Жаҳон | 18:50 / 09.06.2017
13643
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко: агар ШҲТга аъзо давлатлар истаса, ҳеч ким ҳеч қаерда вазиятни издан чиқара олмайди

Фото: Tengrinews.kz

Беларусь президенти Александр Лукашенко Остонада ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти жадаллик ва изчиллик билан энг нуфузли халқаро тузилмалардан бирига айланаётганини таъкидлаб ўтди. Беларусь ҳозирда ташкилотда кузатувчи давлат ҳисобланади.

"Минтақавий ихтилофлар кучаётган шароитларда сайёрамизнинг ярим аҳолисини билдирувчи давлатларнинг яқинлашаётгани алоҳида таҳсинга сазовордир. ШҲТнинг бугунги кундаги ўзига хослиги шундаки, ШҲТнинг барча аъзолари истаса ҳеч ким дунёнинг ҳеч қаерида ва ҳеч қачон вазиятни издан чиқара олмайди. Буни кўриш керак – бу бугунги кунда яратилган жуда улкан қадриятдир. Жипслик ва бирдамлик – замонавий чақириқ ва таҳдидлар, жумладан террорчилик, экстремизм, уюшган жиноятчиликка қарши курашдаги муҳим омилдир", деб юзланди иштирокчиларга Лукашенко.   

Лукашенко ШҲТни бугунги кунда дунё тараққиётининг кун тартибидаги бирорта масала бўйича эътиборга олмасликнинг иложи йўқлигини айтди. 

"ШҲТ нуфузининг кучаётганидан халқларнинг биргаликда ўзаро манфаатли ва осойишта, тенг ҳуқуқли яшашининг Шанхай йўлини қўллаб-қувватловчи давлатларнинг кўпаётгани дарак беради. Иккита қудратли давлат – Ҳиндистон ва Покистон унинг тенг ҳуқуқли аъзоларига айланмоқдалар. Бу саммит учун энг муҳим натижадир. Шуни қўшимча қила оламанки, бу ташкилотимизнинг жасурона ва маъсулиятли қадами бўлди", деб таъкидлаб ўтди Беларусь президенти.

Лукашенко ўз нутқида Евросиё қитъасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди.

"Муаммо авж олмоқда. Беларусь озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик давлат сифатида бу соҳада сунъий тўсиқларнинг олиниши тарафдори. Биз, охир-оқибат, бу ташкилотда бирлашган ўз халқларимизнинг қорнини тўйғазишимиз керак. Шунингдек, Евросиёда маҳсулотлар, хизматлар, капитал, ишчи кучи ҳаракатига тўсиқларни бартараф этиш бўйича масалаларни ҳал қилишга катта аҳамият берамиз. Бу муаммони ҳал этиб, биз шундай қиламизки, дунё умуман у ҳақда гапирмайдиган бўлади, чунки Евросиё қитъаси сайёрамиздаги энг улкан ва асосий қитъадир", деб ўз фикрларини билдирди Лукашенко.

Мавзуга оид