Жаҳон | 21:23 / 13.11.2024
3074
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев

Қозоғистон президенти шунга қарамай, бу минтақа кўплаб иқлим таҳдидларига дучор бўлаётганини таъкидлади.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференцияси доирасида ўтказилаётган иқлим бўйича жаҳон етакчиларининг саммитида (COP29) иштирок этди.

Тўқаев Қозоғистон глобал иқлим кун тартибини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва иқлим ўзгаришига қарши курашда халқаро ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди.

«Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади. Шунга қарамай, бу минтақа кўплаб иқлим таҳдидларига дучор бўлмоқда. Табиатдаги ўзгаришларга жавоб бериш чоралари самарадорлигини ошириш учун биз сунъий интеллект, сунъий йўлдошнинг илғор технологияларидан, хавф-хатарлар, сув ва ер ресурслари ҳақида эрта огоҳлантириш учун биз самаралироқ бошқарадиган бошқа рақамли воситалардан фаол фойдаланишимиз керак», деди у.

Давлат раҳбари Қозоғистон ўз олдига 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришишни юксак мақсад қилиб қўйганини эслатди.

Тўқаев бу вазифани бажаришда реал молиялаштириш манбалари ва замонавий технологияларга таянишини айтди. Шунингдек, у «Янги жамоавий иқлимни молиялаштириш мақсади» (NCQG) доирасида табиий ўзгаришларга мойил бўлган ҳудудларга, айниқса денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид