Содиқ Сафоев: "ШҲТ - кенг минтақа халқларининг юзага келган муаммоларга нисбатан муштарак жавоби"
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) асримизнинг тенгдоши. У инсоният ниҳоятда муҳим даврга ўтаётганида тузилди, десак хато бўлмайди. ШҲТ ташкил этилганда инсониятнинг глобаллашув жараёни шиддат билан ривожланган. Илгариги геосиёсий тузилмалар қулаб, янги таҳликалар пайдо бўлган бир даврда ШҲТ - бизнинг кенг минтақамиз халқларини юзага келган муаммоларга нисбатан муштарак жавоби, деб айтсак бўлади. Олий Мажлис Сенатининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 21 июнь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда шундай баёнот билан чиқди. Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбири шу ҳақида маълум қилди.
"Муаммоларнинг аксарияти бугун халқаро кўламдаги таҳликалар - халқаро терроризм, наркобизнес, экстремизм, уюшган жиноятчилик натижасидир - булар халқаро миқёсдаги таҳликалар бўлганидан кейин уларга нисбатан жавоб ҳам кўп томонлама, яъни бир неча давлатлар хатти-ҳаракатларини ўз ичига қамраб оладиган дастурлардан иборат бўлиши керак. ШҲТ айнан шундай ташкилот, у бугунги кунда ҳар бир инсонни безовта қиладиган муаммоларни ечишга қаратилган бир тузилмадир" - дейди спикер.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона саммитидаги нутқида охирги 16 йил мобайнида ШҲТ дунё ҳамжамиятининг энг нуфузли, обрўли ва бугунги кунда тинчлик, барқарорлик учун курашаётган энг муҳим, кўп томонлама тузилмалардан бирига айланганини таъкидлаган. Бугунги кунда ШҲТга жуда катта эътибор қаратилмоқда, нафақат унга аъзо давлатлар, балки кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар - Мўғулистон, Афғонистон, шунингдек ҳамкор давлат мақомига эга бўлган Озарбойжон, Непал давлатлари, халқаро ташкилотлар ҳам шулар жумласидандир. Масалан, Остонада бўлиб ўтган саммитда БМТ бош котиби Антонио Гуттериш ҳам иштирок этди.
"Остонадаги ШҲТ саммити якунларини ҳеч муболағасиз тарихий аҳмиятга эга бўлган форум деб айтсак бўлади. Биринчи бор ШҲТ сафи кенгайди. Икки буюк давлат - Ҳиндистон ва Покистон тўлақонли аъзо сифатида ташкилотга қабул қилинди. Бугун ШҲТнинг кўлами 3 миллиард кишини ўзига қамраб олган ҳудудларни бирлаштиради.
Албатта, минтақавий буюк давлатларнинг бу ташкилотга келиши яна бир бор ШҲТ мавқеини ва унинг дунёдаги таъсирини кўрсатмоқда.
Ўйлайманки, ШҲТнинг Остонадаги саммитидаги аҳамиятли жиҳатларидан бири - Президент Шавкат Мирзиёевнинг ундаги иштироки бўлди. Бу Ўзбекистоннинг янги Президентининг энг юқори даражали учрашувдаги биринчи иштироки ҳисобланади ва бу кенг халқаро жамоатчилик ва экспертлар эътиборини жалб қилди.
Таъкидлаш жоизки, ШҲТ фаолиятида қатнашиш, унинг платформасидан Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш, ҳимоя қилиш учун фойдаланиш ҳозир янгиланган Ўзбекистон ташқи сиёсатига тўлиқ мос келади.
Остона саммити якунлари бўйича 11 та ҳужжат қабул қилинган бўлса, Ўзбекистон Президентининг илгари сурган ташаббусларидан биттаси ҳам четда қолгани йўқ, уларнинг ҳар бири ҳужжатларда ўз аксини топган. Кенг халқаро ҳамжамият, экспертлар ва ОАВда Ўзбекистон Президентининг нутқига эътибор алоҳида бўлди ва у юқори баҳоланди", - дея сўзларини якунлади С.Сафоев.
Мавзуга оид
16:39 / 02.12.2024
“Ташқи сиёсат концепцияси ёпиқ бўлиши мумкин эмас” — Содиқ Сафоев
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
17:01 / 08.11.2024
Туркий давлатлар ташкилотининг янги байроғи қабул қилинди
17:21 / 06.11.2024