Илғор келишувларсиз Мирзиёев Бишкек ва Душанбега давлат ташрифи билан боришга шошилмайди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришганидан сўнг, биринчи навбатда, энг яқин қўшнилар — Туркманистон ва Қозоғистонга, сўнгра стратегик ҳамкорлари — Россия ва Хитойга ташриф буюриб, ташқи сиёсий алоқаларни фаол ўрнатмоқда. Экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатлари ҳам сезиларли даражада яхшиланган, бироқ Ўзбекистон президенти хориждаги йирик саммитлар доирасидагина уларнинг етакчилари билан учрашиш билан кифояланиб, ҳозирча бу республикаларга ташриф буюришга шошилмаяпти, деб ёзади «Содружество» матбуот-клуби.
Мустақил эксперт Бахтиёр Эргашев
Тошкентлик мустақил эксперт Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбариятининг дастлабки ташқи сиёсий одимларига мамлакатлар орасидаги кучсиз иқтисодий алоқалар, шунингдек, Қирғизистондаги президентлик сайловлари олдидан ноаниқ сиёсий вазият ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган.
— Фикримча, бунга сабаб бир нечта. Биринчидан, ва бу асосийси — Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти томонидан қўшни мамлакатлар билан янада интенсив иқтисодий ва сиёсий муносабатлар ўрнатишга бўлган сиёсати ўта прагматик. Бу ҳол Ўзбекистон сиёсати учун ҳам характерли ҳисобланади. Ўзбекистон учун Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитой йўналишида ҳаракатларни фаоллаштириш — ўзаро товар айланмасини кўпайтириш, Ўзбекистонни тезкор саноатлаштириш сиёсати доирасида турли соҳаларда муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш масалаларини ҳал қилиш демакдир.
Иккинчидан, бу транспорт-коммуникация соҳасида минтақа мамлакатлари ҳамкорлигини интенсивлаштириш, ишлаб чиқарувчиларимиз учун транспорт харажатларини пасайтириш, транзит даражасини ошириш ва ҳ.к.ларни назарда тутади. Ва бу йўналишда маълум бир силжиш кўзга ташланмоқда.
Яъни, бу масалалар шу мамлакатлар билангина биргаликда ечилиши мумкин эди ва улар Ўзбекистон президентининг ташрифи давомида ечилди ҳам.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Қозоғистон билан ўзаро муносабатларидаги маълум мураккабликлар ҳисобга олинса, сўнгги йилларда биргаликдаги ҳаракатлар ва ўзаро ҳамкорлик масалаларида маълум бир ижобий тренд кўзга ташлана бошланганди.
Масалан, 2011 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларда илиқлашиш, айниқса транспорт-коммуникация соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш даври бошланди. Ўша даврда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов ва Туркманистон президенти ўртасидаги учрашувлар, ўшанда имзоланган келишувлар энг муҳим параметр ҳисобланади. Хусусан, «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон» транспорт йўлагини шакллантиришни олайлик. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда ҳам, айниқса 2012 йилда стратегик шериклик ҳақидаги Шартнома имзолангач, шундай тренд кўзга ташланиб турувди.
Бундан ташқари, икки муҳим жиҳатни алоҳида қайд этмоқ жоиз:
1. Ўзбекистон Туркманистон ва Қозоғистон билан биргаликда Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар ҳисобланади ва уларнинг минтақада сувни бўлишиш ва ундан фойдаланиш масалаларидаги қарашлари муштарак. Бу эса жуда муҳим.
2. Давлатлар ўртасида ҳали нолинчи йиллардаёқ давлат чегараларини делимитизация ва демаркация қилиш масалалари тўлиқ ҳал қилиб бўлинган (маълум бир участкалардаги кичик тавофутлар ҳисобга олинмаса).
Тожикистон ва Қирғизистонга тўхталсак, бу масалаларда вазият бутунлай тескари. Жиддий зиддиятлар ҳамон сақланиб турибди. Айниқса, сув-энергетика масалаларида. Минтақанинг асосий икки дарёси қуйи қисмида жойлашган давлатлар фикрини ҳисобга олмасдан, сувдан фойдаланиш ва улкан гидротехник объектларни барпо этиш масалалари — давлатлараро муносабатларда жиддий таранглик омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларидаги делимитизация ва демаркация масалалари ҳанузгача тартибга солинмаган, бу ҳам давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга раҳна солиб турибди.
Энг асосийси — Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан ўзаро савдо ҳажми бўлиб турибди ва у Ўзбекистон президентининг ушбу давлатларга давлат ташрифи билан бориши масалаларини тезлаштириш учун аҳамиятли маъно касб этмаяпти.
Боз устига, Қирғизистонга нисбатан шу йилнинг кузида бўлиб ўтиши мўлжалланаётган президентлик сайловлари омилини ҳам ҳисобга олиш зарур. Қирғизистон Республикаси ички сиёсий ҳаётининг ўзига хос хусусияти шундайки, бугун эришилган келишувлар кузда сайловда ғолиб чиққанлар томонидан амалга оширилмаслиги ҳам мумкин.
Кўриниб турибдики, расмий Тошкент, Бишкек ва Душанбе ўртасидаги муносабатларда бир қатор жиддий қарама-қаршиликлар сақланмоқда.
Ҳозир эса чегаралар, сувдан фойдаланиш ва сувни бўлишиш каби нозик масалаларда ўзаро мақбул ечимларни топиш борасида (кўпинча, барчага эълон қилинмаётган) биргаликда жиддий ишлар олиб борилмоқда. Бугунга келиб чегараларни делимитизация қилиш, сувни бўлишиш борасида биргаликдаги икки томонлама комиссиялар иши фаоллашгани кўзга ташланмоқда, ўзаро савдо ҳажмининг ўсиш динамикасида ҳам маълум бир ижобий ўзгаришларни кузатишимиз мумкин.
Давлат ташрифлари эса шунчаки хўжакўрсинга амалга оширилмайди. Агар савдо-иқтисодий ҳамкорлик, чегара ва сув борасида ўзаро сезиларли масалалар бўйича жиддий, кўпинча, кескин олға силжитувчи келишувларга эришилмас экан — Ўзбекистон сўнгги чорак аср мобайнида шаклланган, асоси прагматизм ва иқтисодий юксалиш бўлган сиёсий услубидан келиб чиқиб, давлат ташрифларини ташкиллаштириш масалаларини тезлаштирмайди.
Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатидаги устуворликлари аллақачон белгилаб олинган ва равшан. Ана шундан келиб чиқиш керак.
Евгений Погребняк тайёрлади.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
17:05 / 04.11.2024
Ўзбекистон президенти Қирғизистондаги ТДТ саммитида иштирок этиши кутилмоқда
12:30 / 02.11.2024
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси дипломатик миссиясини якунлаяпти
17:51 / 01.11.2024