Роғун ГЭСи: Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув жанжалини қандай бартараф этиш мумкин?
Расмий Душанбе 2018 йил сўнгига қадар Тожикистонда барпо этилаётган Роғун ГЭСининг бирйўла уч агрегати ишга туширилишини хабар берган. Ўзбекистон ушбу ГЭС қурилишига ниҳоятда шубҳали муносабатда. Ўзбекистон томонининг фикрича, ушбу тўғоннинг барпо этилиши сувнинг ифлосланишига сабаб бўлади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.
Бу баҳсларни тартибга солишнинг имкони борми? Марказий Осиёнинг ягона энергетик ҳалқасининг тўлақонли қайта ишга туширилиши қандай имкониятларни тақдим этади? «Евразия.Эксперт»нинг ушбу саволларига «Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш ва сув-энергетика ресурслари муаммоларини тадқиқ этиш институти» (Бишкек, Қирғизистон) халқаро жамоатчилик фонди эксперти Зулфия Марат жавоб берди.
— Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига нисбатан эътирозлари ва хавотирлари нечоғлик асосга эга?
— Яқин қўшниларнинг ҳар қандай хавотирлари ва ташвишлари албатта, доимо эшитилиши, бир неча бор муҳокама этилиши ва алал-оқибатда тарқатилиши керак, чунки гап ҳақиқатдан ҳам баланд тоғ шароитларида барпо этилаётган йирик гидрообъект ҳақида бормоқда. Яъни, лойиҳа ўзининг қурилиш жараёнида ҳам, фойдаланиш жараёнида ҳам маълум бир, назорат этиб бўмайдиган рискларга эга.
— 2012 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов «Ҳаммаси шу қадар чуқурлашиши мумкинки, бу нафақат кескин қарама-қаршиликлар, балки уруш ҳам келтириб чиқариши мумкин», деган эди. Чиндан ҳам можаро ўткир фазага ўтиши мумкинми?
— Икки мамлакат президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги учрашувлари уларнинг эзгу ниятлари туфайли музокараларнинг янги босқичлари бошланишига умид уйғотмоқда.
— ГЭС қурилиши фақатгина Ўзбекистоннинг манфаатларига дахл қиладими? Қўшни давлатларда, хусусан, Қирғизистонда лойиҳага муносабат қандай? Лойиҳадаги зиддиятлар нималардан иборат?
— Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими, яъни «энергия ҳалқаси» совет даврида ягона ҳудудий-ишлаб чиқариш минтақавий комплекси эҳтиёжлари учун яратилган эди. Тизим Тожикистон ва Қирғизистондаги Ўрта Осиё сув минораларида «бураб» ишга тушириладиган «соз соат»дек ишлаб турган. Бу аксиома ҳозир унутилмоқда. Бизнинг барчамиз бутун бир организммиз, мамлакатларимизнинг энергия тизимлари бир-биридан ажратиб бўлмас яхлит таркибий қисмдан иборат эди.
Энергия ҳалқаси частотасини созлашни Қуйи Норин ГЭС каскадисиз бажариш иложсиз эди, сув ва электр энергиясининг оқимларини ўзбек энергетикаси аралашувисиз тартибга солиб бўлмасди. Баҳор-ёз мавсумларида Қозоғистон ва Ўзбекистон далаларини суғориш учун ГЭСлар барпо этилган баланд тоғларда сувни иқтисод қилиш учун тўрт давлат энергия тизимлари қишки ва вегитацион даврларда ўзаро оқим алмашишга муҳтож. Бунинг ўрнига, мамлакатлар ўртасида энергия ҳалқасининг қисман узиб қўйилиши туфайли 1991 йилдан сўнг ўтган кўп йиллар мобайнида Қирғизистон ва Тожикистон қишда ГЭСлардан тўлиқ қувват билан фойдаланишга мажбур бўлиб қолишди, бу эса дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлар (Ўзбекистон ва Қозоғистон)да сув тошқинлари келтириб чиқара бошлади.
— Бундай вазият яна қандай хавф солмоқда?
— Йирик ГЭСларни яқин қўшнилар иштирокисиз барпо этиш фақат можаро потенциалининг ёйилишига сабаб бўлди, бу эса турли экстремистик кучлар фаоллашуви эҳтимоли бор шароитда ўта хавфли ҳисобланади.
Электр энергиясини сотиш ортидан келадиган ҳар қандай фойда яхши қўшничилик алоқалари ўрнини боса олмайди.
Ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлар туфайли Тожикистон ва Қирғизистонда баланд тоғ дарёларининг гидроэнергетик салоҳиятидан фойдаланиш зарурияти дарёнинг қўйи қисмидаги давлатларда сув оқимининг назоратидан уларга қарши сиёсий ричаг сифатида фойдаланиш хавотирини келтириб чиқаради. Бироқ, бир вақтнинг ўзида Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тартиби жорий этилиши лозим, буни Орол денгизининг қуриётгани ҳам кўрсатиб турибди. Шу сабабли, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ишонч муҳитига жуда муҳтож.
— Бу зиддиятларни қандай бартараф қилиш мумкин?
— Фикримча, минтақамиздаги барча давлатларнинг молиявий имкониятлари бирлаштирилиб, Тожикистонда Роғун ГЭСининг, Қирғизистонда Қамбарота ГЭСининг қурилиши билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда, уларнинг ҳам активлари ГЭСлар қурилишида ҳал қилувчи ҳисса бўлиши керак.
— Муаммони ҳал этишнинг ҳозирда бирор дастлабки шартлари борми?
— Минтақада сув-энергетика муаммоларини муваффақиятли ҳал этишнинг дастлабки шартлари мавжуд, албатта. Шу кунларда Олма-ота шаҳрида Марказий Осиё электр энергияси мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 26-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистоннинг «KEGOC» АЖ, Тожикистоннинг «Барқи Тожик» ОАХК, «Қирғизистон НЭЧ» ОАЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Энергия» Марказий Оисё энергия тизимларининг мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбарлари иштирок этишди.
Мажлисда Марказий Осиё Бирлашган электр энергияси тизимида электр энергияси тизимларининг ишончли ва мустаҳкам параллел ишлашининг техник ва иқтисодий фойдалари, энергия тизимининг вегитацион ва кузги-қишки мавсумдаги кутилаётган иш режимлари, шунингдек, 2017–2018 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида таъмирлаш кампанияси муҳокама этилди. Шунингдек, Марказий Осиёда ёқилғи-энергетика ва сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ҳақида сўз юритилди.
— Ушбу вазиятда ҳукуматлар ва экспертлик ҳамжамияти қандай ҳаракат қилмоғи керак?
— Нафақат энергетика соҳаси экспертлари ва раҳбарлари учрашувларини ташкиллаштириш зарурияти, шунингдек, минтақамизда ГЭСлар барпо этиш бўйича бой тажрибага эга бўлган Россия иштирокида Ўрта Осиё давлатлари ва Қозоғистон давлат саммити каби олий даражадаги учрашувлар ўтказиш лозим.
Минтақа мамлакатларининг миллий элиталарининг худбинлиги ва ўзига хос энергетик айирмачилигидан воз кечиб, давлатлардаги энергия объектларининг мулкчилик шаклидан қатъи назар, минтақавий энергия ҳалқасининг тўлақонли фаолиятини тиклаш масаласи муҳокама этилиши керак.
— Минтақавий энергия ҳалқаси қандай имкониятлар тақдим этади?
— Ягона минтақавий энергия тизими яқин келажакда Хитой ва жанубий-шарқий Осиё давлатлари билан электр энергияси экспорти бўйича рақобатбардош музокаралар ўтказиш имкониятини яратади.
Бу ҳолатда уларнинг ҳажми ва нархини Марказий Осиё давлатлари эҳтиёжларига ёт бўлган ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиқадиган халқаро кредиторлар клуби эмас, ўзимиз мустақил равишда белгилаймиз.
Марказий Осиё давлатларининг Ягона энергия тизимининг келажакдаги равнақи жаҳон трендларини, энергия тизимларининг глобализациясини диққат билан кузатиб боришни тақозо этади. Бунинг учун жаҳоннинг бошқа минтақалари бозорини ўз вақтида ўрганиш талаб этилади. Экспертлар бу масалада Яқин Шарқ давлатларига эътибор қаратишни тавсия этишади.
Юлия Рулева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024