Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи биз учун ҳамон энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ёшлар учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Шунга қарамасдан, бу борада муаммолар ҳам оз эмас. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган "Камолот" қурултойида шу мавзуга тўхталди. 

"Юртимизда ишсизларнинг аксарият кўпчилик қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда. Масалан, 2016 йили 477 минг 743нафар ёш йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари ёки 91,8 фоизи иш билан таъминлангани тўғрисида маълумот берилган.

Савол туғилади: бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?

Ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида биз бир қатор чора-тадбирларни кўзда тутмоқдамиз.

Бу борада Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилади. Ана шу кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади.

Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.

Бундан ташқари, ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамларини кўрсатишни йўлга қўйиш лозим. Бу масала бўйича молия вазири Б.Хўжаев ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов бир ой муддатда тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, тақдим этиши зарур.

Шунингдек, тегишли иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бюджет маблағларини икки баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Б.Хўжаев ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев бу масалага масъул ҳисобланади.

Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига топшириқ: ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб берилсин. Бу борада бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериш кўзда тутилмоқда.