“Ташқи сиёсат концепцияси ёпиқ бўлиши мумкин эмас” — Содиқ Сафоев
Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистоннинг амалдаги ташқи сиёсий фаолият концепцияси жамоатчилик учун очиқлигини айтди. “Қаердан олдингиз ёпиқлигини?” деди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда. Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжат ёпиқлигини расман тасдиқлади. Концепциянинг янги таҳрири ҳам тўлиқ ёпиқ бўлиши мумкин.
2 декабр куни Тошкентда фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди. Тадбирларда Олий Мажлис вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Ҳафталик доирасида журналистларга интервю берган Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz мухбирининг ташқи сиёсат концепцияси янгиланиши, амалдаги ҳужжат ёпиқ қолаётгани ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Ёпиқ эмас. Очиқ [манбалар]да бор. Қаердан олдингиз ёпиқлигини? Доктрина ёпиқ бўлиши мумкин эмас. Концепция очиқ эълон қилинган, парламентда муҳокама қилинган. Депутатлар уни қабул қилишган, ҳаммамиз иштирок этганмиз унда. Жамоатчилик билан муҳокама қилинган.
Лекин ҳозир вазият шиддат билан ўзгариб боряпти. Тушунарлики, Ўзбекистон ташқи сиёсий ёндашувлари, қарашлари, тамойиллари ҳам ўзгариши керак. Шунинг учун ҳозир мутахассислар томонидан, бизда ташқи сиёсий фаолият кенгаши бор, шу ерда бу иш олиб бориляпти. Ҳозирги замон муаммоларига нисбатан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай ўзгариши керак, деган саволга шу концепция жавоб беради.
Кейин, у қонун сифатида қабул қилиниб, бизнинг ташқи сиёсий фаолиятимизнинг механизмларини, мақсадларини аниқлаштириб беради”, – деди Содиқ Сафоев.
“Ҳужжат расман ёпиқ”
Сафоев ташқи сиёсий фаолият концепцияси очиқ манбаларда борлигини айтган бўлса-да, лекин бундай эмас.
Lex.uz'да фақатгина эски концепцияни кўриш мумкин. Бу концепция 2012 йил 14 сентярдан ўз кучини йўқотган. Янгиси эса очиқ тарзда порталга жойланмаган.
Адлия вазирлиги матбуот котиби қонун нима учун Lex.uz'да йўқлиги борасида изоҳ бермади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси” 2012 йил 10 сентябрда қабул қилинган ва расман ёпиқ ҳужжат. 2018 йилда ушбу ҳужжатга ўзгартиришлар киритилган.
“Ҳужжат расман ёпиқ, шу сабабли очиқ манбаларда йўқ. 2025 йилда янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Унда ҳам айрим қисмлари очиқ бўлади ёки тўлиқ ёпиқ бўлади. Буни маслаҳат қиляпмиз”, – деди ТИВ матбуот котиби.
“Янги концепцияда логистика коридорларини ривожлантириш ҳам ўз аксини топади”
Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев юқоридаги интервю давомида ташқи савдода шимолий транспорт коридорларидан бошқа йўналишларга ҳам ўтиш ҳақида сўз юритди.
“Бизга альтернатив йўллар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Чунки бизнинг ҳолатимизда савдо-экспорт юкларининг 50 фоизгача нархи транспорт юкламалари ҳисобига тўғри келмоқда. Бу – дунёда [нархларнинг] транспортга [шу даражада] боғлиқлиги бўйича ягона минтақа. Ҳозирда биз фойдаланаётган энг яқин денгиз порти 3 минг км узоқликда. Жанубий ва шарқий йўналишда йўллар барпо этилса, бу муаммо бир неча баробар енгиллашади.
Масалан, ҳозир портга 20-22 кун вақт кетса, трансафғон йўналиши очилса бу 2-3 кунга қисқаради. Бунинг эвазига халқнинг моддий фаровонлигига ҳам таъсир қилади.
Ҳозирда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш бошланди. Кўп йиллар бунга тўғоноқ бўлиб турган омиллар ечилди. Бунга қарши бўлиб турган кучлар билан муросага етишилиб, ахийри бу амалий ҳал бўляпти.
Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Европа йўлагини барпо этиш борасида ҳам катта ишлар олиб бориляпти. Бу борада Ўзбекистон Қозоғистон ва Озарбайжон билан алоҳида-алоҳида иттифоқчиликка доир шартномага имзо чекди. Бу Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий учбурчак пайдо бўлганини кўрсатади. Бу [иттифоқнинг] биринчи йўналишларидан бири – транспорт йўлакларини ривожлантиришдан иборатдир.
Хулоса ўрнида, Ўзбекистон учун шимолий ҳам, жанубий ҳам, барча йўналишлар муҳим. Буларни ривожлантириш масаласи шубҳасиз Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий фаолият концепциясида ўз аксини топади”, – деди Сафоев.
Мавзуга оид
14:17 / 26.11.2024
Бахтиёр Саидов яҳудий раввиннинг ўлими муносабати билан Исроил элчисига ҳамдардлик билдирди
21:15 / 24.11.2024
“Ёпиқ ҳужжат яна ёпиқ тарзда қабул қилинмаслиги керак” — ташқи сиёсат концепцияси ҳақида экспертлар билан суҳбат
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
19:03 / 18.11.2024