Жаҳондаги энг ақл бовар қилмас ташландиқ нарсалар маскани
Инсоният чиқинди билан тобора қопланиб бормоқда. Гарчи Wall-E мультфильми муаллифлари фантазияси — сайёрамиз улкан чиқиндихонага айланиб қолгани, ундан ҳаттоки инсонлар қочиб кетгани — ҳанузгача хаёлот маҳсули бўлиб қолаётган эса-да, Ер куррасида чиқинди миқдори йил сайин кўпайгандан кўпайиб бораётгани ҳақиқат.
Бироқ чиқиндининг ҳам чиқиндидан фарқи бўлар экан. Агар оддий маиший чиқинди уюми — кундалик кўзга ташланиб юрган нарса бўлса, баъзи бир чиқитга чиқарилган нарсалар сақланадиган махсус масканларнинг борлигининг ўзи ақл бовар қилмас ҳол. Бироқ улар мавжуд, деб ёзади Aquatek-filips.livejournal.com.
Америкадаги шиналар буюк чиқиндихонаси
1950-йилларда Эд Филбин исмли қай бир америкалик қачондир, куни келиб, эски шиналар пул бўлишини тахмин қилиб, уларни тўплай бошлайди.
30 йил ичида у деярли 42 миллионта фойдаланилган шинани тўплашга муваффақ бўлади — уларнинг бариси Калифорниядаги №5-шоссе яқинида ҳеч кимга, ҳаттоки маҳаллий ҳукуматга ҳам халақит бермасдан уюлиб ётарди.
1980-йиллар охирига келиб Филбин «қора олтин» дейилганда эски шиналар назарда тутилмаганини англаб етган шекилли, ўзининг 42 миллионта шинасини (лекин улар остидаги ерни эмас) қандайдир хусусий компанияларга сотади, улар эса эски резиналарни ёқиб, электр-энергияси ишлаб чиқаришда фойдалана бошлашади.
Шундаги лойиҳа маҳаллий ҳукуматнинг эътиборига тушади — уларга завод резиналарни ёқиб, ҳавони дудга тўлдираётганидан норози бўла бошлашади. Улар, шунингдек, шиналар чиқиндихонаси бетартиб эканлиги, ҳар қандай ёнғин қўрқинчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан ҳам ташвишлана бошлашади.
Шундай бўлиб чиқди ҳам — 1989 йил охирида чиқиндихонани яшин уриб, ёнғин бошланиб қолди. Шиналар бир ой давомида ёниб, тутаб турди, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмади — ўт ўчирувчилар ҳам бу ёнғинга қарши ожиз қолишди.
Алал-оқибатда миллионлаб шиналар электр энергиясига айланмасдан куйиб кул бўлди.
Филбин эски шиналар йиғиш одатини яна бошламоқчи бўлганда, ҳукумат унинг бу хатти-ҳаракатига дарҳол тўсиқ қўйиб, суд орқали бечорани бир нечта даъво аризаси билан кўмиб қўя қолишди.
Чернобиль. Заҳарланган техникалар тураргоҳи
Чернобиль АЭСда юз берган фожиани ҳамма билади, унинг оқибатларини бартараф этиш учун нималар қилингани, қанча инсон ва бошқа ресурслардан фойдаланилганидан ҳам аксарият хабардор.
Лекин ҳалокат оқибатларига қарши курашилган техниканинг тақдири нима бўлганидан ҳамманинг ҳам хабари бўлмаса керак.
Унинг энг заҳарланган қисми техника қабристонларига кўмилади ёки АЭСнинг зарарланган қисми ёпилган саркофаг асосига жойлаштирилган. Бироқ машина ва вертолётларнинг катта қисми яқин-яқингача (ўнлаб йиллар мобайнида!) Украинанинг Рассоха қишлоғи яқинидаги махсус тураргоҳда сақланган.
Машиналар жойлаштирилган улкан дала ўта ташвишли таассурот қолдиради. Баъзи бир манбалар барча техника йўқ қилинганини таъкидласа-да, Google Maps фотосуратлари у ҳамон мавжудлигини тасдиқлаб турибди.
АҚШдаги самолётлар қабристони
Аризонадаги (Тусон, Девис-Монтен авиабазаси) фуқаролик ва ҳарбий самолётлар қабристони жаҳондаги энг йирик авиация қабристони унвонига даъвогарлик қилади.
Унинг юзаси 6500 гектардан кўпроқни ташкил этади ва унда 40 дан зиёд турли космик аппаратлар ва 4 мингдан зиёд самолётлар секин-аста вайрон бўлмоқда.
У иккинчи жаҳон урушидан кўп ўтмасдан пайдо бўлган ва самолётлар сақланадиган ўзига хос музей даражасига етган. Унинг учун самолётларни олдиндан тайёрланмаган ҳолда сақлаш имконини берувчи қуруқ иқлимли, замини қаттиқ жой танланган.
Мутахассисларнинг баҳолашларича, Аризона қабристонида мавжуд жамики объектларнинг нархи 35 миллиард долларга тенг.
Швециядаги гигант ёғоч уюмлари
2005 йилнинг январида Шимолий Европага ёпирилган Гудрун (Эрвин) бўрони Швеция ва Данияда ҳақиқий фалокатни келтириб чиқарди — табиий офатнинг асосий кучи мана шу икки давлатга тўғри келди.
Ушбу бўроннинг кутилмаган оқибати шундан иборат бўлдики, у йиқитилган дарахтлар сақланадиган дунёдаги энг йирик жойга асос солди.
Батартиб шведлар бўрон қулатган дарахтларнинг катта қисмини Бюхольм шаҳри яқинида бир жойга тўплай бошлашди ва бир километр узунликда, ғўлалар тахланган улкан омбор яратишди.
Унда энг кўп йиғилган ёғочларнинг умумий ҳажми 75 миллион куб метрга тенг бўлган. Ёғочларни йўқ қилиш 2008 йилда бошланган ва ҳанузгача якунига етказилгани йўқ.
Шишали соҳил — шиша парчалари сақланадиган энг катта ҳудуд
Кўпчилик болалар денгиз соҳилида турли ва ранг-баранг шиша бўлакларини излаб топиш билан машғул бўлишади. Бундай шишаларнинг тиғи бўлмайди, денгиз тўлқини йиллар давомини уни йўниб, сайқаллаб, думалоқ, силлиқ ва хавфсиз кўринишга келтириб қўйган. Бироқ АҚШда мана шундай шиша парчалари тиқилиб ётган жой бор.
Шимолий Калифорниядаги бу пляж Sea Glass Beach деб аталади ва у Форт-Брэгг шаҳри яқинида жойлашган.
Албатта, шиша парчалари ўз-ўзидан соҳилда пайдо бўлиб қолмаган. Гап шундаки, қояли денгиз соҳилидан XX аср ўрталарида чиқиндихона сифатида фаол фойдаланилган. Бошқа нима қилиш ҳам мумкин, у ерда чўмилиб бўлмаса, ҳаммаёқ тош-шағал бўлса?
Чиқиндини эса қаёққадир гумдон қилиш керак-ку? Маҳаллий аҳоли бу чиқиндигоҳ билан кўпам ади-бади айтиб ўтиришмаган, вақти-вақти билан унга ўт қўйиб туришган — янги чиқиндиларга жой очилиши учун.
Ўз-ўзидан тушунарлики, шиша ўтда ёнмайди ва тез орада пляж маиший шиша синиқлари билан қопланган-қолган, у эса вақт ўтиши билан денгиз сувида ювилиб, силлиқланган ва кичик шиша тошчаларига айланган.
Ажойиб кунларнинг бирида ҳукумат чиқиндихонани ёпган, қолган чиқиндиларни ё денгиз ювиб юборган ёки қушлар талаб кетган. Шишалар эса... ўз жойида қолган. Бугунги келиб у ерда яланг оёқ ҳам юриш мумкин. Чунки учли, оёққа қадалувчи шишалардан асар ҳам қолмаган.
Улкан кемалар қабристони
Читтагонг — катталиги жиҳатидан Бангладешнинг иккинчи шаҳри ва жанубий-шарқий Осиёдаги энг йирик бандаргоҳлардан бири ҳисобланади.
У яна гигант кемалар қабристони билан ҳам машҳур, ҳар йили унга эгалари томонидан шунчаки ташлаб кетилган ўнлаб янгилари қўшилиб туради.
Кема эгаларига ҳам яхши, улар фойдаланиб бўлинган кемани йўқ қилиш учун қўшимча харажатдан фориғ бўлишади.
Маҳаллий аҳоли учун эса бу кемалар битмас-туганмас даромад манбаи ҳисобланади — уларнинг ичидан мумкин бўлмаган ҳамма нарсани ташиб чиқиб кетишади.
Бу инсонларнинг бизнеси ўзига яраша хатарли — чиқиндихонада ҳар йили бахтсиз ҳодисалар туфайли ўнлаб инсонлар қурбон бўлади.
Ҳукумат ўзини йиллар мобайнида бу чиқиндихона уларга ёқмаётгандек тутиб келмоқда, лекин пора эвазига бу ерда бугун ҳам кераксиз кемани бемалол қолдириб кетиш мумкин.
Мавзуга оид
22:27
Мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик авиаҳалокатлар санаб ўтилди
21:32
Azerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатида 38 киши вафот этди
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024