"Маълумки, ҳар қандай ислоҳот, хусусан, миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан биз бугун янги ёшлар ташкилотини тузмоқчи эканмиз, шошилмасдан, вазминлик билан иш кўришимиз, бу масаланинг барча ижобий ва салбий томонларини ўзимизга яққол тасаввур қилиб, шундан кейин бир хулоса ва қарорга келишимиз лозим", - деди Ўзбекистон Президенти 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида.

Бу борада аввало бўлғуси ташкилот - Ёшлар иттифоқининг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

"Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боришини ҳуқуқий асосда белгилаб қўйиш даркор. Шу билан бирга, у Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади.

Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ, - деди давлат раҳбари. - Мана, кўриб турибсизлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига қандай катта мақом ва ваколат бериляпти. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таркибий тузилиши ҳақида гапирганда, бир масалага алоҳида аҳамият бериш керак.

Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчилари билан ишлаш учун “Камалак” болалар ташкилоти мавжуд. Шунингдек, ёш тадбиркор ва фермерлар билан иш олиб борадиган Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, истеъдодли ва ижодкор ёшлар билан ишлаш учун Ёшлар ташаббуслари маркази каби тузилмалар ҳам ташкил этилган. Лекин тан олиш керакки, бугун уларнинг аксарияти талаб даражасида иш олиб бормаяпти. Бу тузилмаларнинг фаолиятини жонлантириш, уларга янги мазмун ва руҳ бағишлаш керак.

Шу муносабат билан умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим тизимида “Камолот” нисбатан самарали фаолият олиб борганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тизимдаги “Камолот” ташкилотлари негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бўлимларини ташкил этиш мумкин.

Келгусида эса ёшларнинг хоҳиши ва интилишларига кўра, Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам тузилиши мумкин.