида барпо этилган машҳур Хитой деворини кўрмай қайтадиган сайёҳни топиш қийин. Икки ярим минг километр масофадан узоққа чўзилган, тошдан, пишиқ ғиштдан иборат бу ноёб, ўта оғир меҳнат талаб қиладиган мудофаа деворини одамзот қўл билан яратганига ақл бовар қилмайди. Хитой халқининг ақл-заковатидан дарак берувчи бу бебаҳо меъморий санъат ёдгорлиги қандай машаққатли меҳнат эвазига барпо этилганини тасаввур этиш қийин эмас.

Булар ҳаммаси эътирофга, Хитой мўъжизалари, деб таърифлашга муносиб, албатта. Аммо булардан-да кўпроқ ҳайратланарли, бутун дунёни қизиқтираётган бошқа бир масала бор. Буни Хитойнинг энг катта мўъжизаси, дейиш мумкин. Бунга иқрор бўлиш учун аввало, ўзимизга ушбу саволни берайлик: Дунёда 5-6 ёки 10-15 миллион аҳолисини боқолмай, муаммолардан боши чиқмай ётган давлатлар озми? Оз эмас. Табиий савол туғилади: Хитой қандай қилиб 1 миллиард уч юз миллион аҳолини озиқ-овқат, уй-жой билан таъминлаб келмоқда?..

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сўзлари ёдга тушади. «Хитой — буюк давлат. Хитойда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат бизнинг эмас, балки бутун дунё эътиборини тортмоқда. Дарҳақиқат, сайёрамизда яшовчи ҳар тўртинчи кишини озиқ-овқат билан таъминлаётган, ўз фуқаролари ҳаёт даражасини самарали оширишга эришаётган, юксак иқтисодий суръатларни намойиш этаётган давлат ҳар қандай ҳурмат ва қадрга муносибдир».

Бугунга келиб, бутун дунё Хитойнинг иқтисодий тараққиёт йўлини ўрганмоқда, барча ютуқлари замирида ана шу ҳаётий ислоҳотлар турганини эътироф этмоқда. Бунга қўшимча қилиб, Хитой халқининг меҳнаткашлиги ва тиришқоқлигини таъкидлаш ўринли бўлади, деб ўйлаймиз.

Хитойга таъриф берилганда, гўзал ва кўркамликда, замонавийликда бири-биридан ўтадиган шаҳарлари ҳақида тўхталмай ўтиб бўлмайди. Хитойликлар ўз меҳмонларини кўпинча Шеньчжень шаҳрига таклиф қилишади.

Бу шаҳар 22 провинциядан бири — Гуандонда жойлашган, аҳолиси 20 миллион. Шарқ томони Хитой денгизига туташ, ҳавоси нам­роқ. Аммо шаҳарда турли-туман дарахтлар шунчалик кўпки, ўзингизни гўё истироҳат боғида юргандек ҳис этасиз. Бир сўз билан айтганда, Шеньчжень — яшил шаҳар.

Архитектураси замонавий, кўп қаватли бинолари осмонга бўй чўзиб турибди, йўллар равон, четларида гуллар, манзарали дарахтлар...

— Шеньчжень бундан 30-35 йил аввал денгиз бўйидаги асосан балиқчилар қишлоғи ўрнида қурила бошланган. У бир авлод кўз ўнгида дунёнинг саноат, айниқса, ахборот технологиялари ва илм-фан гуркираб ўсган минтақаларидан бирига айланди. Бунинг боиси шундаки, 1980 йилларда мамлакат раҳбари Дэн Сяопин Шеньчженни очиқ иқтисодий зона, деб эълон қилди ва унга жуда кўп солиқ имтиёзлари берилди. Шунда дунёнинг деярли барча қитъа­ларидан, Гонгконгдан тўғридан-тўғри инвестициялар оқиб кела бошлади, — дейди ҳамроҳимиз, «Шеньчжень кечки газетаси» бош муҳаррири Дун Шичжао.

Бу ерга сўнги 30 йил ичида жуда катта миқдорда хорижий инвестиция жалб этилиши натижасида шаҳар мамлакат саноати, молия, савдо ва транспортининг муҳим марказларидан бирига айланди. Экспорт ҳажми жиҳатидан энг катта тўртликка кирди.

Шеньчжень — Хитойнинг электроника саноати ривожланган шаҳридир. Дунёда ном қозонган iPhone ва iPad айнан шу ерда ишлаб чиқарилади.

Шаҳар саноати таркибида телекоммуникация ускуналари, мобиль телефонлар, компьютер, хўжалик электр техник асбоблари, тиббиёт жиҳозлари, машинасозлик етакчилик қилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Шеньчженни илмий марказлар шаҳри ҳам дейишади. Дарҳақиқат, маҳсулотлар турини янгилаш, кўпайтириш, такомиллаштириш устида 40 дан зиёд илмий марказлар, минг-минглаб мутахассислар изланишлар олиб боради.

Бу шаҳарда ишлаб чиқарилаётган жаҳонга машҳур Huawei, ZTE, Lenovo каби бренд маҳсулотларни Ўзбекис­тонда ҳам яхши билишади. Электроника бозорининг 20 дан зиёд етакчи корхоналари айнан Шеньчженда жойлашган. Биргина 2016 йилда уларнинг савдо айланмаси 447 миллиард долларни ташкил этган. Бунда экспорт ҳажми импортдан икки баробар кўпдир. Дунёнинг энг йирик 500 корпорациясидан 180 таси Шеньчженда жойлашгани ёки бу ерда филиалига эгалигининг ўзи шаҳар нуфузини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон — Хитой иқтисодий муносабатларида ҳам Шеньчжень алоҳида ўрин тутади. Унинг Huawei корпорацияси ўн етти йилдирки, Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорларидан биридир. Бу корхона маҳсулотларини юртимиздаги аксарият оилаларда учратиш мумкин.

Huawei дунёнинг 170 дан зиёд мамлакатига ўз маҳсулотларини экс­порт қилади. Унинг телекоммуникация соҳасидаги дастурлари, ускуналаридан ер куррасидаги ҳар учинчи инсон фойдаланмоқда. Корпорацияда 170 мингдан зиёд ишчи-мутахассис хизмат қилади. 2016 йилда 75 миллиард долларлик товар айланмасига эришилган. Йиллик даромадининг ўн фоизи илмий тадқиқотга сарфланади. Дунёнинг 16 мамлакатида илмий марказларига эга. Фақатгина 2016 йилда 116 миллион дона смартфонлари сотилган. Мана шундай жозибадор компания Ўзбекистонда ҳам ўз ваколатхонасига эга. У мамлакатимизда телекоммуникация тармоғи ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. «ЎзМОБАЙЛ», «Ўзбектелеком» миллий алоқа тармоқлари Huawei билан технологик ҳамкорлик туфайли жаҳон андозалари даражасига эришмоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга расмий давлат ташрифи чоғида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида янги шартнома имзоладик, — дейди Huawei корпоратив алоқалар департаменти вице-президенти Уолтер Дженнингс. — Ўзбекистоннинг қатор вазирликлари бизнинг маҳсулотларни харид қиладиган бўлди.

Шеньчжень сафари чоғида у ердаги ОАВ фаолияти билан ҳам танишдик. Электрон ОАВни Shenzhen Media Group бирлаштирган бўлиб, унинг таркибида 11 телеканал, 4 радиостанция ва киностудия фаолият олиб боради. Shenzhen Press Group медиахолдинг компанияси 10 газета, 5 журнал ва 10 интернет сайт ҳамда нашриёт-матбаа уйига эга.

— Таҳририятимизда 150 нафар ижодий ва техник ходим ишлайди. Уларнинг 100 нафари ахборот йиғувчи журналистлар, 30 нафари муҳаррирлардир, — дейди кундалик «Шеньчжень иқтисодий газетаси» бош муҳаррири Чжоу Пинь. — Биз иқтисодий алоқалар туфайлигина Ўзбекистон ҳақида биламиз. Сизларнинг компаниямизга ташрифингиз мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ўртасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликка йўл очса ажаб эмас.

— Ўзбекистонни Марказий Осиё иқтисодиётида етакчи давлат сифатида биламиз. У тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форумида сўзлаган нутқини ўқувчиларимиз катта қизиқиш билан кутиб олди, — дейди «Шеньчжень Daily» газетаси бош муҳаррири Дун Хайтао. — Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши муносабатларимизни янада мустаҳкамлашига ишонамиз.

Хитойлик ҳамкасбларимиз сўзларидан англадикки, уларнинг юртимизга қизиқиши ва ҳурмати катта.

...Харбин шаҳрини кўришга таклиф этишганда, тўғриси, бироз иккиландик. Китобларда ўқиганмиз, кинофильмларда кўрганларимиз орқали таассуротга эга эдик. Бунинг устига Шеньчжендан самолётда тўрт ярим соатлик йўл экан. Харбинни шарқий-шимолий Хитойнинг пойтахти, деб ҳам аташаркан. Саноат ва илмий марказлар ривожланган. Атиги бир асрдан ортиқроқ вақт ичида бўм-бўш ерда барпо этилган шаҳар бунчалик гуллаб-яшнаганига ишонгинг келмайди.

Хейлунцзян провинцияси маркази бўлган бу шаҳарда 10 миллион аҳоли яшайди. Харбин мамлакатнинг шимолидаги минтақаларни бир-бири билан боғловчи транспорт чорраҳаси, маъмурий, иқтисодий ва маданий марказ, деб эътироф этилади.

Харбинга сафаримиздан асосий мақсад Ўзбекистонда замонавий гидроэлектростанциялар қурилиши ёки реконструция қилинишида иштирок этаётган корхоналар фаолияти билан танишиш эди.

Харбин электр қуввати ишлаб чиқарувчи ГЭС, ГРЭСлар учун юксак аниқликдаги ноёб ускуналар етказиб берувчи ривожланган корхоналарга эга. Улардан бири «Харбин Электро Интер Инжиниринг» компаниясидир. У дунёнинг Покистон, Эрон, Ҳиндис­тон, Туркия, Индонезия каби 30 дан зиёд мамлакатларига 33,0 МВТ қувватли энергия ишлаб чиқарувчи қурилмалар экспорт қилди, ўрнатди ва ишга туширди. Улар қаторида Тошкент вилоятидаги Янги Ангрен ГРЭСи ҳам бор. Бу корхона раҳбарияти бизни эски қадрдонлардек иззат-ҳурмат билан кутиб олди. Юртимиз билан ҳамкорлик ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.

— 2009 йилда Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатганмиз, — дейди компания бош директори ўринбосари До Инжо. — 2016 йилда Ангрен ГРЭСининг янги қувватларини қуриб ишга туширдик. Бу Ўрта Осиёдаги биринчи лойиҳамиз эди. Ўзбекистонлик мутахассислар билан елкама-елка туриб ишладик, натижада қурилиш-монтаж ишлари муддатидан 4 ой аввал якунланди. Ҳозир биз Ангренда ўрнатган энергоблоклар муттасил ишламоқда. 2016 йил 20 сентябр­да Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев объектни келиб кўрди ва бизнинг компанияга ишонч билдириб, Ангрен ГРЭСи иккинчи навбатини ҳам қуриш ва жиҳозлашни топширди. Шартнома ҳужжатлари Президентингизнинг Хитойга сафари чоғида имзоланди. Бундай юксак ишонч­ни катта шараф, деб биламиз.

— Ускуналарни монтаж қилиб ишга туширамиз, кейинчалик унга сервис хизмати кўрсатамиз ва маҳаллий мутахассисларни ўқитамиз, — дейди компания бош менежери, «Ангрен» лойиҳаси раҳбари Жианг Хонгган. — Компаниямиз ўқув бўлимида ўзбекистонлик юз нафардан зиёд ёшни турли касблар бўйича ўқитдик.

Ангрен ГРЭСининг биринчи нав­батини қуриш ва модернизациялаштириш ишларида Харбиннинг яна бир компанияси иштирок этганди. Ҳозир улар Ангренда энергетик иншоотлар ва қурилмалари иккинчи навбатини қуриш билан бирга тран­с­­порт воситалари учун резина ғилдирак (шина)лар ишлаб чиқарувчи корхонани бунёд этишда ҳам қатнашмоқчи.

— Ўзбекистонда хорижлик инвес­торлар учун катта имтиёзлар яратилганидан яхши хабардормиз. Ўзбекистон раҳбарияти дунёнинг энг ривожланган компаниялари билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Биз ҳам тинчлик ҳукм сураётган, меҳмондўст ўзбек халқи билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Шунинг учун «Харбин Электро Интер инжиниринг» компаниясининг гидротрубиналар монтаж ишлари бўйича филиали ҳам Ангрен лойиҳаларига жалб этилди, — дейди До Инжо.

Кўмирдан электр энергияси олиш табиий муҳитга зарар етказмайдими, деган саволимизга жаноб Жианг Хонгган йўқ, биз Ангрен ГРЭСига ҳавога чиқинди чиқармайдиган замонавий тозалаш ускуналарини ҳам ўрнатганмиз, деб жавоб берди.

Харбинлик мутахассислар Ўзбекистоннинг бундан 50-60 йил аввал қурилган бошқа ҳудудларидаги ГЭС ва ГРЭСларни ҳам модернизациялаш, қайта қуриш лойиҳаларида иштирок этишмоқчи.

Харбиндаги айрим ОАВ фаолияти билан ҳам танишдик. Рус тилида чиқадиган «Партнёры» журнали таҳририятидаги учрашувда ижрочи директор Фан Жуйхэ бизга журнал тарихи, тарқатилиш макони, ютуқ ва муаммолар ҳақида гапириб берди. «Партнёры» асосан Хитойдаги русийзабон халқлар ва россиялик ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, ҳар ойда 20-40 минг тиражда чоп этилар экан. Тарихдан маълумки, бу ерда темир йўл ва шаҳар қурилишида кўплаб рус мутахассислар ишлаган. Ҳозиргача уларнинг авлодлари умр­гузаронлик қилиб келмоқдалар.

Харбин босма нашрлар корпорациясида бизни унинг раҳбари Ху Минхиао кутиб олди. 6 кундалик, 2 ҳафталик газеталар ва 2 ойлик журнални, интернет сайт ва наш­риёт матбаа корхонасини ўз ичига олган бу матбуот уйида 2800 одам меҳнат қилади. Хитойлик ҳамкасбларимиз интернет туфайли газеталар адади қисқараётгани, бунинг натижасида соф даромад йилдан-йилга камайиб бораётганини гапиришди.

— Агар корпорациянинг 2014 йилги даромади 600 миллион юан (90 миллион доллар) бўлса, 2016 йил якунига келиб, 200 миллион юан (30 миллион доллар)га тушиб қолди, — дейди Ху Минхиао. — Биз асосий эътиборни тиражни сақлаб қолишга қаратмоқдамиз.

Хитойда ким билан суҳбатлашмайлик, Ўзбекистон ҳақида, ўзаро ҳамкорлик тўғрисида илиқ гаплар эшитдик. Ангрен — Поп электрлашган темир йўли эсланди. Қатор оммавий ахборот воситалари ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 11-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ва 14-15 май кунлари Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форумидаги иштироки ва билдирган фикрларига катта эътибор қаратганига гувоҳ бўлдик. Дарҳақиқат, ташриф давомида 100 дан зиёд ҳужжат имзоланганлиги, кўплаб йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга қарор қилингани, уларнинг умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан кўплигини назарда тутиб, хулоса қиладиган бўлсак, муносабатларимизнинг ҳозирги бос­қичи юксак даражага кўтарилаётганини кўрсатади.

Бундай мустаҳкам ўзаро ишонч, самимий дўстлик ва ҳамкорликнинг омиллари тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда. Тўғри, Хитой, аввало, яқин қўшнимиз, кўп асрлик иқтисодий ва маданий алоқалар, Буюк ипак йўли бизни қадимдан боғлаб келган. Хитой Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Мустақиллигимизга бир йил тўлар-тўлмас Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Хитойга ташрифи чоғида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланган эди. Кейинги йилларда дўстона, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик кенгайиб борди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг дунёдаги кўп масалаларга нисбатан муносабатлари ҳам яқин бўлди. Энг муҳими, Хитой ҳам Ўзбекистон сингари тинчлик тарафдори.

Хитойда бўлган учрашувлар, турли касб эгалари билан мулоқотлар чоғида муносабатларимиз нега яқинлигининг яна бир жиҳатини англадик. Бу — халқларимиз руҳан яқинлигида, миллий одатларимиз, инсоний фазилатларимиз ўхшашлигида. Хитой таш­қи ишлар вазирлигининг Харбин канцелярияси бошлиғи ўринбосари Цзи Юйцзя айтган сўзлар ҳам фикримизни тасдиқлайди. У шундай деди:

— Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги масофа минг-минг километр­ни ташкил этади. Ўртамизда тоғлар, денгизлар бор. Бироқ кўнгилларимиз яқин. Кўнгли яқин халқларнинг ўртасида ҳеч қандай масофа сезилмайди...

Дарҳақиқат, ўзаро юксак ишонч, ҳурмат асосига қурилган дўстлик, ҳамкорлик барқарор ва абадий бўлади.

Сафар Остонов,
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар.

Мавзуга оид