Пойабзал қутисида дори олиб кирмоқчи бўлганлар фош этилди
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан йирик миқдордаги дори воситалари ва тиббий буюмларни яширин йўллар билан олиб кирилишига доир бир нечта божхона қоидабузарликларини фош қилинди, деб хабар бермоқда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати.
Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Москвадан учиб келган фуқаро Ж.Реймовга тегишли бўлган багаж божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида тақдим қилинмаган 23 турдаги 3389 дона дори воситалари ва 4 турдаги 8 дона биологик актив қўшимчалар борлиги аниқланди.
Экспертиза хулосаларига кўра, мазкур дори воситалари Ўзбекистон Республикасида Тиббиёт амалиётида қўлланишга рухсат этилган дори воситалари Давлат реестрига киритилмаганлиги боис, уларни сотиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган. Биологик актив қўшимчалар эса тегишли сифат ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги боис фойдаланиш учун яроқсиз, деб топилди.
Ашёвий далил сифатида олинган мазкур дори воситалари ва биологик актив қўшимчаларнинг умумий баҳоси 84 млн. сўмдан ошар экан.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Ж.Реймовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
“Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаролар Г.Ашимова, Ч.Полвонова ҳамда Ж.Олтибоевлар ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилинмаган дори воситаларини багажлардаги болалар оёқ кийимлари қутилари орасига яширганча олиб кирмоқчи бўлишди.
Аммо, бу қинғир режа уларга наф бермади. Г.Ашимова 1000 дона, Ч.Полвонова салкам 1200 дона ва Ж.Олтибоев 1,5 минг донадан ортиқ конвалютада 3 турдаги дори воситаларини олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган мазкур дори воситалари ва 30 жуфт болалар оёқ кийимларининг умумий қиймати эса салкам 148 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Эслатиб ўтамиз, республикада жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари, шунингдек 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.
Бу жараёндаги энг муҳим талаблардан яна бири шундаки, божхона чегаралари орқали шахсий мақсадларда олиб ўтилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.
Мавзуга оид
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
12:30 / 10.10.2024
Дориларнинг постмаркетинг назорати ўтказилади
14:00 / 04.10.2024
Тўрт ҳудудда кучли дори воситалари савдоси фош этилди
21:29 / 27.09.2024