Калтак еган болага тасалли беришибди:
- Йиғлама болакай, калтак яхши нарса жаннатдан чиққан.
- Яхши нарса бўлса жаннатдан чиқмасди – дебди бола зўрға ўзини йиғидан тўхтатиб.

Хавотир билан кутган ўйинда барибир биз қўрққан нарса содир бўлди. Гарчи рақиб гуруҳ босқичида ютқазиш тугул ҳали бирор марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмаган Эрон бўлса ҳамки, бу мағлубият жуда аламли. Назарий томондан гуруҳда иккинчи ўринни олиш учун ҳали имконият бор. Плей-оффда барчасини ижобий томонга ўзгатиришимиз ҳам мумкин. Аммо бу мағлубият вазиятни  бироз чигаллаштирди. Бу ўйинда Эрондан очко олишимиз стратегик томондан ҳам жуда муҳим эди. Чунки, Эрон очко йўқотган тақдирда мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттирарди. Афсуски, энди форслар учун қолган икки учрашув шунчаки расмиятчилик мақомида ўтади. 

Самвел Бабаян Эронга Тошкентда ютқазганидаёқ босим остида қолганди. Кейинги ўйинда Хитой устидан ғалаба қозониб, Жанубий Кореяга катта иштиёқ билан йўл олганди. Бироқ Бабаян шогирдлари ҳисобда олдинда бораётиб, якунда мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишганди. Кейин Малайзияда кутилмаганда Сурияга имконият бой берилгач, менежерликдан мураббий бўлишни уддалаган мутахассисга бўлган ишонч жуда камайиб кетди. Йўқотилган очколар ва тинимсиз танқидлар натижасида Бабаяндаги босим янада ортди. Теҳронга жўнаш олдидан бунга яна икки фактор ҳам қўшилди. 2012 йил ноябрда Миржалол Қосимов қўл остида терма жамоамиз Теҳрондан ғалаба билан қайтганди. Доим Абрамов ва Қосимовнинг фаолияти билан солиштиришлардан чарчаган мураббий 5 йил олдингидек ижобий натижага эриша олмаса, унинг терма жамоага муносиб эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгандан-кўпаярди. Бабаянинг зиммасида “агар унинг ўрнида Қосимов бўлганида ҳаммаси бошқача бўларди” дегувчиларнинг овозини ўчиришдек мураккаб вазифа ҳам турарди. Иккинчидан, терма жамоанинг етакчи футболчилари Виталий Денисов ва ушбу саралаш босқичида энг кўп (2та) голимизни урган, ҳозирда яхши спорт формасида бўлган Марат Бикмаевнинг жароҳати туфайли таркиб оптимал кўриниш олмади. Энг катта йўқотиш мана шу икки футболчи эди. Шундай бир мураккаб пайтда Самвел Бабаян Теҳронда ғалаба қозониб, туб бурилиш қилишга ҳаракат қилди. Шу сабабли икки нафар марказий ҳужумчини бошланғич таркибда майдонга туширди. Теҳронда гуруҳ пешқадами Эрон терма жамоасига қарши очиқ футбол таклиф қилди. Гуруҳдаги вазиятдан келиб чиқсак, аслида дуранг ҳам биз учун ёмон натижа эмасди. (Сурия билан Малайзияда ўтган ўша ғалати ўйинни эсланг. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида футболчиларимиз ҳужумга зўр беришганди. Ҳужумда тўп йўқотиш сабабли қарши ҳужумни ўтказиб юборгандик. Оқибатда ўша пенальти ва чўнтагимизда турган 1 очкодан ҳам қуруқ қолгандик. Ўзи бу Бабаян деганларининг шахсий луғатида ДУРАНГ сўзи борлигига шубҳам бор).