Ўзбекистон | 01:20 / 14.06.2017
13682
10 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Жиззах шаҳрида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар янги босқичга кўтарилди. 12-13 июнь кунлари Қозоғистон Республикаси Жамбил вилояти ҳокимияти, бошқарув идоралари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Жиззах шаҳрида бўлди. Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев бошчилигидаги делегация таркибида вилоят ҳокими ўринбосари Ерканат Манжуов, Т.Рыскулов райони ҳокими Жарылкасын Айтаков, Жуалын шаҳри ҳокими Бахтияр Копбосынов, шунингдек, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, “НК “СПК “Тараз” акциядорлик жамияти раҳбарияти вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик ишлаб чиқариш бирлашмалари ва тадбиркорлар вилоятнинг иқтисодий салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида Жиззах шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Жиззах вилояти хокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Кўҳна ва навқирон Жиззах заминида карнай-сурнай садолари остида Жиззах вилоят ҳокими Улуғбек Узаков бошчилигида кутиб олинган меҳмонлар дастлаб вилоят марказидаги Олимпия захиралари спорт коллежида бўлишди.

 

Тадбиркорликка кўмаклашиш марказига ташриф

Марказда бўлишган делегация аъзолари тадбиркорларга барча турдаги хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлигини эътироф этишди. Уларга тадбиркорлар учун барча соҳа мутахассислари бевосита уларнинг талаб ва таклифларини ўрганиб, муаммоларига ечим топиши мумкинлиги тушунтирилди.

Делегация аъзоси Мақсуд Несенбоев гўшт етиштиршга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари бўлиб, фермер хўжалигида етиштириладиган ҳар бир қорамолнинг тирик вазни 600-700 кг. келишини, 3000 бош қорамол парваришланаётгини айтди.

 

Ёрқин таассурот

Жиззах политехника институти жамбуллик делегация аъзолари учун навбатдаги ташриф манзили бўлди. Миллий либосдаги қизлар нон ва ширинликлар билан кутиб олинган институтда меҳмонлар олий таълим даргоҳининг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти акс этган кўргазма билан танишишди. Институтнинг замонавий ўқув-лабаратория хоналари, талабалар томонидан ташкил этилган конструкторлик буюмлари кўргазмасини қизиқиш билан кўздан кечиришди. Айниқса, вилоятда ягона ҳисобланган “Аккредитацияланган илмий-текшириш лабораторияси” деб номланган технологик кўргазма меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Институт ўқитувчиси Холмели Қорақулов меҳмонларга технологик кўргазмадан ўрин олган ихтирочилик ишланмаларидан кутилаётган натижалар тўғрисида батафсил маълумот берди.

 

Миллатдошлар учрашуви

Шундан сўнг меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Хотира боғида бўлишиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига анвойи гуллар қўйдилар.

- Халқларимиз ўртасидаги хотира ва эъзозлаш, ўтганларни ёд этиш, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариш одати муштаракдир, - дейди делегация аъзоси Қасимхон Ханаев. – Тараз шаҳрида ҳам жунғорларга қарши курашган халқ қаҳрамони Санырық ботир, “Мангу олов” мемориали, Қозоғистонда сиёсий қатағон ва очлик қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик каби бир қанча хотира хиёбонлари мавжуд. Мотамсаро она ҳайкали миллионлаб халқлар бошига тушган Иккинчи жаҳон урушининг аянчли азиятларини ўзида тўла мужассам этган ёдгорликдир.

Боғда делегация аъзолари Жиззах вилоятида яшаётган қозоқ диаспораси вакиллари билан ҳам учрашдилар. Миллатдошлар ўзаро самимий суҳбатда озод ва тинч ҳаёт ато этаётган фаровон ҳаёт ҳақида фикр алмашдилар.

Бахши-оқин Қумнехин Дуйсенов ва Қибрай туманидаги 2-сонли мусиқа ва санъат мактабининг ўқувчилари ижросида дўмбирада миллий куйлар, айтимлар  ижро этилганида барчанинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Ташриф Дўстлик уйида ҳам давом этиб, меҳмонлар вилоятимизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар фаолиятига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, қозоқча патир, бовурсоқ ва қимрон билан сийландилар.

Шундан сўнг меҳмонлар ўтирган кортеж вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўл олди. Бу ерда болалар саломатлигини сақлаш ва тиклашда яратилган шарт-шароитлар, соҳадаги сўнгги ютуқлар, технологияларнинг амалиётга тадбиқ этилишини билан яқиндан танишилди. Марказнинг лор, реанимация ва неонотология бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишган меҳмонлар тиббиёт соҳасида ҳам билим ва тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ бўлишини алоҳида таъкидлашди.

“Жиззахпластекс” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида ҳам бўлишиб, ип-калава ишлаб чиқариш қувватига кўра етакчи бўлган корхонадаги иш жараёни, ишчиларга яратилган шароитларни кўрдилар.

 

Атиги икки сотихда...

Нуфузли меҳмонларни, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар жуда қизиқтирди. Улар даставвал Шароф Рашидов тумани “Янгиобод” МФЙда қуриб фойдаланишга топширилган намунали типдаги икки қаватли арзон уй-жойлар ҳамда икки сотихли уй-жойлар массиви билан танишдилар.

Делегация аъзолари, шунингдек, “Янгиобод” МФЙ 146-сон милиция таянч пунктида бўлишиб, профилактика инспекторининг иш жараёни учун яратилган шарт-шароитларни кўрдилар. Табиийки, маҳалла инспекторининг самарали фаолият олиб бориши учун яратилган қулайликлардан бири иш жойи ва уйнинг  битта бинода жойлашганидир. Маҳалла профилактика инспектори Зоир Эшназаровнинг уйида бўлган меҳмонлар унинг нечоғли қулай ва замонавий уйда оиласи билан истиқомат қилаётгани, уй бекаси Нафиса Эшаназарованинг товуқчилик ва иссиқхонада қўшимча даромад топаётганини ҳам юқори баҳолашди.

- Маҳалла – ниҳоятда пухта ва самарали тузилма, - дейди Бахтияр Серкеев, “Полиэтилен-Агро” ТОО директори ўринбосари. – Қозоғистионда ҳам миллий ва тарихий анъаналар асосида “Оқсоқоллар олқасы” ташкил этилган. Ҳар бир кичик маъмурий-ҳудудий тузилмани вилоят ва шаҳарлар ҳокимлари тайинлайдиган бош оқсоқол бошқаради. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун арзон ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, маҳалла хавфсизлиги ва осойишталигини таъминловчи ходимларнинг уй-жой, автомобиль билан таъминланиши ниҳоятда яхши тажриба. Бу кўп сонли аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ҳамда эркин ва фаровон яшаш ҳуқуқини тўла таъминлайди, деб ўйлайман

 

“Жиззах” ЭИЗда

Меҳмонлар бу ерда енгил ва кичик юк автомашиналари, микроавтобуслар, шунингдек, қишлоқ хўжалик техникалари ва юк машиналари учун йилига  1 млн. батарея ишлаб чиқариш қувватига эга  Жиззах аккумлятор заводининг цехлари, завод лабораторияси, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар.

- Эркин иқтисодий зоналар мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда ўзини оқлаган халқаро тажрибадир, - дейди Галымжан Суттибаев, “Қурылыс-Полимер” ТОО директори ўринбосари. – Бу ҳудудлар божхона ва турли солиқлардан озодлиги ва бошқа имтиёзлар билан хорижий сармоядорларни ўзига жалб қилади. Жиззах аккумлятор заводи маҳсулотлари Қозоғистонда ҳам харидоргир.

Юртимизда  “Қызил Орда” эркин индустриал зонасида ҳам маиший техника, халқ истеъмоли молларидан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларигача ишлаб чиқарилади. Давлатларимиз ўртасидаги эркин иқтисодий зоналар ҳамкорлиги ҳам жуда ажойиб натижалар бериши шубҳасиз.

 

Делегация шарафига ярмарка

Делегация аъзолари “Roison Home Good White”  қўшма корхонасида ташкил этилган ярмаркани қизиқиш билан кўздан кечиришди. Айниқса, Ғаллаоролдаги “Сангзорпарранда” МЧЖда етиштирилган гўшт маҳсулотлари, Жиззах шаҳридаги “Ecoclimat” МЧЖнинг шиша-тола буюмлари,  “JizzaxPlastex” қўшма корхона маҳсулотлари, Шароф Рашидов туманидан “Davurbek Jilosi” МЧЖнинг қандолат маҳсулотлари, Дўстлик, Зомин, Зарбдор, Пахтакор, Фориш, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманлари саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли моллари сифати, харидоргирлиги билан меҳмонларга манзур бўлди. Ярмаркада вилоятимиздаги 89 та корхона, шунингдек, ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Ғаллаороллик Барно Нарзуллаева имконияти чекланган бўлишига қармасдан, беш йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланади. Делегация раҳбари К.Кокрекбаев Барнонинг ярмаркага олиб келган товоқ, лаган ва бошқа маҳсулотлари ҳам ўзининг такрорланмас жилоси билан эътиборни тортганлигини таъкидлади. Унга Жамбул вилоят делегациясининг совғалари топширилди.

- Жамбил вилоятининг Ўзбекистон билан савдо алоқалари ҳақида гапирадиган бўлсак, товар айланма ҳажми 2016 йилда йилда 34 млн. АҚШ долларини ташкил этди, - дейди делегация раҳбари, Жамбил вилояти ҳокими  Карим Кокракбаев. - Бу кўрсаткич  2015 йил билан солиштиргандан 28 фоизга ортди. Жамбил вилояти орқали Ўзбекистонга турли сабзавотлар, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи, фосфат, кальций, натрий трифосфат ва бошқа халқ истеъмоли моллари ва ишлаб чиқариш учун хомашёлар экспорт қилинган. Ўзбекистондан эса бизнинг ҳудудимизга ҳўл ва қуруқ мевалар, кондитер маҳсулотлари, минерал суви, трикотаж ва бошқа матолар, травертин ва бошқа қурилиш моллари импорт қилинган. Умид қиламанки, бугунги Жиззах вилоятига ташрифимиз вилоятларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик, ўзаро манфаатли шерикчиликка кенг йўл очади. Бунинг учун ҳар икки томонда ҳам эркин ва тенг ҳуқуқли фаолият юритиш, самарали амалиёт учун  шароит мавжуд.

Шунинг билан Жамбил вилояти ҳокимияти, бошқарув идоралари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Жиззах шаҳрига ташрифи ниҳоясига етди.

Мавзуга оид