Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон миллий валютаси – сўмнинг муомалага киритилганига 23 йил бўлди.

Сўмнинг муомалага киритилиши Ўзбекистон пул муомаласи ва ҳисоб-китоблар тизимини ташкил этиш ҳамда республика иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий валюта пул белгиларини муомалага чиқариш ва унинг барқарорлигини таъминлашни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг 1993 йил 3 сентябрдаги 952-ХII сонли қарорига мувофиқ 1994 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта — “сўм“ муомалага киритилди.

Ўшанда 1, 3, 5, 10, 25, 50 сўмлик қоғоз банкноталар ҳамда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийинлик тангалар муомалага киритилган эди. 1997 йилнинг 1 мартидан 200 сўмлик банкнота ҳамда 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилди. 2000 йилнинг 1 июнидан 500 сўмлик, 2001 йилнинг 1 сентябридан эса 1 000 сўмлик банкноталар жорий қилинди.

2005 йилнинг 1 июлида валютанинг 10 йиллиги муносабати билан 100 сўмлик танга истеъмолга киритилди. 2011 йилнинг 1 сентябрида эса 20 йиллик муносабати билан 500 сўмлик танга зарб қилинди.

2013 йилнинг 1 июлидан – 5 000 сўмлик банкнота муомалага киритилди.

Бундан ташқари, 1999 йил 20 октябрдан Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги муносабати билан 25 сўмлик, 2002 йил 1 ноябрдан Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига бағишлаб 50 сўмлик, 2009 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан икки хил кўринишдаги 100 сўмлик металл тангалар муомалага киритилган.

Ва ниҳоят 2017 йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкнотларнинг чиқарилиши тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 10 мартидан қиймати 10 000 сўмга тенг  банкнотлар муомалага киритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 10 000 сўм бўлган пул белгилари 144 х 78 мм. ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган.