Жамият | 16:34 / 17.06.2017
11914
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда жисмоний имконияти чегараланган хотин-қизлар рағбатлантирилди

Юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар ўтаётган бир пайтда жисмоний имконияти чегараланган инсонлар ва кам таъминланган оилаларнинг моддий аҳволини яхшилаш, уларни доимий иш билан таъминлаш, имтиёзли турар-жой билан таъминлаш масалалари ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборидан қолгани йўқ.

Бугун Самарқанд вилоят ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда президентнинг давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов ва вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Туробжон Жўраев жимсоний имкониятлари чекланган хотин-қизларни ва кам таъминланган оила аъзоларини иш билан таъминлаш ҳақида чиқиш қилиб, уларнинг айримларига президент совғаларини тарқатишди.

Тадбирда сўзга чиққан Т.Худайбергенов, аввало, Самарқанд вилоятидаги халқ қабулхоналари фаолиятидан мутлақо қониқмаётганини айтиб ўтди. Тошкентга етиб бораётган ариза-шикоятларнинг энг кўпи Самарқанд вилоятидан эканлиги таъкидланди.

Сўнгра Т.Худойбергенов давлат дастурига кўра, вилоятдаги ногирон ва кам таъминланган хотин-қизларга моддий ёрдам сифатида тикув машинаси тақдим этиш, улар пахта мавсумигача этак, тарозибон атрофига тўшаладиган ва трактор тиркамаларига ёпиладиган автошолча, қоп, бўз тикиб, касаначилик билан шуғулланиши ҳақида гапириб берди.

Бунинг учун уларга давлат томонидан тикув машиналари текин берилиши, шунингдек, хомашё материаллари ҳам текин етказилиб турилишини, касаначиларнинг ишлаб топган пуллари эса «Халқ банки»да очилган пластик карточка ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши слайд орқали, мисоллар билан тушунтириб берди. 

Бундай тадбирлар аллақачон бир қатор вилоятларда, Қорақалпоғистон Республикасида самарали йўлга қўйилгани таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, жисмоний имконияти чекланган касаначилар нафақат пахта мавсумидаги буюмлар, шунингдек, темирйўлчиларга нимча ва қўлқоплар, вилоятдаги шифохоналарнинг 1100 ўрни учун чойшаб, ёстиқ каби гигиена воситаларини тикишни ҳам ўз зиммасига олиши тушунтирилди.

Сўзга чиқар экан, вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Т.Жўраев шу йилнинг ўзида 314 нафар ногиронга ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди. «Ҳозир уларнинг 21 нафарига тикув машиналари тарқатилади, 11 нафарининг уйига кечанинг ўзидаёқ хомашё материалларигача етказиб берилди, — деди Т.Жўраев ва давом этди: — 40 дан ошиқ ногиронга аравачалар, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари тарқатилди».

Вилоят «Пахтасаноат» уюшмаси аллақачон тайёрланадиган маҳсулотлар ҳисобидан «Қишлоққурилишинвест» ҳисоб рақамига 252 миллион сўм ўтказгани, бунинг эвазига 21 нафар кам таъминланган ва жисмоний имконияти чегараланган энг илғор касаначиларга 2018 йили қуриладиган намунали уйлардан ажратилишини таъкидлаб ўтди Т.Жўраев.

Касаначиларга тикув машиналарини топшириш маросимида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғофурова ҳам иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан касаначилардан Иштихон туманидан Гулзора Маманова бундай имконият учун давлатимиз раҳбарига ва мутасаддиларга катта ташаккур билдириб, уларнинг юксак ишончларини оқлашга ваъда берди.

Пайариқ туманидан келган Барно Алиқулова эса икки фарзанди билан шу пайтгача анча қийналиб кун кўргани, касаначилик ортидан ишлаб топган пулларига оёқ протезини алмаштириши, шунингдек, намунали уй-жойлардан бирини қўлга киритишни мўлжаллаётганини билдириб ўтди.

Нарпай туманининг Тоткент маҳалласидан келган Соҳиба Қувонованинг онаси қизалоғининг жуда тиришқоқ ва меҳнаткашлигини, унга билдирилган ишончни ортиғи билан уддалашини таъкидлаб ўтди.

Тадбирни ҳамма кўтаринки руҳ билан тарк этди. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган чеварларимизнинг шодлигининг чеки йўқ эди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Кун.уз мухбири.

Мавзуга оид